Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 6 июнь куни Оқсаройда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Жозе Грациану да Силвани қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Давлатимиз раҳбари “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференциядаги фаол иштироки учун меҳмонга миннатдорлик билдирди. Президентимиз ФАО озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга доир халқаро сиёсат ва тадбирларни ишлаб чиқиш борасида жаҳон ҳамжамиятининг муҳим институти эканини қайд этди.
Ўзбекистон БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотига аъзо бўлган 2001 йилдан буён мамлакатимизда саккизта миллий ва минтақавий лойиҳа амалга оширилди. Айни пайтда миллий ва минтақавий аҳамиятга молик яна бешта лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Учрашувда ФАО асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги ресурслари бўйича халқаро ва минтақавий мувозанатни шакллантириш, ривожланаётган мамлакатларга энг илғор селекция ва ерга ишлов бериш усуллари, замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш технологияларини жалб этишда, тўғри ва тўйимли овқатланишни таъминлаш масаласини халқаро даражага кўтаришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Суҳбат давомида озиқ-овқат таъминоти, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат экинларининг қурғоқчиликка чидамли янги навлари ва деҳқончиликнинг замонавий усулларини жорий этиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Жозе Грациану да Силва самимий қабул ва конференциянинг юксак савияда ташкил этилгани учун Президентимизга миннатдорлик изҳор этди. Мазкур форум озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш каби долзарб муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирди. Меҳмон ФАО Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтиришга тайёр эканини яна бир бор таъкидлади.





