АсосийJamiyat

Солиқ қўмитаси резидентлик фактини тасдиқлаш интерактив хизматини ишга туширди

Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтида «Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси резидентлари – юридик ва жисмоний шахсларнинг доимий жойлашган жойи (резидентлик) фактини расмий тасдиқлаб бериш» бўйича янги интерактив давлат хизмати ишга туширилди.

Тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига тезкор, сифатли интерактив хизматлар кўрсатилишини таъминловчи «Электрон ҳукумат» тизимини яратишга йўналтирилган оқилона сиёсат доирасида Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ хизмати органлари фаолиятининг барча йўналишларида ахборот-коммуникация технологияларини тадбиқ этиш бўйича доимий ишлар амалга оширилаётганлиги, ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

Давлат солиқ хизмати органларининг мазкур йўналишдаги асосий фаолияти солиқ маъмурчилигини автоматлаштириш ва давлат хизматларини босқичма-босқич интерактив форматга ўтказиш ҳисобланади.

Жорий йилнинг 5 майидан бошлаб Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтида (www.soliq.uz) юридик ва жисмоний шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун «Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси резидентлари – юридик ва жисмоний шахсларнинг доимий жойлашган жойи (резидентлик) фактини расмий тасдиқлаб бериш» янги интерактив давлат хизмати ишга туширилди.

Ушбу интерактив хизмат орқали давлат солиқ хизмати органлари Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар ўртасида тузилган иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш бўйича халқаро келишув қоидаларини қўллаш мақсадида мурожаат қилган юридик ёки жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси резидентлари эканликларини тасдиқлаб беради.

Интерактив хизматдан фойдаланган ҳолда тегишли ишлар амалга оширилгач, Давлат солиқ қўмитаси томонидан «Резидентлик сертификати» автоматик тарзда шакллантирилиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилади ҳамда солиқ тўловчининг аризасида кўрсатилган почта манзилига юборилади.

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар