Ўзбекистон Президенти “Баркамол авлод” спорт ўйинлари қатнашчиларига табрик йўллади

ЖАМИЯТ 30.05.2014, 10:46
Ўзбекистон Президенти “Баркамол авлод” спорт ўйинлари қатнашчиларига табрик йўллади

Қадрли фарзандларим!

Авваламбор, сиз, азиз болаларимни, сизларни қутлаб турган муҳтарам устоз-мураббийлар, ота-оналар, ёру дўстларингизни Ўзбекистон ҳаётидаги улкан воқеа – ёшлик, камолот ва спорт байрами – “Баркамол авлод” ўйинларининг тантанали очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман, барча-барчангизга соғлик-саломатлик, бахт-саодат, янги-янги омадлар тилашдан бахтиёрман.

Айни шу кунларда янада чирой очиб бораётган Наманган заминига, ушбу мусобақаларга чуқур тайёргарлик кўриб, сизларни бағрини кенг очиб кутиб олаётган, меҳр-оқибат, одамийлик каби фазилатларнинг ўрнини, қадрини биладиган, меҳнаткаш ва меҳмондўст Наманган аҳлига, мана шу муаззам стадионда тўпланиб турган сизларнинг барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматимни изҳор этишдан хурсандман. 

Азиз болаларим, фарзандларим!

Биз бугун мамлакатимизда янги давлат, янги жамият барпо этмоқдамиз. Лўнда қилиб айтганда, биз ўз олдимизга қўйган буюк мақсадлар, яъни, дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини ошириш, ўз эркинлигимизни, ўз мустақиллигимизни ҳимоя қилишга қодир бўлиш, жаҳон миқёсида ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш – бундай улуғвор вазифалар бугунги кунда, ҳеч шубҳасиз, барчамизга яхши аёндир.

Албатта, бундай олий мақсадларга эришиш барчамиздан оғир ва машаққатли меҳнатни, катта синовлардан ўтиш, бошлаган йўлимизни давом эттиришни, фидойиликни, бир ёқадан бош чиқариб, бирдамлик билан ҳаракат қилишни, курашишни талаб этади.

Яна бир фикрни чуқур англаб олишни истардим. Биз кўзлаган юксак марраларга эришишнинг энг катта, энг муҳим шарти ва омили – бу авваламбор ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмасдан, бошини баланд кўтариб яшайдиган, Ватанимизнинг тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган баркамол авлодимиз, мана шу муҳташам стадионда тўпланган сизлар каби минг-минглаб ёшларимиз, ўз фарзандларимиздир.

Биз орзу қилган, биз интилаётган буюк келажагимизни қуришда, барпо этишда биз сиз, азизларни энг катта ишончимиз, энг катта таянчимиз, деб биламиз. 

Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкин – бугунги кунда она юртимизда дунёдаги бошқа мамлакатларнинг ҳавасини тортаётган замонавий таълим ва тарбия тизими, ўқув масканлари барпо этилган. Болаларимиз тўққиз йиллик умумтаълим мактабларини битириб, қишлоқ ва шаҳарларимизда янгитдан қурилган 1500 дан зиёд энг замонавий лицей ва коллежларда 3 йил давомида таҳсил олади. Бу ўқув юртлари энг илғор илм-фан ва тараққиёт сирларини ўзлаштиришга, 2-3 та касб-ҳунарни, хорижий тилларни, Интернет ва ахборот-коммуникация технологияларини пухта эгаллашга имкон яратади ва бугунги замон талабига жавоб берадиган етук мутахассисларни тайёрлайди.

Энг муҳими, йигит ва қизларимиз ана шу лицей ва коллежларни битириб, ўз она юртига, ўз Ватанига садоқатли бўлиш мактабини ўтайди, ҳаётга онгли қадам қўйишга, жамиятда ўзига муносиб ўрин топишга тайёр бўлади.

Менинг ишончим комил – ҳам билим, ҳам касб-ҳунар берадиган бундай ўқув юрти, билим ўчоғини битириб чиққан сиз азиз болаларимизнинг ҳар бири, мана, мен ҳеч кимдан кам бўлмай, озод Ватанда вояга етдим, энди менинг келажагим ўз қўлимда, ота-онам, эл-юртимнинг ишончини оқлайман, деган фикр билан яшаши муқаррар. Бундай авлоднинг қадди ҳам, қадри ҳам баланд, эртанги куни албатта ёруғ бўлади. 

Ҳурматли мусобақа иштирокчилари!

