Чеча (ҳикоя)

МУТОЛАА 21.04.2018, 10:30
Чеча (ҳикоя)

Дунёда мутлақо нотўғри ҳеч нарса йўқ. Ҳатто бузуқ соат ҳам кунига икки маҳал вақтни тўғри кўрсатади.

Паоло Коэльо

Туш кўрдим. Кимдир қўлимдан етаклаб хароба уй остонасига олиб келди. Ёнимдаги кишининг овозини эшитиб турсам-да, ўзини кўрмаётгандим.

“Кир, киравер, – деди у. – Бу сенинг уйинг. Нега қўрқяпсан, нега кирмаяпсан? Ўзинг эгалик қилишинг керак”.

Уй жуда қаровсиз эди. Оёқ ости кўпчиган тупроқ, дарвозахонани ис босиб ётибди, юз йилдан бери қадам босилмаган маконга ўхшарди. Девор сувоқлари бутунлай кўчиб, кесаклари кўриниб қолган, шифтдан бошлаб ерга қадар осилган ўргимчак тўрлари йўлимни тўсиб турарди. Қадам ташлашга ҳайиқиб жойимда қотдим. Қамишпоя ёпилган том қулаб тушаётгандек оғиб қолганди. Зах нафаси, дуд ҳиди димоғимга урилди. Танамга рутубат ёпирилди.

“Йўқ, кирмайман, бу уй меникимас”, дедим қайсарлик билан. Бироқ негадир қўрқувни ҳис қилмаётгандим (туш бўлгани учундир).

“Киравер, уй сени кутяпти, чунки унинг эгаси йўқ, эгасиз уй эса хароба бўлади. Уни сен обод қиласан, у сеники, сизларники...” деди яна бояги овоз.

Чўчиб кўзимни очдим. Соатга қарадим, ярим тун экан. Бир муддат ўтирганим кўйи ўйланиб қолдим.

...Бу уйни танигандим, овоз эгаси ҳам кимлигини фаҳмлагандай бўлдим. Аммо у инсонни ҳеч қачон кўрмаганман (суратини кўрганимни истисно қиладиган бўлсак). Шу уйга илк бор болалигимда қадам ташлаганман.

Ўшанда, билмадим, беш ёшдаманми, олтидами, ишқилиб кичкина қизалоқ эдим, онам эрталабдан мени суюнтирадиган хабар айтди:

– Бугун энангнинг уйига борамиз!

Ур-рэ, онамнинг онаси, яъни энамнинг уйи эртаклардагидек ғаройиб, бепоён боғ-роғу далаларда маза қилиб ўйнаса бўлади.

– Автобусда кетамиз-а? – деб сўрадим.

– Йўқ, ўзи бир қадам жой, – деб жавоб берди онам.

– Ахир йўл узоқ-ку, – дедим эътирозли оҳангда.

– Йўқ, бу бошқа энанг, отанг томондан, – изоҳ берди онам.

– Отамнинг онаси йўқ дегандиз-ку, отанг туғилганида ўлиб қолган, дегансиз.

– Бошқа энанг бор, борганингда кўрасан.

Ҳаяжонга тушдим. Ота томондан ҳам энам бор экан-да. Энди менда ҳам иккита эна бўлади. Хаёлий тасаввурга берилдим. Олди ойнаванд айвонли уй, ичкари ёп-ёруғ ва илиқ. Хонтахта атрофига тўшалган кўрпачада ўтирган, оқ рўмолини елкаси оша ташлаган нурли сиймо менинг энам. Ҳозир борганимдан сўнг у мени бағрига босади ва кекса отам (онамнинг дадаси)га ўхшаб, конфет, майиз, ёнғоқлардан беради.

Онам адл қадам ташлаб кетяпти, мен нотаниш энам билан тезроқ кўришиш илинжида кетидан чопқиллайман. Ўн беш дақиқа юрмасимиздан эскироқ бир уй олдига бурилдик.

– Келдик, – деди онам. – Бу отангнинг уйи.

Бирпасда-я, деган хаёл ўтди кўнглимдан. Бунинг устига уйдан этни жунжиктирувчи салқинлик тараляпти. Дарвозага етганда қадамим секинлашди. Остонадан ҳатлагим келмаса-да, ортиқча хархаша қилмаслик ва янги энани кўриш учун онамнинг ортидан кириб бордим. Ичкари нимқоронғи ва бироз ваҳимали эди. Ёнгинамдан моғор ҳидли намга тўйинган бир шамол изғиб ўтгандек бўлди.

