1

"Тараққиёт стратегияси" маркази дунё "ақл марказ"лари топ-50 талигига киритилди

СИЁСАТ 05.03.2018, 17:52
"Тараққиёт стратегияси" маркази дунё "ақл марказ"лари топ-50 талигига киритилди

2017 йил якунларига кўра, “Тараққиёт стратегияси” маркази “Global Go To Think Tank Index Report” дунёдаги тадқиқот ва таҳлил марказлари йиллик рейтингига киритилди. Бу ҳақда марказнинг Telegram каналида хабар қилинди.

Рейтингни тузиш жараёнида 7815 та “ақл марказ”ларининг ўтган йилдаги фаолияти таҳлил қилинган. Унда турли номинациялар тақдим этилган бўлиб, улар, ўз навбатида, 4 та асосий гуруҳга бўлинган. Рейтинг TACTSP Global Think Tank Database маълумотлар базасига киритилган 62 мингдан ортиқ нуфузли экспертлар, журналистлар, сиёсатчилар ҳамда иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар соҳаси мутахассислари ўртасида ўтказилган сўров натижалари асосида тузилган.

“Global Go To Think Tank Index Report” тадқиқот ва таҳлил марказларининг йиллик рейтинги “Экспертлик-таҳлилий марказлар ва фуқаролик жамияти” дастури доирасида 2008 йилдан буён эълон қилиниб келинади.

Ўтказилган сўров натижаларига кўра Ўзбекистоннинг “Тараққиёт стратегияси” маркази Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” маркази, “Америка сиёсати миллий жамғармаси”, Нидерландиянинг “Интеграция ва жамият илмий платформаси” каби қатор нуфузли институтлар қаторида “2017 йилнинг янги ташкил этилган энг яхши “ақл маркази” номинацияси бўйича элликталик рейтингида эътироф этилди. Ушбу номинацияда сўнгги 24 ой давомида ташкил этилган ва илғор хорижий тажриба ҳисобланадиган “ақл марказлари” кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, “Тараққиёт стратегияси” маркази ўз фаолиятини бир нечта йўналишларда олиб боради. Марказ, авваламбор, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларнинг бажарилиш ҳолати тўғрисида кенг жамоатчиликка ахборот бериб боради. Шунингдек, турли форум, анжуман, жамоатчилик муҳокамалари ва ижтимоий сўровлар ўтказиш орқали давлат ва фуқаролар ўртасида очиқ мулоқот ўрнатишга хизмат қилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1