Спорт билан шуғулланишда ўзингизга мосини танлашингизнинг аҳамияти катта. Масалан, ҳар бир ёш вакили учун мўлжалланган спорт турлари мавжуд.
20 ёшда аэробика ёки бошқа фаол турдаги спорт машғулотлари билан шуғулланиш тавсия қилинади.
30 ёшда аёл ўзини ёш ва навқирон ҳисобласа-да, танада содир бўлаётган ўзгаришлар сабаб ортиқча вазнни йўқотиш бироз қийин кечади. Аёл турли парҳезларга қанчалик риоя қилмасин, ортиқча бир неча килограмм ҳеч кетишга чоғланмайди. Бундайлар фаол турдаги спорт машғулотларини бажариши ёки тренажёр залида шуғулланиши лозим. Бу ҳам ортиқча вазнни йўқотишга ёрдам беради, мушакларни мустаҳкамлайди, асабларни тинчлантириб, сокинлаштиради. Тренажёр залида шуғулланишни истамайдиган аёллар учун эса аэробика, рақс, югуриш тавсия қилинади.
40 ёшда аёл аксарият вақтини ўтирган ҳолатда, жисмоний ҳаракатсиз ўтказади. Натижада мушаклар аста-секин ёғ қатламига айланиб боради. Қорнингизни кўрганларнинг хаёлига «ҳомиладормикан», деган фикр келади. Хуллас, ўзингизни тезда қўлга олингу мушакларни мустаҳкамлаб, ортиқча ёғлар билан кураш бошланг. Бунда эса сизга югуриш, юриш, аэробика ва ҳатто велосипед каби спорт машғулотлари ёрдамчи бўлади. «Шу ёшимда бир ками велосипед минишим қолувди», дейдиганларга эса йога машғулотларини тавсия этиш мумкин. Энг асосийси, ҳаракат, ҳаракат ва яна ҳаракат.
50 ёш ва ундан кейин спорт билан шуғулланиш шарт. Чунки бу ёшда аёлларнинг бўғин ва белида оғриқ пайдо бўла бошлайди. Оғриқни бартараф этиш ва бўғинларни ҳимоялаш учун эса сузиш ёки юриш каби машқлар ёрдам беради. Хитойликлар фикрича, секин-аста бажариладиган оддий жисмоний машқлар суякларни мустаҳкамлайди.
Дунё статистикасига кўра, аёлларнинг 70 фоизи спорт билан шуғулланишни вақтни яхши ўтказишнинг энг яхши йўли деб билишса, 50 фоизи мушакларини мустаҳкамлаб, озиш учун шуғулланишади. 30 фоизи эса янги дўстлар орттириш учун спорт билан шуғулланишар экан.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.