Кўзим қоронғиликка кўниккач, кўрдимки, хонтахта ёнида ҳақиқатан ҳам бир аёл чой ичиб ўтирибди, бироқ мен тасаввур этган энага ўхшамайди: анча ёш, оқ рўмоли ҳам йўқ. Юзи қандайдир қўрқинчли тусда, ёноғида нўхатдек холи бор, ундан икки-учта узун тук ўсиб чиққан, кибрли боқаётган қисиқ кўзлари қиёфасига ғазабнок кўриниш беради. Ёш бўлсам ҳам онам билан сўрашганда энсаси қотганини сездим. Менга қараб ошкора бурун жийириб қўйди.

Юрагимга хавотир оралади. Бу аёл менинг энаммасдир-ов, қариндошмасдирмиз, онам алдамадимикин, деган фикр миямдан лип этиб ўтди. Синчиклаб кузатдим. Катта хонанинг ярми пол қилинган, тупроқли жойига сув сепилган. Биз ўша ерга оёқ кийимларимизни ечдик. Полга турли ўлчамдаги рангию безаклари фарқли унниқиб кетган гиламлар солинган. Кўрпачалар ҳам салкам увада. Ҳамма буюмлар эски, ўтмишга тушиб қолгандек кайфият уйғотади. Ошхона дейилган жойнинг пахса деворларига узун михлар қоқиб ташланиб, рўзғор буюмлари илиб қўйилган эди.

Қизиқ, нариги энамнинг уйи ҳам эски. У ҳам пахса деворли оддий бир уй. Ҳатто шиферли томи ҳам йўқ. Катта бир хонасига эски диванлар, узун хонтахта қўйилган. Қишда қозон-ўчоқ ҳам ичкарида бўлади. Тоғаларимнинг хотинлари ўтин ёқиб, йигирма-ўттиз кишига овқат қилишарди. Ўчоқдаги олов тафти, овқатнинг ширин ҳиди, қумғон чойнинг ёқимли таъми, катталарнинг суҳбати, биз кичкиналарнинг вужур-вужури уйга бошқача бир файз бағишларди. Ҳамма бир дастурхонда овқатланар, овқатдан сўнг ҳазил-ҳузул, яхши гурунглар, баъзан қизғин муҳокамалар билан кун якунига етарди. Бу уйда фақат меҳнат ва шукроналик бор эди, нолиниш йўқ, алам йўқ, дийдиё йўқ, ғурбат йўқ. Уйнинг лой пахса деворларидан меҳр ва инсонийлик ифори анқиб турарди. Нураб бораётган, ўчоқдаги олов сабаб шифтлари қора қурумга ботган бу маконга бир борган одам қайта ва қайта боргиси келаверарди. Ғам, дилсиёҳлик, кимсасизлик, ғазаб, ғариблик, маънан қашшоқлик бу жойларни олисдан айланиб ўтарди.

Мана бу уй эса...

Ота маконинг, деди онам. Тўғриси, бу ота макон менга у қадар ҳам маъқул келмаётганди. Ўйинни баҳоналаб кўчага югурдим. Яхшиямки, ён қўшни уйга дугонам меҳмонга келган экан.

– Сен қайси қариндошингникига келдинг? – сўради у.

– Энамнинг уйи экан, – дедим тилимни ютиброқ.

– Э, унақада юр, энангдан хўрозқандга пул сўраймиз, – деди дугонам.

Унинг ортидан юрагимни ҳовучлабгина дарвозахонадан мўраладим.

– Эна, бизга пул беринг, хўрозқанд оламиз, – бақирди дугонам кўзи нимқоронғиликка ўрганмай туриб дуч келган томонга қараб. У жуда шаддод қиз эди.

– Кишт, йўқол сурбет, бор келган жойингга, заҳар ялагур, – овоз келди ичкаридан.

Дугонам жаҳл билан бир нималар деб минғиллаб қариндошининг уйига йўналди. Кетидан хижолат тортиб менам эргашдим.

– Энанг ёмон аёл экан-а? – деди у бироз жаҳли чиқиб.

– Унчаликмасдир, ўзим ҳам ҳозир кўриб турибман, – дедим.

