1

Шавкат Мирзиёев экспорт режасининг бажарилишидаги камчиликларни танқид қилди

СИЁСАТ 28.02.2018, 09:32
Шавкат Мирзиёев экспорт режасининг бажарилишидаги камчиликларни танқид қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 февраль куни экспортни кўпайтириш ва импортни қисқартириш бўйича қўйилган вазифалар ижроси, бу борада тармоқлар ва ҳудудлардаги ишлар ҳолати таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда бош вазир ва унинг ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди. Видеоконференция алоқаси орқали жойлардан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарияти, маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари, экспортчи корхоналар вакиллари қатнашди.

Йиғилиш танқидий руҳда ўтди. Давлат раҳбари экспорт режасининг бажарилишидаги камчиликларни чуқур таҳлил қилиб, асосий йўналиш ва вазифаларни белгилаб берди.

Йиғилишда таъкидланганидек, энди соҳадаги ишларни ташкил этиш ва назорат қилишнинг бутунлай янги тизими жорий этилади. Экспортни ташкил этиш ва мониторинг қилишга бош вазир ўринбосари Нодир Отажонов ва бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Эркабой Таджиев раҳбарлигидаги гуруҳ жавоб беради. Жойларда экспорт билан шахсан вилоят ҳокими ва вилоят прокурорларининг биринчи ўринбосарлари шуғулланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Импортни қисқартириш ишларини ташкил этиш ва мониторинг қилиш бўйича республика Ишчи гуруҳи ҳам тузилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи раҳбар этиб белгиланди. Худди шундай ишчи гуруҳлар ҳудудларда ҳам ташкил этилади ва уларга ҳудудий департамент бошлиқлари раҳбарлик қилади.

Департаментнинг вазифалари бугунги кун талаблари, импорт ва экспорт масалаларини тартибга солиш нуқтаи назаридан тубдан ўзгартирилади. Департамент мамлакатдан валюта мақсадсиз чиқиб кетишининг олдини олиш, импортни қисқартириш, унинг ўрнини босадиган маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишларни ташкил этиши зарурлиги таъкидланди.

Бу ишчи гуруҳлар жойларда пиёда юриб, экспортчиларни чақиртириб эмас, уларга экспорт ҳажмини ошириши учун реал ёрдам бериши, маҳсулот экспорт қилаётганларга «яшил коридор» қилиб бериши лозим, деди Шавкат Мирзиёев. Шу билан бирга, импортни мунтазам таҳлил қилиб, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича аниқ лойиҳаларни амалга оширишга ҳар томолама кўмак беришлари зарур. Вазирлар ва тармоқлар раҳбарлари ҳам ўз фаолиятини худди шу тартибда ташкил этади.

Экспорт ва импорт бўйича қилинаётган ишлар Бош вазир ҳамда Бош прокурор раҳбарлигида ҳафтада икки марта муҳокама қилинади. Масалан, туманлардаги Ишчи гуруҳлар фермерлар ва аҳоли томорқаларида сердаромад мева-сабзавот экинлари экиш, уларни уруғлик, маблағ, ўғит, ёқилғи билан таъминлаш ишларини ташкил этишга кўмаклашади. Ҳар бир туманда мева-сабзавотни экспорт қилувчи корхона ташкил этиш ҳам бу борадаги муҳим вазифа ҳисобланади.

Йиғилишда жорий йилнинг ўтган даврида экспорт бўйича мўлжалланган режалар ва берилган ваъдалар бажарилмагани таъкидланди. Хусусан, «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти ва «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компаниясининг бу борадаги сусткашлигига жиддий эътироз билдирилди.

Энг катта салоҳиятга эга соҳалардан яна бири – туризмда пул тушумини кўпайтириш, туристлар борадиган барча объектларга турникет орқали ва тўлов асосида кириш тизимини жорий қилиш кераклиги таъкидланди.

«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг экспорт режасини сезиларли даражада ошириш, 2018 йил экспорт дастури лойиҳасига тегишли ўзгартиришлар киритиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди ва муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, экспортчи корхоналар ва тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1