1

Экранга олиб чиқилган энг яхши бадиий асарлар ўнталиги

ДУНЁ 18.02.2018, 20:52
Экранга олиб чиқилган энг яхши бадиий асарлар ўнталиги

Шундай фильмлар бўладики, уларни қайта-қайта, такрор ва такрор кўрсанг арзийди. Негаки улар бадиий асардан экранга олиб чиқилган, деб ёзмоқда Аdme.ru нашри.

Дунё кинематографияси томонидан яратилган юзлаб фильмлар ҳали-ҳалигача киномухлислар эътиборига, меҳрига сазовор бўлиб, миллионлаб телетомошабинларнинг қалбини забт этиб келмоқда.

Маълумки, фильмлар инсоният маданий мероси ичидан энг яхшилари – сайқал топган намуналарини тарқатиш, ташвиқ қилиш каби улкан ижтимоий вазифани бажаради.

Тасаввур қилиб кўринг, биз умримиз давомида қанча китоб ўқиймиз ва уларни қай даражада атрофлича эслаб қоламиз? Улар, албатта, биз истаганимизчалик хотирамизда яхлит тикланолмайди. Адабиёт ва кинематографиянинг бирдамлиги эса адабий образларга ҳаёт бағишлаб, уларни эсда қоладиган ва яна ҳам ишонарли даражага олиб чиқади. Бу эса қисқа муддат ичида бутун бошли бир китобни ўзлаштириб олиш имконини беради.

Қуйидаги китобдан экранга кўчган асарлар ўнталиги берилмоқда.

Чўқинтирган ота

Муаллиф: Марио Пьюзо
Режисс
ёр: Френсис Форд Коппола


Муаллиф мазкур китобида америкалик ҳамда сицилиялик мафиячиларнинг кирдикорларини, уларнинг сиёсий арбоблар, қонун ҳимоячилари билан алоқаларини тўла-тўкис очиб берган. Шу боисдан ҳам бу асар жаҳон миқёсида оммалашиб кетган ва дунёнинг энг кучли режиссёри томонидан экранлаштирилган. Энг қизиғи, фильмда ҳам, китобда ҳам бирон марта “мафия” сўзига дуч келмайсиз.

Яшил йўлак

Муаллиф: Стивен Кинг
Режисс
ёр: Фрэнк Дарабонт


Дунёнинг энг бой ёзувчиларидан бири Стивен Кинг ўзининг ушбу асарини дўсти – режиссёр Фрэнк Дарабонтга атиги бир долларга сотган. Шундай бўлса-да, муаллифнинг режаси амалга ошган. Эзгулик тарафдори бўлмиш Стивен Кинг ўзининг эзгулик ва ёвузлик кураши ҳақидаги энг яхши асарининг оммалашишига эришди.

Рита Хейворт ёхуд Шоушенкдан қочиш

Муаллиф: Стивен Кинг
Режисс
ёр: Фрэнк Дарабонт


Стивен Кингнинг “Рита Хейворд ёхуд Шоушенкдан қочиш” қиссасида қамоқхона ҳаётининг даҳшатлари борасида сўз юритилади.

“Рита Хейворд ёхуд Шоушенкдан қочиш” қиссаси гарчи Стивен Кинг услубига хос бўлмаган ноодатий психологик реализм йўналишида ёзилган бўлса-да, ёзувчининг “шоҳ” асарларидан бирига айланган.

Ўнгга эврилган даҳшатли туш... Умрбод қамоқ жазосига маҳкум бўлган бир бегуноҳнинг тақдири. Тирик қолиш амри маҳол бўлган ерда ҳаёт учун кураш. Ҳали бирон кимса қочиб қутулолмаган турмадан қочиш ҳақидаги мароқли қисса...

Агар ҳали ўттиз ёшга тўлмаган бўлсанг-у, умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган бўлсанг, у ҳолда энг оғир синовларга шайлан, негаки Шоушенкдан чиқиш учун сенда ҳеч қандай нажот йўқ.