– Шу ерда биз билан ўйнайвер, у ёққа борма, – деди бироз ҳадиксираган оҳангда.

“Энам”нинг бу қилиғидан уялиб, бироз асабийлашиб ўйинни давом эттирдим.

Кейин онам чиқиб, мени чорлади. Кетамиз, хайрият. “Энам” бизни кузатишга ҳам чиқмади. Барча безовталикларимни шу ерга ташлаб, енгил тортдим-да, онамнинг олдига тушиб, кун иссиғида уйга жўнадик. Бу “энам”нинг уйига қайта келишни хоҳламасдим. Бошқа келмайман.

Кечки пайт отам онамдан сўради:

– Чечам бутунлай қайтиб келибдими?

– Шунақага ўхшайди,–жавобни қисқа қилди онам.

Зимдан гапларига қулоқ солиб ўтириб, бу аёл отамнинг онаси эмаслиги билиб олдим. Шунақа хурсанд бўлдимки, асти қўяверасиз. Отам бу аёлни чечам деди. Демак, келин ойиси, ҳар қалай қариндош эмас экан. Унинг холидан ўсиб чиққан узун туклари ҳалиям кўз ўнгимдан кетмаётганди. У аёлни эна деёлмасдим. Отамнинг ота-онаси гўдаклигида ўтиб кетишган, етимликда ўсган. Биттаю битта холаси отамга ўртанча опамни кўрсатиб, “Шу қизинг онангга ўхшайди”, деганини эшитганман. Менинг опам баланд бўйли, оқ юзли, думалоқ кўзлари чақнаб турадиган чиройли қиз. Бунинг устига хатти-ҳаракатлари намунали, одобли ва зеҳнли. Юзида ҳеч қандай холи ҳам йўқ, ундан ўсиб чиққан туклари ҳам йўқ. Холасининг шу биргина гапи сабаблими, отам тўртала қизи ичида шу опамни бошқача яхши кўради. Она қизим, дейди. Ажабмас, умрида суратини ҳам кўрмаган онаси сиймосини опамнинг юзида кўрган бўлса.

Яна билиб олдимки, отамнинг холи бор чечаси бошқа туманга эрга тегиб кетган экан, ҳозирда қайтиб келиб турган жойи экан. Оёқ-қўли чаққон онам ҳам эшитган заҳоти мени етаклаб борибди. Чеча “у ёқдалик” пайтида уйини бир ёш оилага ижарага берган экан. Шунга мен ҳечам бу уйга бориб кўрмаганманми, ҳар қалай, биринчи таассуротим шундай бўлди.

Кейинги гал ўша уйга отам, онам, кичик опам ва мен бирга бордик. Бу сафар у қадар қўрқмадим, отам бор жойда унча-мунчага қўрқадиган одатим йўқ. Отам ёввойи ўт ва қамишларини ўрди, ҳовлини тозалади, онам ва опам эса ичкари уйларни йиғиштиришди. Онам ҳовлида тупроққа қорилиб ётган темир беланчакни кўрсатиб, қара, мана аканг билан катта опангнинг беланчаги, деди суюнганича уни силар экан. Соддагина онам оёғи олти, қўли етти бўлиб иш қиларди. У ёқдан бу ёққа учиб бориб келар, ҳар-ҳар замонда ёнимга келиб, келинлик уйим, келин бўлиб тушган уйим, аканг билан катта опанг шу уйда туғилишган, деб қўярди.

Нимасига қувоняпти экан онам шу уйнинг? Ўрнида бўлганимда бунчалар севинмасдим. Ўшанда энангнинг уйига олиб бораман, деб чечаникига олиб боргани учун онамдан андак ранжиб ҳам юргандим.

Шу-шу чеча бизникига олдинига ҳафтасига бир-икки, акам уйланганидан сўнг эса ҳар куни келадиган бўлди. Ота-онам, акам ишда бўлишар, катта опам узатилган, ўртанчаси пойтахтда ўқияпти, уйда мен, кичик опам ва янги келинимиз қолардик. Кичик опам бўй етиб қолган қиз, ёшларимиздаги фарқ узунроқ. Ҳар куни тушлик маҳали кириб келадиган буаёлни опам иккаламиз унчалик хушламасдик. Ҳар қалай энди уйимизда келинчак бор. Шундай чиройли келин ойимизга бу аёлни яқин қариндошимиз, деб айтгимиз келмасди. Ғалати феълли яқинлари бор экан буларнинг деган ўйга бормасмиканлар деб ҳадиксираб турардик. Лекин келин ойимиз бир зумда хушмуомалалик билан меҳмонни кутиб олар, тезгина нон-чой ҳозирлаб, овқат сузиб келтирар, одоб юзасидан суҳбатлашиб ҳам ўтирарди. Мен эса бу аёлни кўрганим заҳоти кўчага чопар, кетгунича дугоналарим билан ўйнаб юрардим.

