2014 йил 1 майдан бошлаб Давлат божхона қўмитаси Интернет тармоғида янги такомиллаштирилган веб-сайтини ишга туширди. Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
“Uzinfocom” Маркази билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва салкам 1 ой давомида синов режимида фаолият юритган сайтнинг янги версиясида ахборотлар 10 та бўлим ва 80 га яқин саҳифалар орқали фойдаланувчиларга тақдим этилади. Бунда ахборотларнинг тури ва йўналиши алоҳида инобатга олинган.
Энг муҳим жиҳатлардан бири шундаки, сайтга ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва жисмоний шахслар учун фойдали ахборотлар эндиликда алоҳида бўлимларда жойлаштирилган. Шунингдек, сайт орқали кўрсатиладиган 20 га яқин барча интерактив хизматлар ягона “Интерактив хизматлар” бўлимига бириктирилди.
Аввалги сайтдаги “Савол йўллаш” функциясига қўшимча равишда янги версияда божхона масалаларига бағишланган форум ҳам ташкил қилинмоқда. Аниқроғи, интернет фойдаланувчиларнинг давлат божхона хизмати органлари фаолиятига доир саволларига ўз вақтида тезкорлик билан жавоб қайтаришни йўлга қўйиш мақсадида UForum (www.uforum.uz) ижтимоий форумида Давлат божхона қўмитаси учун алоҳида бўлим очилиши ҳамда мазкур бўлимга кириш учун Давлат божхона қўмитаси веб-сайтининг янги версиясига ҳавола жойлаштириш ишлари якунланмоқда.
Веб-сайтдан имконияти чекланган фойдаланувчилар ҳам фойдалана олишлари мумкин. Муҳим жиҳатлардан яна бири сайтнинг мобил версияси ҳам фойдаланувчилар ҳукмига ҳавола қилинмоқда.
Эндиликда жисмоний шахслар божхона чегараларини кесиб ўтиш чоғида тўлдирилиши лозим бўлган Т-6 шаклдаги божхона декларацияси бланкасини Давлат божхона қўмитаси веб-сайтдан кўчириб олишлари ва уни ўзларига қулай бўлган вақтда ва божхона постидан ташқарида (офис, иш жойи ёки уйда) исталган жойда тўлдиришлари мумкин.
Жисмоний шахслар божхона постларидаги баённомаларни тўлдириш устунларида навбат кутиш, ўзлари танлаган тилдаги бланкаларни излаш каби жузъий муаммоларга дуч келишмайди ҳамда йўловчиларнинг вақти тежалади. Т-6 шаклидаги божхона баённомасини электрон шаклда тўлдириш вақтида йўл қўйилган хато ва камчиликларни ўша вақтнинг ўзида тузатиш имконияти мавжуд;
Янги дизайндаги афзалликлардан бири шуки, саҳифаларнинг ишлаш механизмини соддалаштириш, маълумотларни даврий кетма-кетликда жойлаштириш ҳамда саҳифаларда ички рукнларни ташкил этиш имконияти мавжуд. Сайтнинг қидирув тизими ҳам такомиллаштирилган, шу билан биргаликда RSS янгиликлар тасмаси хизмати ҳам мавжуд. Дизайнда божхона хизматининг рамзий яшил рангги устунлик қилади.
Айни пайтда сайтнинг инглиз тилидаги версиясини ишлаб чиқиш устида ишлар давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, божхона органлари фаолиятини Интернет тармоғи орқали ёритишда Давлат божхона қўмитаси 13 йиллик тажрибага эга. Қўмитанинг www.customs.uz веб-сайти илк бор 2001 йилда ташкил қилинган бўлиб, ўтган йиллар давомида 4 маротаба янгиланган.
Сайт фаолияти кенг жамоатчилик томонидан муносиб эътироф этилиб, UZ миллий домени Интернет-фестивалининг “Давлат бошқаруви соҳасидаги энг яхши сайт” номинациясида 2011 йилда 3-ўринни, 2013 йилда 2 ўринни қўлга киритди.
Сайт 2012 йил 6 июнда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан №0902 сонли рақам билан оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган.