Форрест Гамп

Муаллиф: Уинстон Грум
Режисс
ёр: Роберт Земекис


Ушбу асарнинг оммалашиб кетишида биргина асосий сабабни айтиш мумкин – кўп қиррали актёр Том Хэнкснинг қойилмақом ижроси ва режиссёр Роберт Земкиснинг маҳорати. Болалигидан ақли заиф, лекин қалби эзгуликка йўғрилган Форрест нимагики қўл урмасин, барчасини муваффақиятли уддалади. Ҳатто уруш оловидан ҳам эсон-омон чиқди. Бир у ҳам севиб қолди. Аммо... унинг севгисига жавоб жуда кеч келди.

Какку уяси узра парвоз

Муаллиф: Кен Кизи
Режисс
ёр: Милош Форман


Ушбу асар экранлаштирилгандан сўнг китоб муаллифи Кен Кизи фильмни кўришдан бош тортган. Негаки асар китоб бўйича юз фоиз суратга олинмаган экан. Аммо бу “какку уяси” деб юритиладиган АҚШдаги жиннихона ҳаётидан сўйловчи асарнинг кенг китобхонлар ва киномухлислар орасида оммалашишига тўсқинлик қилолмади.

Шуъла

Муаллиф: Стивен Кинг
Режисс
ёр: Стэнли Кубрик


Мазкур асар хоррор жанридаги энг яхши фильм ва китоб ҳисобланади. Ахир, асар атрофида машҳур “учлик” ишлаган: қалами ўткир Стивен Кинг, профессионал Стэнли Кубрик ва ҳар бир ролга махсус тайёргарлик кўрадиган Жек Николсон.

Қўзичоқлар сукути

Муаллиф: Томас Харрис
Режисс
ёр: Жонатан Демме


Китобидан кўра киноси муваффақиятли чиққан ушбу асар 1991 йили 5 та “Оскар”ни қўлга киритган (жумладан, “Энг яхши фильм”, “Энг яхши режиссёр”, “Энг яхши актёр” номинациялари бўйича). Фильм психология, тафаккур ўйинлари, ҳис-ҳаяжонга тўла. Совуққон Ганнибал Лектер ролини ўша машҳур Энтони Хопкинс қойилмақом қилиб ижро этган.

Шиндлер рўйхати

Муаллиф: Томас Кенилли
Режисс
ёр: Стивен Спилберг


Асар реал воқеаларга асосланган бўлиб, унда 2-жаҳон уруши арафасида мингдан зиёд яҳудийларни қонхўр нацистлар чангалидан қутқарган Оскар Шиндлернинг қаҳрамонликлари ҳақида сўйланади. Маҳоратли режиссёр Стивен Спилберг экранлаштирган учбу фильм 7 та “Оскар”, 7 та BAFTA, 3 та “Олтин глобус” ҳамда Грэмми мукофотларини қўлга киритган.


Истиғфор

Муаллиф: Иэн Макьюэн
Режисс
ёр: Жо Райт


Асар воқеалари уруш даврларида рўй берса-да, асосий урғу муҳаббат ва нафрат, ўкинч ва алам, изтироб ва тазарруга берилган. Чинакам драма сифатида суратга олинган фильм барчанинг севимли актёри ва актрисаси Жеймс Макэвой ҳамда Кира Найтли иштирокида янада қизиқарли тус олган.

Тафаккур ўйинлари

Муаллиф: Зулфия Назар
Режисс
ёр: Рон Ховард


1988 йили келиб чиқиши асли ўзбек бўлган журналист ва адиба Зулфия Назар (Зулфиянинг отаси Рўзи Назар 2-жаҳон уруши пайтида немисларга асир тушади ва Германияда қолиб кетади. Кейинчалик Рўзи Назар немис аёлига уйланади) “Ғаройиб тафаккур: математика даҳоси ва Нобель совриндори Жон Нэшнинг ҳаёти” деган китоб ёзади. Ўшандаёқ асар Ғарбда сенсацияга айланиб, сотилиш бўйича рекорд ўрнатади. Кейинроқ, яъни 2001 йили мазкур асар бўйича дунё кинематографиясидаги энг яхши фильмлардан бири “Тафаккур ўйинлари” катта экранларга чиқарилади. Энг қизиғи, фильмнинг суратга олиш ишлари бош қаҳрамон ижрочиси – актёр Рассел Кроуни “Гладиатор” фильмидаги роли учун “Оскар” мукофоти билан тақдирлаш маросимининг эртаси куниёқ бошлаб юборилган эди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1