Бирон ойлардан сўнг оиламизга янги меҳмон келиши хабарини эшитиб хурсанд бўлиб юргандик. Келин ойимиз катта ҳовли, қайнана-қайната хизматидан ортиб, бу аёлнинг ҳам кўнглини оламан деб югуриб-елишларидан опам бироз ташвиш чекиб, ғашланар, чечани баттар ёқтирмай бошлаганди.

– Бу аёлни бунчалик сийлашингиз шарт эмас, ўзингизни кўпам уринтираверманг, – шипшиди охири келинимизга секингина.

Аммо келин ойимиз барибир ҳар доимгидай йўл тутаверди.

Чеча мени ва опамни кўрганида қовоғини солар, юзини терс ўгириб алланималар деб пўнғилларди. Баъзида ҳақоратли сўзлари қулоғимга чалиниб қоларди. Истеҳзоли қарашлари, бизни назар-писанд қилмаётганлигини сезиб турардим. У оиламиздан ҳеч кимни ёқтирмас, ҳозирча фақат келинимизгина унинг кўнглига йўл топаётганди.

Бир куни чеча яна келганида уйда ўзим эдим. У кириб келиб, ҳар доимги жойига ўтирди. Мен эса салом бериб, кўчага чопқилламоқчи бўлдим.

– Ҳой, қорача қиз, менга қара, – деди.

Ортимга ўгирилиб ёнига бордим.

– Келин ойинг қани? – сўради чеча.

– Шафтоли егиси келаётган экан, катта опам билан бозорга кетишди, – дедим ҳозиржавоблик билан.

– Шунақа де, – деди чечанинг юзи хиёл таранг тортиб. – Бундан чиқди, онанг неварали бўлар экан-да, – деди гарангсиброқ.

– Онамнинг невараси бор-ку, – дедим бурро-бурро қилиб. Катта опамнинг ўғли бор эди.

– Биламан, жим тур, – деди у пашша қўригандай менга қўлини силталаб.

Сўнг андак ўйланиб қолиб, яна юзланди.

– Биласанми, кимга ўхшайсан? – деди чеча мазмундор оҳангда.

– Онам қайсарлигинг ва феълинг отангга тортган, дейди, – дарҳол жавоб қайтардим.

– Йўқ, сен онангга ўхшайсан, кўринишинг худди ўзи. Ўша, мени азоблаб келган қиёфа.Худойимгаям ҳайронман, нега онангга қўшқўллаб бахт тутқазаверар экан-а?! Ахир уям бир банда, менам бир банда, иккимиз ҳам битта уйга келин бўлиб тушдик. Фақат, нега у бутун умр яйраб яшаяпти, мен эса ҳасратда ўтаяпман. Нега тақдир унгагина кулиб боқаверади? – сўради ўсмоқчилаб.

– Билмасам... – дедим елка қисиб.

– Худо унга ўғил берди, қиз берди. Кўчада қолар деб уйдан кеткизсам, данғиллама уй-жой қурди. Болаларини пойтахтда ўқитяпти. Отанг оддий ишчи эди, аканг раҳбар бўлибди. Онангга Худо бир этак бола бергани етмагандай, мана энди невара кетидан невара. Нима деб ўйлайсан, бир аёлга шунчалар бахт кўп эмасми? – деди юзимга ўйчан ва совуқ тикилиб.

