Бир инсонга қаттиқ боғланиб қолмаслик учун нима қилиш керак?

СУҒДИЁНА 23.04.2018, 12:08
Бир инсонга қаттиқ боғланиб қолмаслик учун нима қилиш керак?

— Атрофимда менга яқин бўлган ёки янги танишган инсонларга тез боғланиб қоламан. Масалан, бирор одам билан танишиб, дўст ё дугона тутинсам, у билан тез-тез гаплашгим келаверади. Хоҳ телефонда, хоҳ интернет орқали бўлсин, ҳол-аҳвол сўраш баҳонасида уни безовта қилаверадиган одатим бор. Бу менга ёқади. Лекин у қўнғироқларимга жавоб бермаса, асабийлашиб кетаман, қайсарлигим тутиб қайта-қайта қўнғироқ қилавераман. Мен хоҳлаган вақтда у ҳам менга вақт топишини истайман. Ўйлаб қарасам, бу ўзимни ўзим қийнаш экан... Бу одатдан қандай қутулсам бўлади ёки энди кечми?

Айгул, 23 ёш, Нукус шаҳри

— Бирор кимга боғланиб қолиш туйғуси болаликдан шаклланади. Дастлаб ёш бола онасига, бувисига, отасига ёки бобосига, яъни ким кўпроқ меҳр кўрсатган бўлса, шу инсонга боғланиб қолади. Сўнг боғчага борганда боғча опасига, у ердаги болаларга боғланиб қолади. Шу тариқа жамиятга кириб келиб, атрофидаги маълум бир одамларга боғланиб қолиш туйғуси давом этаверади.

Боғланиб қолишнинг меъёрлари бўлиши керак, баъзида бу меъёр ошиб кетади. Бунга сабаб, болаликда етарлича меҳр кўрмаслик, эътиборда бўлмаслик, ўз қобиғига ўралиб қолишликдан, катталар томонидан қўйилган жуда қаттиқ чекловлар, кучли назорат остида ўсганликдан, дейиш мумкин. Улғайганда эса бола ўзини эркин ҳис қилолмай, ўша “рамка” ичида яшайди ва боғланиб қолган инсонларини ҳам шу “рамка”га солгиси келади. Болаликда тўймаган меҳрни ўша боғланиб қолган инсонидан қидиради. Шу меҳрни йўқотиб қўйишдан қўрқиб, уни қўйиб юборгиси келмайди.

Эътибор берсангиз, бундай инсонларнинг дўсту дугоналари кам бўлади, ҳамма билан осон чиқишиб кетолмайди. Буни эгоистик боғланиш деб аташ мумкин. Бунда боғланиб қолган инсоннинг у билан суҳбат қилишга вақти борми-йўқми, гаплашишни истайдими-истамайдими — бу қизиқтирмайди.

Аввалига у инсон яқин дугона ёки дўст топганидан, у тез-тез ҳол-аҳвол сўраб туришиданхурсанд бўлади. Лекин бу меъёридан ошиб бораверса, у сиздан узоқлашишни, ўзини олиб қочишни бошлайди.

Албатта, боғланиб қолган инсонингиз ҳар йўқлаганингизда сизга “лаббай” деёлмаса, сиз истаган вақтингизда ёнингизда бўлолмаса ва сиз бундан агрессияга тушсангиз, ортиқча руҳий зўриқиш бўлса, бу одатдан қутулишингиз шарт! Акс ҳолда жамиятда ўз ўрнингизни топишда жуда қийналасиз. Бунда муносабатлар ҳам узоққа бормайди. Сиз ортиқча зўриқишдан чарчайсиз.

Бир одамга боғланиб қолишдан қутулиш учун нима қилиш керак?

  • Соғлом кўникмаларни ҳосил қилинг. Ҳеч бир инсон фақат сизга тегишли эмас. У ҳам мустақил, унинг ҳам ўз ҳаёти бор. Шунинг учун атрофингиздаги одамларни, шу жумладан, боғланиб қолган инсонингизни борича қабул қилинг.
  • Ўзингизни турли юмушлар билан банд қилинг. Бўш вақтингиз борми, уни албатта, бирор қизиққан машғулот билан ўтказинг. Бир неча фаолият тури билан шуғулланган одам ҳар бир жабҳада турли муҳитни, турли одамларни кўради ва бир одамга боғланиб қолмайди.

Шунингдек, боғланиб қолиш қарама-қарши жинс вакиллари ўртасида ҳам бўлади. Буни улар севги деб ўйлашади. Эгоистик боғланиб қолиш билан севгини қандай фарқлаш мумкин? Буни биргина мисолда кўриб чиқамиз.

Сиз севган инсонингизнинг ютуқ ва муваффақиятларидан унданам кўп хурсанд бўласизми? Ёки унинг ютуқлари сизни қувонтирмайдими, балки умуман қизиқтирмас? Ўша ютуқларга эришиш учун сарфлаган вақтини сизга бағишлаганда яхши бўлармиди? Демак, энди хулоса қилинг, сиз учун қай бири муҳим?

Агар ҳамроҳингизнинг муваффақиятлари сизни ҳам қувонтирса, туйғуларингиз севги эканидан, агар аксинча бўлса, эгоистик боғланиб қолганлигингиздан дарак.

Боғланиб қолишнинг яна бир тури бор. Бу — ота-она, бобо-буви каби инсонларга, яъни бошқарувчига боғланиб қолишдир. Бунда ҳаётингизни кимдир бошқариши керак. Ўз масъулиятларингизни шу бошқарувчига топшириб қўясиз. Сизга шундай яшаш осон. Шундай тоифа инсонларга айтар гапимиз шуки,яшаётган ҳаётингиз, ғалаба ва мағлубиятларингиз, ғам ва шодликларингиз фақат ўзингизники! Боғланиб қолган инсонингиз сизга боғлаб қўйилмаган. Эртага вазият ўзгариб, айрилиқ юз берганда, бунга чидашингиз қийин кечади, қаттиқ тушкунликка тушиб қолишингиз мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1