1

Депутат ва сенаторлар аҳоли муаммоларини ўрганишмоқда

СИЁСАТ 10.03.2018, 13:35
Депутат ва сенаторлар аҳоли муаммоларини ўрганишмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳадаги мавжуд муаммолар ўрганилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Гуруҳ аъзолари Янгиер шаҳри маҳаллаларида бўлиб, фуқаролар билан учрашди. Ўрганишлар давомида ҳудуддаги айрим муаммоларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилиб, мамлакат миқёсида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар юзасидан тақдимнома тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари Орифжон Қудратов, Икром Каратаев, Мирзааҳмад Шоимовлар Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят ва шаҳар кенгашлари вакиллари ҳамроҳлигида 2-сектор ҳудудига қарашли “Обод юрт” маҳалла фуқаролар йиғини фуқаролари билан мулоқот ўтказди.

Янгиер шаҳри ҳудудидаги аҳвол атрофлича ўрганилгач, шаҳардаги мусиқа ва санъат мактабининг мажлислар залида ташкил этилган фуқаролар билан учрашувда дастлаб 2-сектор раҳбари, шаҳар прокурори Улуғбек Жўраевнинг 2017 йил давомида ўзи раҳбарлигидаги сектор ҳудудида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти тингланди.

Шундан сўнг йиғилишга келган фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва улар томонидан кўтарилган муаммолар тингланди.

– Мен Самарқанд кўчасида истиқомат қиламан, – дейди Турсуной Бойбўтаева. – Бу ерда яшовчилар ичимлик сувидан қийналмоқда. Бу масалани бир неча бор кўтаришимизга қарамай тоза ичимлик суви таъминотида ҳамон узилишлар юзага келаётир. Ушбу муаммо кечиктирмай ҳал этилишини Самарқанд кўчасида яшовчи фуқаролар номидан илтимос қиламан.

Сенат аъзолари томонидан шаҳар “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбарига муаммоларни бартараф этиш юзасидан топшириқ берилиб, аниқ муддат белгиланди.

Чаманзор кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Норбиби Пирбўлдиева Янгиер шаҳар марказий деҳқон бозори ҳудудида турмуш ўртоғига тегишли бўлган дўконнинг шаҳар бош режаси асосида бузилганлиги, ҳалигача дўкон учун компенсация пули берилмаганлигидан шикоят қилди.

– Бу масала тез кунда ижобий ҳал қилинади, – деди Янгиер шаҳар ҳокими ўринбосари Д.Азимов. – Шаҳар молия бўлимига тегишли топшириқ берилди. Фуқаро Пирбўлдиев белгиланган миқдордаги компенсация пулини олади.

Маҳалланинг Жомий кўчасида яшовчи Зенура Маматқулова турмуш ўртоғи Усмонали Маматқуловнинг олаётган нафақа пули кам ҳисобланганлигини билдириб, пенсия пулини оширишда амалий ёрдам сўради.

Сенат аъзолари мутасаддиларга топшириқлар бериб, масалани атрофлича ўрганиб ижобий ҳал этиш кераклигини таъкидлади.

Ишчи гуруҳи аъзолари Янгиер шаҳридаги “Мурувват” аёллар интернат-уйида ҳам бўлиб, у ердаги шароитлар билан танишди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1