– Билмасам... – дедим яна. Сўнг мен ҳам хаёлга ботдим. Нимаси бахтли экан шу онамнинг, дея ўйладим. Уй, мол-ҳол, томорқа, яна давлат ерига экин-тикин қилади, камига қўшни аёл билан ҳамкорликда савдо-сотиқ билан ҳам шуғулланади. Ҳали нон ёпади, ҳали сигир соғади, ҳали кетмон чопади, ҳали бозор-ўчарга югуради, ҳали меҳмон кутган, ҳали мол суғорган. Ҳаммага тиним бор, онамга тиним йўқ. Кўзгу олдида ўтириб ўзига оро бериш йўқ, сиҳатгоҳма-сиҳатгоҳ юриш йўқ, бизнинг инжиқликларимиз, ниҳояси йўқ муаммоларимиз, дадамнинг қўрс феъли, қўни-қўшни, қариндош-уруғ дегандай. Саноқли кўйлаги бор холос. Бошқа аёллардай ял-ял товланиб кийиниб юрганини кўрмаганман. Мана шуларнинг нимаси бахт экан, ҳайронман. Бу хотин онамни бахтли деб янглишмаяптимикин?!

– Сени онанг умр бўйи бахт деган мўъжизани менга кўз-кўзлаб яшаб келяпти, – гапида давом этди чеча. – Кўп ўйлайман, отанг бир етим эди, ҳалол меҳнат билан тўрт танга топарди. Онанг келин бўлиб келди, сўнг бир дардимга минг дард қўшиб ўғилли бўлди, аканг туғилганида амакинг билан отангнинг кўзлари бахтга кўмилди. Онанг отангнинг меҳрини, амакингнинг ҳурматини қозонди. Мени эса ҳеч ким севмади, Худо менга тирноқ ҳам ато этмади. Онанг фарзанд кўриш орқали менинг туғмас аёл эканимни ҳаммага тасдиқлаб берди. Шу учунам уни жиним суймайди. Тушундингми? – деди дўқ ургандай қилиб кўзларимга қараб.

– Ҳа, – деб бош ирғадим қўрқибгина.

– Отанг-чи отанг, ҳеч нимаси йўқ етим, аммо ғурури тоғдан баланд. Кўчада қолдирсам, таъзирини ер деб ўчакишдим. Уйдан кетди-ю, ундан минг карра авлосини қуриб олди. Наҳотки одамлар Худонинг инъомларини тинимсиз олаверадилар. Менга эса ҳеч нима йўқ. Эрим ёш ўтиб кетди, фарзандим йўқ, анави бадбахтлик ин қурган уй ҳам етим ака-укаларники, – деди хўрсиниб.

Ҳар гал отамни етим деб атаётгани юрагимга ўқдай ботаётганди.

– Ҳадеб отамни етим деяверманг. У етим эмас. Отаси урушда ўлган, онаси эса гўдаклигида вафот этган, кейин бувисиям қариб ўлиб қолган, сўнг бир ўзи қолишга мажбур бўлган, – дедим онамдан эшитган гапларимни такрорлаб.

– Бунча ғурурли чиқиб қолдинг сен? – дедичеча. – Ростданам отангга ўхшабсан. Уни ҳам ўзича мағрур эди. Ҳа, етим бўлганидан сўнг етим дейман-да, ота-онанг оддий ишчи бўлса, сизларга Тошкенда ўқишни ким қўйибди, тилни икки қарич қилиб гап қайтаришни ким қўйибди! – деди жаҳл билан. – Сенинг ота-онангни деб гулдай умрим ғамда ўтди. Ҳамманг маза қилиб яшайверинглар, янада кўпайинглар, қарғаганим сари гуллаб яшнайверинглар... – у яна алланималар деб тўнғиллаганича чиқиб кетди.

Отам ишдан келганида ёнини олганимни, чечага гап қайтарганимни фахр билан айтдим. Хурсанд бўлар деб ўйловдим, аммо отам:

– Чакки қилибсан, қизим, – деди. – Чой дамлаб, овқат сузиб бериб кузатмабсан-да, энди катта бўляпсан, уй ишларига аралашавер. Эркаликни қўйиб, келин ойингга қараш.

Танбеҳ тўғри эди. Зеро, бу уйда эсимни таниганимдан бери рўзғор юмушларини онам, опаларим, кейинчалик келинимиз бажарарди. Мен эса беғам, беташвиш юраверардим. Онамнинг замонавий аёл бўлишини, пардоз-андоз қилишини, ҳамма “Вой, онанг жуда чиройли аёл экан-а”, деб оғиз очиб қолишини истардим. Уни дунёдаги энг гўзал аёл деб тан олишларини хоҳлаганман. Агар одам уй ишларини қилаверса, жонини койитаверса, онамга ўхшаб оддий ва содда бўлиб қолади, деб ўйлаганим учун ҳам биронта юмушга чалғимасдим. Онам, опаларим, келинимиз бор экан, бундай ташвишлар менга бегона эди.

