Бир қатор давлатлар Ғазо секторида ташкил этилаётган Халқаро барқарорлаштириш кучлари (ISF) таркибида иштирок этиш учун ўз ҳарбий бўлинмаларини юборишини маълум қилди. Бу ҳақда Zamon.uz маьлум қилди.
Маълумотларга кўра, Индонезия, Марокаш, Қозоғистон, Косово ва Албания Ғазо секторида хизмат қилиш учун халқаро контингент таркибига қўшин юборишга тайёрлигини билдирган. Шунингдек, Миср ва Иордания полиция кучларини тайёрлаш жараёнида иштирок этишга содиқлигини тасдиқлаган.
ISF кучларини дастлаб Ғазо секторининг жанубий қисмидаги Рафаҳ ҳудудига жойлаштириш режалаштирилмоқда. Ушбу ҳудудда полиция тайёргарлиги ташкил этилиб, кейинчалик кучлар босқичма-босқич секторлар кесимида кенгайтирилиши кўзда тутилган. Узоқ муддатли режага мувофиқ, ҳудудга 20 минг нафар ҳарбий хизматчи ҳамда 12 минг нафар полиция ходимини жойлаштириш режалаштирилган.
19 февраль куни Вашингтон шаҳрида янги халқаро тузилма — Тинчлик кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда АҚШ президенти Доналд Трамп бир қатор давлатлар, жумладан Қозоғистон, Озарбайжон, БАА, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони, Ўзбекистон ва Қувайт томонидан Ғазо секторига 7 миллиард доллардан ортиқ ёрдам ажратилганини маълум қилди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакат халқаро барқарорлаштириш кучлари таркибида ҳарбий бўлинмалар, тиббиёт ходимлари ҳамда кузатувчиларни юборишга тайёрлигини тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, фуқаролик-ҳарбий мувофиқлаштириш доирасида бундай ташаббуслар Яқин Шарқда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.






