1

Фотима-Зуҳроми ёки Ҳасан-Ҳусан?

СУҒДИЁНА 22.02.2018, 13:35
Фотима-Зуҳроми ёки Ҳасан-Ҳусан?

Аёлнинг қорин бўшлиғида жойлашган жуфт тухумдонда икки ҳайз орасида бир тухумҳужайра етилади. Одатда бу тўрт ҳафтада бир – ё ўнг, ё чап тухумдонда содир бўлади. Кейинги ҳайз маромида аввал тухумҳужайра етилтирган тухумдон «дам олади», навбатдаги тухумҳужайра иккинчи тухумдонда етилади. Ана шу ўзига хос «келишувчанлик» аёлнинг туғишга қодир бўлган даври мобайнида давом этади.

Бироқ вақт-вақти билан табиат ер юзида одамзоднинг камайиб кетаётганини ҳис қилибми, ёки қиз ва ўғил болалар мувозанати бузилаётганини сезибми, аёл организмининг бу фаолиятига «аралашади». Шунда тухумдонлар одатдагидек навбатма-навбат эмас, иккалови бирдан биттадан тухумҳужайра ёки бир тухумдон (иккинчиси «дам олаётганда») икки тухум ҳужайра ҳосил қилади. Бири – битта, иккинчиси эса қўшалоқ ёки ундан кўп тухумҳужайра ҳосил қилган ҳоллар ҳам учрайди. Фақат бу камдан-кам содир бўлади.

Умуман, ўрта ҳисобда ҳар 85 туғуруққа бир эгизак, ҳар 6-8 минг туғруққа эса бирйўла уч эгизак тўғри келиши кузатилади. Ундан ортиқ эгизак туғиш аҳён-аҳёнда учрайди.

Бир тухумли эгизаклар икки ядроли тухумҳужайранинг сперматазоид билан оталанишидан ёки икки ядроли сперматазоид бир ядроли тухумҳужайрани оталантириши натижасида ҳосил бўлади, баъзан тухумҳужайралар учта, тўртта (ва ундан ортиқ) ядродан иборат бўлса, учталик, тўртталик ва ҳоказо эгизаклар ривож-ланиши мумкин.

Бир тухумли эгизакларнинг плацентаси битта, уларнинг жинси ҳам (фақат қиз ёки фақат ўғил), қон гуруҳдари ҳам бир хил ва ташқи қиёфалари бир-бирига жуда ўхшаш бўлади, уларни ҳатто энг яқин кишилари ҳам бир-биридан ажратишга қийналадилар. Икки тухумли, яъни ҳар хил тухумдан ривожланадиган эгизаклар бир вақтда етилган ва алоҳида уруғлар билан оталанган икки ва ундан ортиқ тухумҳужайрадан ҳосил бўлади. Улар ўзича мустақил ривожланади, плацентаси ҳам алоҳида бўлади, қон гуруҳлари эса бир ёки ҳар хил бўлиши мумкин. Шунга қараб жинслари ҳам бир ёки ҳар хил бўлади. Улар ўртасидаги ўхшашлик одатдагича: «ака-ука», «опа-сингил», «ака-сингил», «опа-ука»дек бўлади.

Эгизакларнинг бўйи ва оғирлиги (баъзан анча) фарқ қилади, бу бачадон-плацента қон айланиш тизимидан озиқ моддаларнинг тенг тақсимланмаганлиги билан боғлиқ. Эгизаклар бачадонда турлича ҳолатда жойлашган бўлади. Кўпинча бўйламасига – бири бачадоннинг ўнг ва бошқаси чап томонини эгаллайди. Эгизак ҳомилани ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида, юрак уриши эшитиладиган пайтда аниқлаш мумкин, ультратовушли диагностик аппаратлар ёрдамида эса 3-5 ҳафтадаёқ аниқласа бўлади. Эгизак ҳомилаларда аёл организмига зўр келиб, бошқоронғилик анча қийин кечади, бачадоннинг ниҳоятда чўзилиши натижасида туғруқ вақтидан олдинроқ рўй беради. Шунинг учун ҳам ҳомиласи эгизак деб топилган аёллар тез-тез гинекологга кўриниб туришлари, 27-29 ҳафталик бўлганда эса эрта туғиб қўйишнинг олдини олиш мақсадида туғруқхонада профилактик даволанишлари зарур. Улар туғиш вақтидан бироз аввалроқ туғруқхонага ётсалар яхши бўлади, чунки ҳомила ўз вақтида туғилса ҳам қоғоноқ сувининг эрта кетиб қолиши, тўлғоқнинг заиф бўлиши ва шу каби баъзи ҳолатлар учрайди. Умуман эса кўп ҳомилалик нормал кечганда туғруқ вақтида деярли ҳеч қандай асоратлар кузатилмайди.

Эгизакларнинг туғилишида ирсият, наслнинг аҳамияти борми, деган саволнинг туғилиши табиий. Шуни айтиш керакки, бўлажак оналар ёки оталарнинг ўзлари эгизак туғилган, ота-боболари ёки нисбатан узоқроқ эгизак қариндошлари бўлган оилаларда эгизакларнинг туғилиш эҳтимоли кўпроқ бўлади.

“Хотин-қизлар энциклопедияси”дан

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1