1

Бўлиб ўтажак Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси ҳинд ОАВ нигоҳида

СИЁСАТ 25.03.2018, 22:16
Бўлиб ўтажак Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси ҳинд ОАВ нигоҳида

Мамлакатимиз пойтахтида бўлиб ўтадиган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги юқори даражадаги халқаро конференция ҳинд оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг шарҳланмоқда.

Масалан, яқинда “Political Events” ахборот-таҳлилий журнали саҳифасида ушбу мавзуга бағишланган салмоқли мақола босилиб чиқди. Унда, жумладан, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига кўмаклашиш йўли билан минтақавий хавфсизликнинг мустаҳкамланиши Ўзбекистон ташқи сиёсатида ўта муҳим устуворлик бўлиб қолаётгани таъкидланган.

Мақолада қайд этилишича, Тошкент барча халқаро ва минтақавий форумларда афғон заминида мустаҳкам тинчлик таъминланиши масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Ўзбекистон пойтахтида Афғонистон бўйича нуфузли форумнинг ташкил этилиши бу йўналишда ташланган муҳим амалий қадам ҳисобланади.

Сўнгра нашр олдинда турган халқаро конференциянинг мақсад ва вазифалари, унга таклиф этилган иштирокчилар ҳамда кутилаётган натижалар ҳақидаги маълумотларни журналхонларнинг эътиборига ҳавола қилади. Янги форматдаги “Марказий Осиё + Афғонистон” ҳамкорлиги биринчи йиғилишининг ўтказилиши тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади.

Мақола муаллифи бўлажак конференция афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишга кўмаклашиш бўйича минтақавий ва халқаро консенсуснинг мустаҳкамланишига кўмаклашиши юзасидан комил ишонч билдирган.

“DiplomacyIndia” ахборот портали ушбу мавзуга мурожаат қилар экан, Тошкент форуми февраль ойи охирида Афғонистон пойтахтида ўтказилган “Кобул жараёни”нинг мантиқий давоми бўлиб қолишини қайд этган. Мақолада Тошкент конференцияси тинч афғон музокараларининг бошланиши учун мустаҳкам замин қўйишга даъват этилгани алоҳида таъкидланган.

“The Economic Times”газетаси, “Daily World”, “Sarkaritel”, “Aninews” сингари интернет порталлари ва бошқа нашрлар ҳам Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференциясига бағишланган материалларни ўз ўқувчиларининг эътиборига ҳавола қилди. Уларда олдинда турган форумнинг турли қирралари очиб берилгани баробарида Ўзбекистон афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилиш жараёнларининг фаол иштирокчиси бўлиб қолаётгани алоҳида қайд этилган.

“Жаҳон” АА,

Деҳли

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1