Кўп ўтмай ёш эканимга қарамай мени ҳам пойтахтга ўқишга жўнатишди ва ўша аёлни ҳам, деворларидан қайғу, алам, зулмат, ёлғизлик, бебахтлик ёғилиб турган уйни ҳам бутунлай унутдим. Ўқишни узлуксиз давом эттираётганим боис Тошкентда қолиб кетдим. Орада (қачонлигини эслолмайман) чечанинг оламдан ўтгани қулоғимга чалингандай бўлди. Аммо бу хабар заррачаям эътиборимни тортмади.

Кейинчалик турмушга чиқдим. Фарзандли бўлганимдан сўнг узоқ йўл босиб пойтахтдан уйга бордим. Шунда гап орасида амаким ҳақида гап очилди.

– Айтгандек, ўша уй нима бўлди, ахир уни сиз ва акангиз қургансизлар-ку, ҳозир ким яшаяпти? – деб отамдан сўрадим.

Чечанинг жиянлари яшаётган экан.

– Лекин уй сизники-ку, буни ҳамма билади. Ўз қўлингиз билан...

– Қизим, – гапимни бўлди отам. – Қайси биринглар ўша уйга муҳтожсизлар? – деб сўради.

– Ҳаммамизнинг уй-жойимиз бор, – дедим тутилиб.

– Унда нима муаммо? – деди отам юзимга тикилиб.

Индолмадим.

– Ҳозир ўша уйни бўшатиб беришса, бориб яшайсанми? – деб сўради отам.

– Йўқ, асло, – дедим шоша-пиша.

– Менам яшамайман, – деди отам. – Мениям уйим бор. Мана уйим — кенг-мўл, хотиржам ва файзли.

– Лекин кичик опам “дом”да туради-ку, – дедим эътироз билдириб.

– Нима бўлгандаям ўз уйи. Опанг ҳали данғиллама уй-жойлар қуради, ҳар кимнинг пешанасига берсин. Қолаверса, мен бахтли бўлиб яшамаган жойимда, кун кўрмаган маконимда болаларим қандай яшасин? Сизларни ўша муҳитдан олиб чиқиб кетиш учун не ҳасратда уй тикламадимми? Энди ўзим олиб бориб ўша уйга киритайми, йўқ, – деди отам бошини чайқаб. – Дунёга келганки бандаси ўзига тегишлисини олади. Мен учун у уй раҳматли акамники эди. У киши жаннати инсон эди. Юзларидан нур ёғиларди. Одамларга ёрдам беришни фахр деб биларди. Кишиларнинг оғирини енгил қилиб қувонч топарди. Хушмуомала, оқкўнгил киши экани боисиданми, Яратган эгам суйганини эрта олди. Онанг иккимиз ортидан бўзлаб қолавердик. Акамнинг фарзанди йўқ эди. У кишидан менга фақатгина чечам ёдгор бўлиб қолди. Энди акамни эслатиб турувчи биргина инсоннинг бошпанасига кўз тикаманми? Чечам менга уйни ўз номингга ўтказ, деб қайта-қайта айтган. Аммо бу ишни акамнинг хотирасига оёқ қўйиш деб ҳисоблаганим учун ҳам рад қилганман.

Шу суҳбатдан кўп ўтмай отам ҳам ёруғ дунёни ташлаб кетди. Онамдан отам ва чечаси муносабатлари қандай бўлганини сўрадим.

– Амакингдай одамни ёруғ дунёда бошқа кўрмадим. Лекин чечанинг феъли оғирроқ эди. Мен келин бўлиб тушганимда у отангни тинмай камситарди. Чунки амакинг хотинидан кўра укасини кўпроқ яхши кўришини ҳамма биларди. Чеча эрининг укасига бўлган меҳрини жуда қизғанарди. Балки фарзандли бўлганимда укасига бу қадар меҳрибон бўлмасмиди, деб ўйлаган бўлиши ҳам мумкин. Чеча томонидан ошкора кесатиқлар, баъзан ҳақоратлар, носамимий муносабат туфайли уйдан чиқиб кетишга мажбур бўлдик. Шундаям амакинг бизни ташлаб қўймади. Топган-тутганини бизга таширди. Эҳтимол, мана шундай бағрикенглик билан бизга талпинавериши чечага ёқмагандир. Нима бўлганда ҳам ўша кунлар ўтиб кетди. Минг афсуслар бўлсин, ака деб этагини тутган инсонимиз бизни жуда эрта ташлаб кетди, – деди онам кўзига ёш олиб куюнчаклик билан.

