АҚШ қўшинлари 2021 йилда Афғонистондан олиб чиқиб кетилганидан кейин ҳокимият тепасига келган “Толибон” ҳаракати ўтган уч йил давомида минтақада реал сиёсий кучга айланди. Айни пайтда толиблар де-факто Афғонистонни бошқармоқда.Унинг номидан иш тутиб, халқаро муносабатларда бутун афғонистонликларни тамсил этмоқда.
Бундай шароитда халқаро муносабатларнинг қонунийлигини таъминлаш мақсадида толибларни де-юре тан олиш масаласи кун тартибидан тушгани йўқ. “Толибон”ни БМТ даражасида тан олиш ва бу ташкилотга аъзоликка қабул қилиш толиблар учун ҳам муҳим ва ҳал қилувчи босқич ҳисобланади.
Шу боис БМТ раҳбарияти 30 июн – 1 июл кунлари куни Дохада “Толибон” иштирокида музокаралар ўтказди.
“Толибон” шартлари бажарилди
Аслини олганда мазкур анжуман шу форматдаги учинчи мажлис ҳисобланади. Бироқ 2023 йил ўтказилган анжуманга толиблар чақирилмаган эди. 2024 йил феврал ойида ўтказилган йиғилишга эса “Толибон”нинг ўзи келмади. Толиблар ўтказилажак анжуманда толибларни танқид қилувчи афғонистонлик ҳуқуқбонларнинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашувини бекор қилиш талаби билан чиққан, бироқ ташкилотчилар бунга рози бўлишмаган.
Толибон жорий маслаҳатлашувларда иштирок этишини июн ўрталарида тасдиқлади. Афғонистон вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг айтишича, афғон томони расмий тан олиниши масаласидан ташқари, Aфғонистонга инсонпарварлик ёрдами ва мамлакатда инвесторлар учун имкониятлар яратишмасалалари кўриб чиқилишидан манфаатдор бўлган. Шунингдек, банк-молия масалалари, жумладан, Афғонистоннинг хориждаги активларини “Толиблар” ихтиёрига қайтариш масаласи ҳам муҳим бўлган.
Лекин БМТ мазкур анжуманга ҳам “Толибон”ни танқид қилувчи кучларни таклиф қилди: 2 июл куни Доҳада Дикарло ва махсус вакиллар Aфғонистон фуқаролик жамияти вакиллари биланучрашиши тасдиқланди.
The Guardian нашрининг қайд этишича, Толибон бирорта ҳам афғон аёлини бу учрашувга киритмасликни талаб қилган. БМТ бу шартга рози бўлган. БМТ Бош котибининг Aфғонистон бўйича махсус вакили Роза Отунбоева брифингда айтишича, иштирокчи давлатлар музокараларга фақат эркак вакилларни жўнатган. У “Толибон” ҳаракати Доҳадаги музокараларда илк бор иштирок этаётганини таъкидлаб, кун тартибига аёллар учун долзарб бўлган масалалар, хусусан, банк тизимини йўлга қўйиш ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш масалалари киритилганини таъкидлаган.
Отунбоеванинг билдиришича, “Толибон”нинг аёлларга нисбатан чекловлари Aфғонистон истиқболига салбий таъсир кўрсатади. 2022 йилда Толибон, хусусан, қизларни бошланғич мактабда ўқишини ва умуман, аёлларнинг таълим олишини амалда тақиқлади. “Бу чекловлар мамлакатни Толибоннинг ўзини ўзи таъминлаш сиёсатини амалга ошириш учун зарур бўлган муҳим инсон капиталидан маҳрум қилади. Улар Aфғонистон келажагига путур етказувчи ҳолат – билимли мутахассисларнинг хорижга чиқиб кетишига ҳисса қўшмоқда. Бу Aфғонистоннинг халқаро ҳамжамиятга қайта интеграциялашувига сабаб бўлувчи дипломатик қарорлар қабул қилинишига тўсқинлик қилмоқда”, деди Отунбоева ва БМТ бу тақиқларни бекор қилишга чақиришда давом этишини таъкидлади.
