1

Шавкат Мирзиёев: Халқимиз Биринчи Президентнинг беқиёс хизматларини ҳеч қачон унутмайди

СИЁСАТ 31.01.2018, 14:03
Шавкат Мирзиёев: Халқимиз Биринчи Президентнинг беқиёс хизматларини ҳеч қачон унутмайди

Ҳаммамизга маълумки, шу кунларда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг 80 йиллик таваллуд айёми бутун мамлакатимизда кенг нишонланди.

30 январ куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳрида Ислом Абдуғаниевич хотирасига бунёд этилган ҳайкалнинг тантанали очилиши ва эҳсон маросимида қатнашди. Ана шу хотира тадбирларининг давоми сифатида Самарқанд шаҳрида машҳур Ҳазрати Хизр мажмуаси ёнида Биринчи Президентимизнинг мақбара ёдгорлигининг очилиш маросимида иштирок этиб нутқ сўзлади.

Барчамиз гувоҳмиз: Ислом аканинг вафотларидан сўнг бутун юртимиздан, ер юзининг турли ўлкаларидан бу ерга минг-минглаб зиёратчилар оқиб кела бошлади. Шунинг ўзиёқ мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, мамлакатимизга 27 йил давомида раҳбарлик қилган Биринчи Президентимиз ўзининг буюк тарихий хизматлари билан халқимиз хотирасида, жаҳон жамоатчилиги ўртасида қанчалик ёрқин из қолдирганини кўрсатади.
Ишончим комил, бугун ушбу мақбара очилиши билан зиёратчилар оқими янада кўпаяди. Бу маскан одамлар, айниқса, ёш авлодимизнинг қадами ҳеч қачон узилмайдиган муқаддас зиёратгоҳга, катта тарбия масканига айланади. Кўз ўнгимизда қад ростлаб турган ушбу бетакрор мажмуа, аввало, мустақиллигимиз асосчиси, истиқлолимиз меъмори бўлган муҳтарам Ислом Абдуғаниевичнинг ўлмас хотирасига халқимизнинг чексиз ҳурмат-эҳтироми ва меҳр-муҳаббатининг амалий ифодаси сифатида барпо этилди.

Шунингдек Шавкат Мирзиёев ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилишда муҳим бир жиҳатга алоҳида эътибор беришни сўради.

Мақбара пештоқларига муқаддас Қуръон оятлари ва ҳадис намуналари битилган бўлиб, уларда теран маъно мужассам. Бу илоҳий калималар ҳар қайси инсонни маънавий жиҳатдан покланишга, ҳаётнинг маъно-мазмунини чуқурроқ англашга даъват этиб туради.

Фурсатдан фойдаланиб, Президент ушбу мажмуани барпо этишда иштирок этган меъмор ва қурувчилар, пудратчи ташкилотлар вакилларига, бу хайрли ва савоб ишга ҳисса қўшган барча-барча инсонларга, Самарқанд аҳлига ўз номидан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдирди.

"Мард ва олижаноб, бағрикенг халқимиз мустақил Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовни, ул зотнинг Ватан олдидаги беқиёс хизматларини ҳеч қачон унутмайди", - деб таъкидлади давлат раҳбари нутқининг сўнггида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1