Эндиликда анча ақлим кирганди, чеча айтганидай, онам чинданам бахтли аёл эканини тушуниб етганимга анча бўлган, гўзаллиги борасида эса айтишим мумкинки, онам ўзим учун энг чиройли аёл эди: ўзимизнинг одми ўзбек аёли. Ўшанда болаларча ҳавасларим амалга ошиб, онам бирданига ўзгариб, сочларини калта кестириб, рўмол ўрамасдан ясан-тусанга берилган аёлга айланишини ҳозирда сира истамайман. Онамдаги мунисликнинг баҳоси йўқлигини яхши биламан.

Бир неча йиллардан сўнг танишим билан кўришиб қолганимда, у қайсидир қариндоши ҳақида гап очди.

– У сизларнинг уйингизда яшайди, келин бўлиб тушганида, уни ўша уйга алоҳида рўзғор қилиб чиқаришди, – деди менга. – Катта отангнинг қабри қаердалигини сўраб юрибди.

– Қайси уй? – деб сўрадим ҳайрон бўлиб. Чунки бу пайтга келиб ака-опаларим отам айтганидай қўша-қўшадан ҳовли-жойли бўлишган, баъзилари бўш турганди. Ўша уйлардан бирида кимдир яшаяпти шекилли, отамнинг қабрини нима қиларкан, деб ўйлаб қолдим.

– Кечалари алаҳлаб чиқяпти экан. Уйда безовта руҳ бор деяпти. Бориб қабрини зиёрат қилиб, худойи қилмоқчи экан, – тушунтириш киритди ҳайрон бўлганимни кўриб.

– Нега алаҳлайди? Отамизга ўзимиз худойи қиламиз, нима учун бировлар қилиши керак экан, – дедим. Гапларининг мазмунини ҳалиям тушунмаётгандим.

– Э, бошқа отангни айтяпман, – деди у ҳам вазиятимни англаб, – катта отанг — амакингни.

– Ҳа-а, – дедим. Тавба, хаёлимга келмаганини қаранг.

Амакимиз руҳи поки ҳақига илгарилари отам, кейинчалик онам ва акам тинмай дуода бўлиб, эҳсон қилиб туришади. Қолаверса, мен ҳам ўзим кўрмаган, фақат исмларини биладиган бобокалонларимиз-у, энг сўнгида отамнинг хотирасига, ҳатто дунёдан ўтган холамнинг турмуш ўртоғидан тортиб опамнинг қайнанаси ҳақига ҳам дуода бўлардим. Амакимни-ку, кунда-шунда эслайман. Эшитишимча, у киши тириклигида беозор киши бўлган экан. Энди ўтганига қирқ йиллар бўлганида руҳи кимнидир безовта қилишига ишонмайман. Балки чечанинг руҳидир, ўйладим мен. Деворларидан андуҳ таралиб турган уй соҳибаси у дунёдаям безовтамикин?

Амаким тушимда бекорга мени ўша уйга бошлаб кирмади. Чеча учун бир бор ҳам юзимга фотиҳа тортмаганимга хафа бўлдимикан, деб ўйлаб қолдим. Чечанинг қабрини бир бор йўқламаганимга ўпкаладимикан? Қаровсиз уйни кўрсатгани — чечанинг ҳақига дуо қилиб қўй, деганимикан?

Ишдан келаётсам, бир лўли аёл тўхтатди.

– Ҳай, синглим, садақа беринг, тан-жонингиз соғ бўлсин, – деди қўлини дуога очиб.

Майда пулим бор экан, узатдим.

– Синглим бир гап айтаман, бироқ фол деб ўйламанг. Уйингиз остонасида бир арвоҳ сиздан умидвор бўлиб ўтирибди, доим умидвор юради, сиз эса уни эсламайсиз ҳам, – деди.

