1

«ЎҒЛИМНИ СУННАТ ҚИЛДИРГАНДИК, АММО...» БОЛАЛАР УРОЛОГИГА 4 САВОЛ

САЛОМАТЛИК 05.01.2018, 10:26
«ЎҒЛИМНИ СУННАТ ҚИЛДИРГАНДИК, АММО...» БОЛАЛАР УРОЛОГИГА 4 САВОЛ

Ўғил боланинг нафақат тарбияси, балки саломатлигига ҳам ота-оналар алоҳида зийрак ва эътиборли бўлишлари лозим. Оилада ўғил фарзанд туғилдими, уни, албатта, болалар урологига мунтазам кўрсатиб туриш керак. Ана шунда боладаги турли хил яллиғланишлар ва туғма нуқсонлар ўз вақтида аниқланиб, керакли тиббий муолажалар олинади. Ўғил болалар саломатлигига оид саволларга шифокор-уролог Улуғбек ЭРГАШЕВ жавоб беради.


«
ПЕШОБ АЖРАТИШИДА МУАММО БОР»

Ўғлим 6 ёшда. Суннат қилдирганимиздан сўнг олат ёнидаги тешикдан сиядиган бўлиб қолди. Нега бундай? Буни тўғрилашнинг йўли борми?

С.К., Тошкент шаҳри

– Меъёрда бундай бўлиши керак эмас. Менимча, сийдик учун мўлжалланган тешик ўз жойида жойлашмаган. Бу туғма нуқсон бўлиб, тиббиётда гипоспадия номи билан юритилади. Бу ҳолатда сийдик чиқарув тешиги олатнинг учида эмас, ёни ёки пастроғида, баъзан эса моякда жойлашган бўлади. Бу ҳолатга онанинг ҳомиладорлик пайтида қаттиқ грипп билан оғриши, бошқа юқумли касалликлар, мисол учун қизилча, қизамиқ ҳамда баъзи антибиотик ва гормонал дориларни пала-партиш (миқдорини шифокор билан маслаҳатлашмай) қабул қилиш сабаб бўлади. Кейинги пайтларда болада ана шундай нуқсоннинг юзага келишига онанинг ҳомиладорлик пайти сочларини ҳадеб кимёвий бўёқларга бўяши ва соч учун лак воситасини ишлатиши ҳам сабаб бўлиши мумкин, деб тахмин қилишмоқда. Гап шундаки, сочни текислаш ва турмак шаклини сақлайдиган соч учун спрей, лаклар таркибида фталат номли кимёвий модда бор. У эса ҳомила учун ғоят зарарли.

Сизга маслаҳатим, фарзандингизни болалар жарроҳи кўригига олиб боринг. Зарур бўлса, жарроҳлик усули ёрдамида ушбу муаммо ҳал қилинади. Умуман олганда, кестириш муолажасидан аввал ҳар бир ота-она фарзандини уролог кўригидан ўтказиши шарт. Ана шундагина бир қанча нохушликлар ва яллиғланишларнинг олди олинади.

Биласизми:

Кестириш муолажасидан кейин ярага алоҳида парвариш зарур. Агар боланинг тана ҳарорати кўтарилса, қизариш ва кўкариш 2-3 кундаям ўтиб кетмаса, дарров шифокорга мурожаат қилиш зарур. Парвариш пайтида она қўлларини совунда ювиб спиртда ишлов бериб кейингина, болага яқинлашиши мумкин. Агар яра қонаса, суюқлик ажралса, ўша жойларга антибактериал суртма суртилади. Лекин дори-дармонга оид барча тавсияларни фақат шифокор бериши керак.


«
ШИШНИНГ БОИСИ НИМА

Олти ойлик ўғлимнинг жинсий аъзоси қизариб, шишиб кетган. Бунинг сабаби нима бўлиши мумкин?

Ш.К., Тошкент вилояти

– Фарзандингиз эмизикли бўлса, бу сиз истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари (асал, сут, тухум, қаймоқ, балиқ, цитруслилар, пишириқлар)га нисбатанунинг организмининг аллергик жавоби бўлиши мумкин. Баъзан эса ҳар ҳил ифорли гигиеник воситаларни ишлатишҳам шундай оқибатларга олиб келади. Мойчечак дамламасида болани кунига 2 маҳал чўмилтиринг ва, албатта, ўзингиз парҳез қилинг. Агар қизариш ва шиш 3 кунда ҳам ўтиб кетмаса, шифокор-урологга кўриниш керак.



«
КРИПТОРХИЗМ ҚАНЧАЛИК ХАВФЛИ

Шифокорларнинг ташхисини эшитганимдан буён ташвишдаман. Крипторхизмнинг давоси борми?

Н.О., Фарғона вилояти

– Ҳомиладорликнинг сўнгги ҳафталарида ўғил ҳомиланинг тухумлари моякка тушади. Аммо крипторхизм касаллигида тухумларнинг иккиси ёки бири қорин бўшлиғи ёки чов соҳасида қолиб кетади. Одатда, ушбу муаммони ота-онанинг ўзи болани парваришлаётган маҳал сезиб қолади. Бу ҳолатни даволамасангиз хавфли. Чунки келажакда насл кўриш қобилиятига таъсир қилиши мумкин. Ташхис қўйилгач, бир йил давомида бола уролог назорати остида бўлади. Тегишли даволар кор қилмаса, шифокор орхипексия – тухумларни моякка қўйиш муолажасини амалга оширади.


«
БОВУЛ ҚИЛАЁТГАНДА ЙИҒЛАБ ЮБОРАДИ»

– 4 ёшли ўғлим сийганда оғриқ борлигидан додлаб юборади. Бу нима билан боғлиқ бўлиши мумкин?

Р. Д.,Тошкент вилояти

– Бу сийдик йўлларида инфекция борлигидан далолат. Кўпинча бу – цистит (сийдик қопи қаватининг яллиғланиши) ёки бланопостит (олат бошчасининг яллиғланиши) бўлиши мумкин. Циститда оғриқ бола сийиб бўлганида сезилади, баланопоститда эса оғриқ зўридан бола сиёлмайди, оғриқ сийдик ажралиши билан бошланади. Бундай пайтда болага бўймодарон, мойчечак, иттиканак ёки кўк чой дамламасидан тайёрланган ваннада ўтириш ёрдам беради. Боланинг бу ҳолатига аниқ ташхис қўйиш учун шифокор-уролог ёки андрологга кўрсатишингизни тавсия қиламиз.

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1