Бугунги кунда униб-ўсиб келаётган, баркамол авлод бўлиб вояга етаётган ёшларимизнинг барчаси ўз ҳаёти, ўз келажагини спортсиз тасаввур этолмайди, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Сизларнинг билим ва касб-ҳунар чўққиларини эгаллаш билан бирга, спортга меҳр қўйиб, халқаро олимпиада ўйинларининг барча белги-аломатларини ўзида мужассам этган ушбу “кичик Олимпиада”нинг финал босқичига етиб келиш учун қандай тинимсиз машқ қилганингиз, ирода ва маҳорат кўрсатиб, қандай синов ва қийинчиликларни енгиб ўтганингизни мен ўзимга яхши тасаввур қиламан. Сизларнинг мана шундай марраларни қўлга киритганингизнинг ўзи, ҳеч шубҳасиз, катта ғалаба. 

Агар 2011 йилда бўлиб ўтган “Баркамол авлод” мусобақаларининг саралаш босқичида 700 мингдан ортиқ ўқувчи иштирок этган бўлса, 2014 йилда бу рақам 810 минг нафарни ташкил этаётгани ҳам, мазкур беллашувларнинг қамрови кенгайиб, кураш майдонларидаги баҳслар нақадар қизғин ва муросасиз кечганидан далолат беради.

Барчамиз яхши биламизки, ҳаётдаги ҳар қандай ютуқ, айниқса, спорт оламидаги ғалаба ўз-ўзидан келмайди. Спорт майдонларида эришиладиган ютуқ – бу аввало бутун борлиғини сафарбар этиб, ўз олдига қўйган мақсад йўлида ўзини енгиб, ўзини аямасдан, курашиб яшайдиган инсоннинг ютуғи, ана шу инсонни тарбиялаб вояга етказган таълим-тарбия масканининг, бутун жамиятимизнинг ютуғидир.

Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкин: катта спортга интилган, бу йўлда эндигина ўзининг илк қадамини қўяётган ҳар қайси ёш спортчимиз бугун жаҳон майдонларида Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган, номлари бутун Ўзбекистонда машҳур бўлган ўнлаб-юзлаб спортчилардан ўрнак ва ибрат олади.

Шулар қаторида бокс бўйича жаҳон чемпиони Бектемир Мелиқўзиев, стол тенниси бўйича халқаро турнир ғолиби Тоҳир Салимов, дзюдо бўйича жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори Сарвар Шомуродов, шахмат бўйича жаҳон чемпионати совриндори Моҳинур Қаҳрамонова, бокс, теннис, оғир атлетика, стол тенниси бўйича халқаро турнирлар ғолиблари Суннатилла Баҳодиров, Ҳумоюн Султонов, Отахон Имомов ҳамда Саидахон Казакова, юнон-рум кураши, таэквондо ва дзюдо бўйича Осиё чемпионати совриндорлари Қамариддин Зайниддинов, Темур Ҳакимов, Ғафур Актамов сингари истеъдодли ёшларимизнинг номларини бугун ҳурмат билан тилга оламиз.

Азиз ва суюкли фарзандларим!

Барчангизнинг ҳаётингизда ёрқин саҳифа бўлиб қоладиган, қизғин ва ҳалол курашлар руҳида, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик муҳитида ўтадиган мусобақаларда сизларга муваффақият тилар эканман, бир фикрни такрор ва такрор айтмоқчиман. 

Биз ўз олдимизга қўйган буюк марраларни эгаллаш йўлида кундалик ҳаётимизда амалга ошираётган, бутун дунё тан олаётган режа ва дастурларимиз, ўсиш суръатларимиз, кундан-кунга қиёфаси ўзгариб, куч-қудратга тўлиб бораётган гўзал ва бетакрор она юртимиз, энг муҳими, ривожланган мамлакатлардаги тенгдошлари билан тиллашув ва беллашувга тайёр бўлиб, тобора ҳал қилувчи куч даражасига кўтарилаётган сиз, азиз ёшларимиз, фарзандларимиз билан биз кўзлаган мақсадларимизга албатта эришамиз. Бунга ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак.

Менинг тилагим, даъватим шуки, Ватанимизнинг, олижаноб халқимизнинг ана шундай меҳри ва ишончига доимо муносиб бўлинг, маррани ҳамиша баланд олиб, билимга, изланиш ва ўрганишга интилиб яшанг, ҳеч қачон бўш келманг, азиз болаларим!

Фурсатдан фойдаланиб, “Баркамол авлод” ўйинларини юксак савияда ўтказиш учун замонавий спорт мажмуалари ва ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этган моҳир қурувчиларга, меъмор ва муҳандисларга, ана шундай эзгу ишларга катта ҳисса қўшган мутасадди ва ҳомий ташкилотларга, бутун Наманган аҳлига ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.

Сизларни бугунги спорт байрами билан яна бир бор табриклаб, барчангизга келгуси ҳаётингизда янги-янги муваффақиятлар тилайман.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1