АсосийJamiyat

«Эразмус +» дастури иштирокчилари Ўзбекистонда

'«Эразмус +» дастури иштирокчилари Ўзбекистонда'ning rasmi

Ер шарида аҳоли сонининг йилдан-йилга ошиши ва глобаллашув жараёнида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ошиб бормоқда. Гўшт, сут, балиқ, тухум, асал… Бу маҳсулотларни етиштириш, уларнинг сифатини янада ошириш ва хавфсизлигини таъминлашда ветеринария йўналишидаги билимларнинг алоҳида ўрни бор.

Шу боис Тошкент давлат аграр университети ташаббуси билан Андижон қишлоқ хўжалиги институти, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти ҳамда Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиалида «Олий аграр таълимни ислоҳ қилиш масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказилмоқда.

Унда Италия, Португалия, Эстония каби Европа мамлакатларининг етакчи аграр университетларидан 20 дан ортиқ олимлар иштирок этмоқда. Қайд этиш зарурки, улар Европа Иттифоқининг «Эразмус +» дастурининг «BUzNET» лойиҳаси иштирокчиларидир. Бу лойиҳадан кўзланган натижа Ўзбекистон аграр таълим муассасаларида ветеринария ва озиқ-овқат йўналишлари ўқув режалари, дастурларини Европа ҳамкор университетлари тажрибасига таянган ҳолда модернизация қилишдан иборат.

Мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармон ижросини таъминлаш ҳамда мамлакатимиз илм-фани нуфузини ошириш орқали халқаро илмий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга қаратилган.

– Тошкент давлат аграр университети билан ҳамкорликда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида бир нечта лойиҳаларни амалга ошираётирмиз, – дейди Пиза университетининг халқаро алоқалар бўйича проректори Алессандра Гуиди. – Ана шу лойиҳалар доирасида Тошкент вилоятидаги чорвадор фермерлар ва сутни қайта ишловчи тадбиркорлар билан учрашдик. Таассуротларим жуда яхши. Келгусида ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш ниятидамиз.

ЎзА хабарига кўра, 24 мартга қадар давом этадиган халқаро анжуманларда “Ветеринария” ва “Озиқ-овқат хавфсизлиги” соҳаларини ривожлантириш, Европанинг ҳамкор университетлари тажрибасига таянган ҳолда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларини олий таълим муассасаларида жорий этиш ҳамда алмашув дастурлари асосида талаба ёшларимизни Европада ўқиши учун имкон яратишга қаратилган масалалар муҳокама қилинади.

    Бошқа янгиликлар