“Саломатлик” поезди Қашқадарё ва Сурхондарёга йўл олди

ЖАМИЯТ 19.05.2014, 13:30
“Саломатлик” поезди Қашқадарё ва Сурхондарёга йўл олди

17-23 май кунлари “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК биргаликда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари аҳолиси учун Тошкент – Сариосия – Қумқўрғон – Бойсун – Оқробод – Деҳқонобод – Тошкент йўналишидаги “Саломатлик” поездини ташкил этди.

Поезд чекка ҳудудлардаги ва бориш қийин бўлган туманлар аҳолисини тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари томонидан чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга манзилли мурувват ёрдамини кўрсатиш, Республиканинг экологик ноқулай ҳудудлари аҳолисига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилди.

Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан, соғлом ва интеллектуал шахс этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига тиббий хизмат кўрсатишга давлат миқёсида эътибор қаратилаётганини эътироф этган ҳолда, таъкидлаб ўтиш жоизки, бу ғамхўрликни Республикамизнинг барча ҳудудларида кўриш мумкин.

Навбатдаги “Саломатлик” поезди учун “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК томонидан махсус вагонлар тақдим этилиб, юқори малакали шифокорлар гуруҳи жалб этилди.

Ушбу хайрия акцияси давомида аҳолига ва даволаш профилактика муассасаларига қиймати 160,5 минг АҚШ доллари ва 11,9 миллион сўмга тенг инсонпарварлик юклари (600 дона озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат пакетлар, оёқ кийимлари, дори-дармон ва тиббиёт анжомлари, санитария-гигиена воситалари ва бошқалар)дан иборат мурувват ёрдамлари етказиб берди.

Мазкур поезд ўз режаси давомида бориши кўзда тутилган станцияларига яқин ҳудудларидан ташқари “Соғлом авлод учун” фонди Сурхондарё ва Қашқадарё вилоят ҳудудий филиалларининг автоамбуланс машинаси орқали ҳудуддаги барча “Мурувват”, “Меҳрибонлик” ва “Саховат” шу билан бир қаторда марказий шифохоналар, вилоят болалар туғруқ комплексларига ҳамда кўзи ожиз, ақли заиф ва кар-соқов болалар махсус мактаб интернатларига ўз ёрдамини кўрсатиши режалаштирилган.

17 май куни йўлга чиқувчи “Саломатлик” поезди ўз ишини 2014 йил 18 май кунидан бошлайди ва бир ҳафта давомида малакали мутахассислар томонидан ногирон болалар, хотин-қизлар, боқувчисини йўқотган ва кўп болали оилаларни тиббий кўрикдан ўтказиш, жойларда махсус муассасалар, ёрдамчи мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига мурувват ёрдамларини топшириш, шу билан бир қаторда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи учрашувларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – экологик жиҳатдан ноқулай шароитда истиқомат қилувчи аҳолини айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига, шунингдек, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда мурувват ҳаракатини ривожлантириш ишига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборат.

Тадбир хомийлари АҚШнинг “AmeriCares” ва “Resourse & Police Exchange” халқаро ташкилотлари, Болгариянинг “Софарма” АК, “Nestle Uzbekistan” МЧЖ ҚК, “O`qituvchi” НМИУ, “Baxteks” МЧЖ, “Shaffof servis” МЧЖ ҚК ва бошқалардир.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1