1

ТУРК ЭЛЧИСИ ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ МУРОЖААТНОМАСИ ҲАҚИДА ФИКР БИЛДИРДИ

СИЁСАТ 23.12.2017, 16:00
ТУРК  ЭЛЧИСИ ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ МУРОЖААТНОМАСИ ҲАҚИДА ФИКР БИЛДИРДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик Палатаси депутатларига мурожаатномаси халқимиз томонидан катта ҳаяжон билан кутиб олинди. Мазкур нуфузли анжуманда хорижий мамлакатларнинг юртимиздаги ваколатхоналари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари ҳам иштирок этди. Жумладан, Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен "Даракчи" газетасига махсус мазкур мурожаатнома ҳақида ўз фикрларини билдирди:

Дунёнинг кўпгина мамлакатларида давлат раҳбарининг ҳар йили халққа, парламентга мурожаат қилиши аввалдан маълум. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг парламентдаги мурожаатномаси ҳам мамлакатингиз тарихида жуда катта воқеа бўлди дейиш мумкин. Ушбу анжуманни Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги масъул раҳбарлар, хорижий мамлакатлардаги элчилар ҳам бир вақтнинг ўзида кузатиб боришди. Ана шу жараёнда Тошкентдаги бир қатор хорижий дипломатлар билан бирга мен ҳам бевосита иштирок этганимдан мамнунман.

Муҳтарам Президент мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётидаги ислоҳотлар ҳақида сўз юиритиб, бу борада ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларни ҳам танқидий нуқтаи назардан баҳоладилар. Бу албатта мамлакат тақдирида, тараққиётида муҳим ўрин тутади. Зотан, муаммоларни очиқ-ошкор тан олмасдан, чуқур ўрганмасдан туриб, уларни ҳал этиб бўлмайди. Шунингдек, мурожаатда галдаги вазифаларга ҳам алоҳида урғу берилди.

Албатта, тилга олинган муаммолар ўз ечимини топса, Ўзбекистон янада тараққий этади, Президент илгари сураётган 2017-2021 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар стратегиясидаги барча вазифалар ҳам босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилади.

Шавкат Мирзиёев ушбу анжуманда кириб келаётган 2018 йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб номлашни таклиф қилди. Янги йилда бу борада мамлакатингизда кенг қамровли ишлар амалга оширилиши шубҳасиз. Барча соҳалара бўлгани каби ушбу йўналишда ҳам икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Рустам ЖАББОРОВ суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1