БМТнинг навбатдаги “тубанлашуви”
БМТ мазкур анжуманни аёллар иштирокисиз ўтказишга рози бўлгани халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг танқидига сабаб бўлди. Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Доҳа йиғилишини Толибон шартлари асосида ўтказиш билан БМТ “янги тубанликка тушганини” айтди.
“Толибон зўравонликларидан энг кўп жабр кўрганлар уларнинг тақдири кўриб чиқилаётган БМТдаги муҳокамалардан четлаштирилмоқда”, — дейилади баёнотда. > Алия: Унда қайд этилишича, ушбу қарор БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2000 йилда қабул қилинган ва аёлларнинг асосий халқаро муҳокамаларда иштирок этишини кафолатловчи 1325-резолюциясига зиддир. БМТ афғон аёлларининг ўз ҳуқуқлари учун курашига хиёнат қилиб, зарарли прецедент ўрнатади. Толибонни тинчлантиришга шармандали уриниш фойдасига инсон ҳуқуқлари бўйича ўз мажбуриятларидан воз кечгани БМТ обрўсига доимий зиён етказади”, — дея хулоса қилди HRW.
Ҳал қилувчи мажлис
Ниҳоят, ташкилотчилар “Толибон” шартларига рози бўлгач, Қатарнинг Доха шаҳрида толиблар иштирокидаги 3-тур музокаралар бошланди. Унда Қобулнинг норасмий ҳукуматини халқаро миқёсда тан олиш масаласи муҳокама қилинди.
БМТ Бош котиби шафеълигида ўтказилган ушбу учрашувда 20 га яқин мамлакат ва халқаро ташкилотлар қатнашди.
Доҳадаги анжуманда Забиҳуллоҳ Мужоҳид “Толибон” делегациясига раҳбарлик қилди. Анжуман доирасида турли мамлакатлар вакиллари билан тор доирадаги учрашувлар ҳам ўтказилган.
Албатта, ҳар қандай давлат жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли аъзосига ҳамда халқаро ҳуқуқ субъектига айланиши учун бошқа давлатлар томонидан тан олиниши катта аҳамиятга эга. Айниқса БМТга каби халқаро ташкилотларга қабул қилиниши ҳар қандай давлатнинг бошқа давлатлар билан муносабатларнинг барча механизмларидан фойдаланиш имкониятини беради.
Имтиёзнинг масъулияти ҳам бўлади
Лекин, ҳар қандай имконият масъулиятни ҳам талаб қилади. Хусусан, БМТ Низомининг 4-моддасига кўра, “Ушбу Низомда назарда тутилган мажбуриятларни ўз зиммасига оладиган ваТашкилотнинг фикрича, шу мажбуриятларни оладиган ва бажаришни истайдиган барча тинчликсевар давлатлар Ташкилотга (БМТга – таҳр.) аъзо бўла оладилар”.
Табиийки, 2 кунлик музокараларда БМТ вакиллари “Толибон”га ўз талабларини эслатишди. Жумладан, Aфғонистонда ўқувчи қизларга мактабга чиқиш учун рухсат берилмаётгани, афғон аёлларининг ҳуқуқлари камситилаётгани, қурол-яроғ ва наркотик контрабандаси эркин тижоратга айланаётгани ҳамда Aфғонистон жанубида қуролли террорчи гуруҳлар таъсири ошаётганидан хавотир билдирилди. Ушбу масалалар ҳал қилинса, Aфғонистон Ислом Aмирлиги ҳукуматини тан олиш мумкинлиги қайд этилди.
Умуман олганда, халқаро майдонда Толибонни тан олиш борасида иккита “лагер” мавжуд. Биринчи томон - Россия ва Ўзбекистон бўлиб, Москва “Толибон” ҳукуматини тан олиш таклифи билан чиқмоқда. Ўзбекистон эса бу масала кун тартибида экани, бироқ бунинг учун толиблар террорчиликка қарши кураш, инклюзив ҳукуматни шакллантириш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида берган ваъдаларининг устидан чиқишлари кераклигини таъкидлаган.
