Ўзининг хайрия акциялари билан танилган машҳур блогер MrBeast янги ташаббусга қўл урди. У муҳтож оилаларга 100 та уй қуриб берди. Бу ҳақда Замон.уз хабар берди.
MrBeast номи остида ижод қилувчи Жимми Доналдсон бундан олдин ҳам кўплаб савобли ишларга бошчилик қилган. У минглаб одамларнинг кўриш қобилиятини тиклаш ва катарактани олиб ташлаш операциялари учун пул берган.
Шунингдек, блогер одамларга 3 миллион доллардан кўпроқ пул, шахсий самолёт ва ҳатто орол ҳам совға қилган.
Лекин шунга қарамай, MrBeast яхшилик йўлида қилаётган ушбу саъй-ҳаракатлари учун ижтимоий тармоқда танқидларга ҳам учраб туради.
"Биз одамларга ёрдам берганимизда баъзи инсонларнинг жаҳли чиқади. Улар бу ишларни аслида мен эмас, ҳукумат вакиллари қилиши кераклигини уқтирмоқчи бўлишади. Ҳа, уларнинг фикри тўғри, лекин мен жамиятдаги Ижтимоий тенгсизликка шунчаки қараб туролмайман", дейди блогер.
Шунингдек, Доналдсон интернет орқали топган барча даромадларини муҳтож инсонларга сарфлашини ва ўлимидан олдин ҳам бор нарсасини уларга беришини ваъда қилган.