1

Ўзбекистон-Латвия ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди

ЖАМИЯТ 29.05.2014, 11:50
Ўзбекистон-Латвия ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди

Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньшнинг  мамлакатимизга ташрифи доирасида 28 май куни Ўзбекистон ва Латвия ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, банк-молия, ёқилғи-энергетика, машинасозлик, авиаташув, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, геология, озиқ-овқат, кимё, енгил саноат, тўқимачилик, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, мебелсозлик, меъморчилик, фармацевтика, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, божхона, суғурта, экспорт-импорт, алоқа, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, соғлиқни сақлаш, сайёҳлик ва фан-таълим каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ушбу бизнес-форум мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ва ижтимоий йўналишлардаги ҳамкорликни янада юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньш мамлакатларимиз ўзаро ҳамкорликни барча соҳаларда изчил ривожлантириш тарафдори эканини, бунинг учун ҳар икки давлатда ҳам салоҳият ва имкониятлар катта эканини қайд этди.

Латвия – Ўзбекистоннинг Европа минтақасидаги муҳим ҳамкорларидан.  Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Савдо-саноат, сармоя, солиқ, транспорт ва транспорт коммуникациялари, сайёҳлик, стандартлаштириш, маданият, фан-таълим каби кўплаб соҳалар бўйича ҳамкорликка оид битимлар имзоланган. Савдо, иқтисодиёт ва саноат соҳасида Ўзбекистон билан Латвия ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. 

Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётган иқтисодиёти, бизнес юритиш учун яратилган кенг имкониятлар ва имтиёзлар, қонун билан кафолатланган преференциялар ҳамда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик  омиллари чет эллик бизнесменларнинг, жумладан, латвиялик ишбилармонларнинг мамлакатимиз билан фаол ҳамкорлик қилишга  қизиқишини тобора оширмоқда.

Ўзбекистон ва Латвиянинг ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасидаги имкониятлари катта. 2013 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш қарийб 250 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистонда Латвия сармояси иштирокида тузилган 21 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар мебелсозлик, нефтни қайта ишлаш, полиграфия, транспорт ва логистика, улгуржи савдо ва хизмат кўрсатиш ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш каби соҳаларга ихтисослашган. Юртимизда ушбу мамлакатнинг 19 етакчи компанияси ўз ваколатхонасини очган.

Форумда Латвия ишбилармонларига мамлакатимизда иқтисодиётни муттасил ривожлантириш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, сармоя жалб қилишнинг устувор йўналишлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни равнақ топтириш омиллари, молиявий тизимни барқарор тараққий эттириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналаридаги қулайлик ва имтиёзлар тўғрисида маълумот берилди. Меҳмонлар Ўзбекистоннинг нефть-газ, кончилик, сайёҳлик, автомобилсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги салоҳияти билан танишди. Латвиянинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва сармоявий муҳити ҳақида сўз юритилди.

Мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик ялпи ички маҳсулотнинг мунтазам ўсишида муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

– Ўзбекистон – Латвиянинг Марказий Осиёдаги ишончли ҳамкорларидан, – деди Латвия Республикаси иқтисодиёт вазири Вячеслав Домбровский. – Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси мунтазам ўсиб бормоқда. Латвияда ўзбекистонлик сармоядорлар иштирокида тузилган қўшма корхоналар муваффақиятли фаолият юритмоқда. Икки мамлакат ўртасида мунтазам амалга оширилаётган авиақатнов сайёҳлик соҳасидаги истиқболли ҳамкорликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Латвия Ўзбекистон билан бошқа соҳалар қатори таълим жабҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор.

Бизнес-форумда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни, жумладан, транспорт ва логистика, банк сектори, ахборот-коммуникация технологиялари, саноат, сайёҳлик, озиқ-овқат, енгил саноат, тўқимачилик ва фан-таълим соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантиришга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Латвия ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Анжуманда Латвиянинг қатор йирик компанияларидан юзга яқин вакил иштирок этганининг ўзиёқ ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши катта эканидан далолатдир. "LDZ Cargo", "Astra Logistic", "Ave Trans Group", "BAO", "HCT Automotive", "IMC Scrapers EAME", "Baltbio", "Travel Agency Spare", "Tonus Elast", "Lauma Fabrics", "A&A Logistic" каби компаниялар вакиллари Ўзбекистон бозоридаги ўз фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш ниятида эканини қайд этди.

Бизнес-форум доирасида таълим, енгил саноат, тўқимачилик, экспортни қўллаб-қувватлаш ва коммунал соҳаларда ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди.

Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Латвия ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа ўтказилди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бир қатор товарларни экспорт қилиш бўйича шартномалар тузилди. 

Меҳмонлар “General Motors Powertrain Uzbekistan” ва “Rieter Uzbekistan” корхоналари фаолияти билан танишди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1