1

Депутатлар давлат харидлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар

СИЁСАТ 25.01.2018, 20:55
Депутатлар давлат харидлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар

25 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини сифат жиҳатидан ислоҳ этиш жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди, деб хабар беради ЎзА.

Жумладан, парламент аъзолари иккинчи ўқишда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди. Лойиҳа давлат харидларини тартибга солувчи ҳамда амалдаги мавжуд қарама-қаршиликларни ва эскирган нормаларни бартараф этишга қаратилган тўғридан-тўғри таъсир кучига эга ягона қонун ҳужжатини ўзида касб этади.

Қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнида эксперт бирлашмаси билан маслаҳатлар олиб борилди. Депутатлар томонидан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Бош прокуратура, Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлиги, бизнес, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан биргаликда қонун лойиҳаси охирги таҳрири ишлаб чиқилди. Ушбу соҳадаги халқаро тажриба ўрганилди.

Мажлисда таъкидланганидек, маромига етказиш жараёнида қабул қилинаётган қонуннинг амалий аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Коррупцияга қарши курашишга йўналтирилганлик, давлат харидлари бозорида тадбиркорлик субъэктларининг ҳалол рақобатли кураши учун шароитлар яратиш, ушбу соҳада давлат ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини таъминлаш мақсадида давлат харидларини электрон шаклга ўтказиш лойиҳа қоидаларининг муҳим жиҳатларидир.

Шундан сўнг «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди ва Олий Мажлис Сенатига юборилди.

Шунингдек, мажлисда Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1