АсосийJamiyat

Ўзбекистонда шошилинч хизматлар рақами тизимига ўзгартишлар киритилади

Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини рақамлаш тизимини такомиллаштиришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

2014 йил 13 май куни Алоқа тарихи музейида Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси томонидан “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқлари рақамлаш тизимини такомиллаштириш” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда жамоатчиликка Халқаро телекоммуникация иттифоқининг “Умумий фойдаланишдаги телекоммуникация рақамлари нумерацияси халқаро режаси (Е.164)”, “Абонентлар ва умумий фойдаланишдаги тармоқлар учун халқаро идентификатсия режаси (iE.212)”да келтирилган тавсиялари ҳамда “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини рақамлаш тизими ва режаси”га мувофиқ амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. 

Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида шошилинч ҳамда тезкор хизматлар телефон рақамларини тизимлаштириш, халқаро стандартлар асосида шаҳарлараро ва халқаро алоқа тармоқларига уланишни ташкил этиш мақсадида Қўмита томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилган. 

Ўзбекистон ҳудудларида шошилинч ва тезкор хизматларнинг “0” билан бошланувчи рақамларини “10х”га, “0хх” рақамларини “10хх”га ўзгартириш ишларига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. 

Шунингдек, шаҳарлараро алоқа тармоқларига уланишда фойдаланилаётган “8” рақамини халқаро стандартларга мос “0” рақамига, халқаро алоқа тармоқларига чиқиш учун териладиган “8-10” олд рақамини “00”га ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилинган. 

Лойиҳани амалга ошириш учун коммутация марказларини NGN технологиялари асосида дастурий таъминот маҳсулотлари билан таъминлаш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда. 

Матбуот анжуманида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида шошилинч ва тезкор хизматлари телефон рақамларининг ўзгариши, шаҳарлараро ва халқаро телефон тармоқларига чиқишда ишлатиладиган олд рақамларни халқаро стандартлар асосида уйғунлаштириш босқичлари, аниқ вақтлари қайд этилди. 

Соҳа корхоналари, телекоммуникация операторлари, янги рақамлаш тизимига ўтаётган ташкилотлар томонидан аҳоли ўртасида тезкор хизматлар рақамларининг янги шаклга ўтгани, амалга оширилаётган ўзгаришларнинг муҳимлиги ва аҳамияти, кутилаётган ўзгаришларга оид тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. 

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, аҳоли мазкур масалалар юзасидан ўзгаришлар билан Қўмита ҳамда телекоммуникация операторлари веб-сайтларидан, шу билан биргаликда Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан бохабар бўлиб боришлари мумкин бўлади. 

Дастурга мувофиқ, жорий йил май ойининг иккинчи ярмидан бошлаб шошилинч ва тезкор хизматларнинг “0х” билан бошланадиган телефон рақамларини “10х” тизимига, “0хх” тизимидаги телефон рақамларини “10хх” тизимига ўтказиш бўйича ишлар амалга оширилиши режалаштирилган. 

Шаҳарлараро ва халқаро телефон тармоқларига чиқишда ишлатиладиган олд рақамларни халқаро талаб даражаларига мослаштириш 2014 йилнинг октябр ойида амалга оширилади ва шундан сўнг юртдошларимиз шаҳарлараро қўнғироқларни “0” олд рақами, халқаро қўнғироқларни “00” олд рақамлари ёрдамида амалга оширишлари мумкин бўлади. Тадбирда таъкидланганидек, истиқболда янги алоқа тизимига ўтилиши Ўзбекистон коммуникация тармоқлари абонентларининг халқаро телефон алоқасига уланиш тартибини ўзгартирмайди. Аксинча, бу тизим хорижга чиқаётган юртдошларимиз, юртимизга келаётган хорижликларга халқаро алоқани амалга оширишга қулайлик яратади. 

Шошилинч ва тезкор хизматлар телефон рақамлари тизимида бўлаётган ўзгаришлар мобайнида турли тушунмовчилик ва ноқулайликларнинг олдини олиш мақсадида мазкур телефон рақамларининг 3 ой давомида бир вақтнинг ўзида ҳар икала – янги ва эски тизимларда фаолият кўрсатиши таъминланади. Бу ҳақда аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилиши белгиланган. 

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларига мутахассис ҳамда масъуллар томонидан жавоб қайтарилди. 
 

    Бошқа янгиликлар