Шунингдек, расмий Тошкент 2022 йилда “Толибон” ҳаракати билан муносабатлари нормаллашганини эълон қилган эди. Ҳатто Афғонистонга тегишли, хориждаги банкларда "музлатилган" пулларни Толибларга қайтариш таклифларини ўртага ташлаган.
Иккинчи позиция эса – Афғонистон олдига гуманитар шартларни қўяётган Ғарб давлатларига хос. Лекин Ғарбнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги эътирозларига қарамасдан, “Толибон” Aфғонистонда барқарорликни кафолатловчи ягона тараф эканини намойиш этмоқда.
Тинчлик ҳаммага керак
Аслини олганда, Афғонистонда барқарорлик бўлишидан ҳар икки лагер ҳам манфаатдор. Aфғонистон Каспий минтақаси ҳамда Марказий Осиёдан Ҳинд океани портларига энергия ресурслари ўтказиладиган транзит давлат сифатида муҳим. Бу масала эса афғон диёрида тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишини талаб қилади.
Қолаверса, “Толибон” ҳукумат тепасига келган аввалги ҳолатларда у билан жаҳон ҳамжамияти ҳисоблашмагани ва тан олмагани боис радикаллашиб кетган эди. Шу боис толибларни тан олиш ва уларни жаҳон ҳамжамиятига тўғри интеграциялашувини таъминлаш - бутун жаҳон хавфсизлик тизими ва иқтисодиётига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Албатта Доҳадаги анжуманда бу масалалар ҳам кўриб чиқилди, манфаатдор томонлар ўз қарашларини ифода этишди. > Алия: Анжуман доирасида БМТ Бош котиби ўринбосари Дикарло иштирокчилар билан бирга афғон фуқаролик жамияти, шу жумладан, Доҳадаги инсон ҳуқуқлари ва аёлларнинг ташкилотлари вакиллари билан учрашди.
Дикарлонинг айтишича, у афғонистонликларнинг фикрини тинглаган. Улар мамлакатда аёллар ва миллий камчиликларнинг аҳволи, қизларга таълим бериши ва бошқа масалалар борасидаги фикрлари билан ўртоқлашган.
Толибларнинг “бу масалалар мамлакатнинг ички иши” деган иддаоларига жавобан, Дикарло, “Афғонистон бу масалалар юзасидан бир қатор халқаро шартнома ва келишувларни имзолагани ҳамда ўз зиммасига маълум бир мажбуриятларни олганини эслатди. Дикарло таъкидлаганидек, Афғонистон ушбу халқаро ҳужжатларда белгиланган мажбуриятларини бажариши шарт ва бу давлатнинг ички иши ҳисобланмайди.
Бу сафар ҳам “ўхшамади”
Икки кунлик музокаралар якунига кўра, БМТ ҳайъати “Толибон”ни тан олиш масаласини рад этди. Халқаро ҳамжамият ва Aфғонистондаги ҳукмрон норасмий куч ўртасидаги учрашувлар ташкилотни тан олиш учун эмас, балки уни халқаро меъёрларга мослашишга ундаш учун ўтказилаётгани таъкидланди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташкилотларнинг вакиллари бундай учрашувларда доимий иштирок этиш эҳтимоли баландлиги эса аёллар ҳуқуқларини таъминлаш доимо долзарб бўлиб қолаверишини англатади. Жаҳон ҳамжамияти бу масаладан ҳеч қачон юз ўгирмайди. Демакки, “Толибон” маъмурий бошқарув сиёсати ва инсон ҳуқуқларига муносабатини ўзгартирмас экан, уни тан олиш ва БМТга қабул қилиш масаласи яна ортга сурилаверади.
Абдуллоҳ Саййид