Бошқа пайт бўлганида гапига парво қилмай кетаверардим. Эрталабки туш кўрганим эсимга тушиб, яна хомуш тортдим. Чечамикан? Мендан умидвор бўлиб келганмикан?

Ҳа, отамга ўхшашим рост. Ўжарлигим ҳаддан зиёд. Мен бу аёл ҳаётлигида бир чойнак чой дамлаб бермадим, кунда бориб остонасини супурмадим, кўнглини оладиган гап айтмадим. Ким билсин, ўшанда бола эдимми, қайсарми — энди булар аҳамиятсиз. Охир-оқибат амаким тушимга кириб мени бундан огоҳ этгунига қадар қалб кўзларим юмуқ бўлди. Тиловат қилганимда уруғ-аймоғимиздан ўтганларнинг барчасининг исмини жуфтиники билан қўшиб ўқидим, амакимнинг номини эса ҳамиша ёлғиз тилга олдим. Чунки ўша кичкина қизалоқ пайтларимда шкаф тепасига тирмашиб чиқиб, амакимнинг портретини олиб узоқ тикилиб ўтирардим. Суратдан ниҳоятда келишган оқ-сариқдан келган зумрад кўзли навқирон киши тикилиб турар, чеҳраси сокин, беғубор ва ғоят улуғвор эди. Мен хаёлларимда ҳам, дуоларимда ҳам суратдаги кишини чеча билан бирга тасаввур этолмасдим. Бунга уринмаганман ҳам. Мен учун амакимнинг аёл жуфти йўқ эди. Ҳозир ҳам шундай.

Шукр, ўша уй ҳозир обод, яхшигина келин-куёв яшаб ўтиришибди экан. Билганим шуки, агар ўтиб кетган кунлар ҳозир берилганида ёлғизгина амакимнинг ҳақ-ҳурмати учун ҳам чечани бошимга кўтарардим, шу яхши инсоннинг қадамлари теккани учун уй остонасини сочим билан супурардим, деворларнинг ҳар қаричида оталаримнинг қўл излари борлиги учун пешанамга тавоф қилардим. Чунки эндиликда амакимни эслатиб турадиган икки моддиюн бор. Биринчиси, у кишининг қабри (бу қабристонга мени шунчалар кўп олиб боришганки, ўша жойни амакимнинг уйи дейиш мен учун тўғрироқ бўларди). Иккинчиси эса етимликда ўсган ака-укалар ўз қўллари билан қурган уй. Ким билсин, уни тиклаётганларида бахт умидида бўлишгандир, шод яшашни исташгандир, оила қуриб, ҳаммалари бирга-бирга ғариб ўтган болалик хотираларини рўёга айлантирмоқчи бўлишгандир. Бироқ негадир ҳаммаси сал бошқачароқ кечган.

Улар ўтиб кетишди, чеча ҳам йўқ. Ортда бизлар қолдик. Буёғига ўтганларга ҳам, тирикларга ҳам яхшилик сўраниб яшаш жоиз. Қалб тоза бўлса, ғурбатлар ариб, бахт йўллари очилаверади.

Бир замонлар чечанинг кўнглини олай деб елиб-югуриб хизмат қилган келин ойимизни Яратган ўз саодатлари билан ёрлақасин. Учинчи ўғлига амакимизнинг исмини бериб, ота-онамнинг бошини кўкка етказгани учун акам билан бирга ҳамишалик қувончда яшасин.

Чечанинг ҳам руҳи шод бўлиб, хотиржам тортсин. Барча аламлари ёлғон дунёда қолган бўлсин. Оллоҳ у дунёсини обод қилиб, бу ҳаётда кўрмаган хуррамликларига чин дунёда эришсин. Уйининг чироғини ёқиб ўтирганларни ҳам Ўзи қўлласин. Ғам кўришмасин, армон кўришмасин. Қўша-қўша фарзанд, бир гала невара-чеваралар кўришсин. Уйга сингиб кетган барча нохушликларни болаларнинг қийқириғи ювиб кетсин. Файз кирсин, меҳр кирсин, нур кирсин, қувонч кирсин — амакимиз руҳи шод бўлсин. Чечанинг руҳи таскин топиб, уларни ҳеч замонда безовта қилмасин. Илоҳо, шу аёлнинг охирати обод бўлсин.

Омин

Хосият Ражабова

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1