Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган “Тинчлик кенгаши”нинг дастлабки йиғилишида иштирок этди. Тадбир Дональд Трамп раислигида ўтказилди ва унда Озарбайжон, Қозоғистон, Баҳрайн, Индонезия, Аргентина, Қатар, Покистон, Венгрия, БАА, Туркия, Саудия Арабистони, Исроил ва бошқа давлатлар делегациялари раҳбарлари қатнашди.
Йиғилишда Ғазо секторини қайта тиклаш, гуманитар ёрдам кўрсатиш ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон раҳбари саммит чақирилгани учун АҚШ президентига миннатдорлик билдириб, мамлакат “Тинчлик кенгаши” ташаббусини қўллаб-қувватлаши ва уни амалга оширишда фаол иштирок этишини таъкидлади.
Давлат раҳбари сўзларига кўра, мазкур кенгаш Ғазони иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан тиклаш учун муҳим имконият яратади. Шунингдек, Ўзбекистон ушбу ҳудудда уй-жойлар, боғчалар, мактаблар ва шифохоналар қуришга ҳисса қўшишга тайёр экани қайд этилди.
Йиғилиш якунида “Тинчлик кенгаши” фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги декларация имзоланди.






