Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи Сафар Соҳибов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 60 ёшнинг остонасида “Марихуана” гиёҳванд моддаси билан ички ишлар идоралари ходимлари қўлига тушди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилиниб, дастлабки суриштирув ишлари олиб борилди, деб ёзади ЎзА.
Маълум бўлишича, Сафар Соҳибовга 1,05 грамм “Марихуана” гиёҳванд моддасини Денов туманидаги Сўфи Оллоёр номидаги маҳаллада яшовчи, ҳеч қаерда ишламайдиган 55 ёшли укаси Сами Сафаров берган экан. Соч-соқолига оқ оралаган акасини заҳри қотил билан “сийлаган” Сами Сафаровнинг уйи кўздан кечирилганда яна 0,67 грамм “Марихуана” гиёҳвандлик моддаси топилди.
Шу ўринда Сами Сафаров оғуни қаердан олибди, деган савол пайдо бўлади. Қилни қирқ ёрадиган ички ишлар ходимлари бу саволга ҳам жавоб топишди. У заҳри қотилни Денов тумани Боғинав маҳалласида яшовчи 67 ёшли Карим Қаршиевдан олган. Шу куни К.Қаршиевнинг уйида 0,19 грамм “Марихуана” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.
Ани пайтда мазкур жиноят иши юзасидан тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.
17.02.2018 11:41