Ҳаёт сири

МУТОЛАА 28.04.2018, 16:55
Ҳаёт сири

Подшоҳнинг жудаям ақлли ва гўзал қизи тўсатдан хасталаниб қолибди: оёқ-қўли ишламай, эшитиш ва кўриш қобилияти заифлашибди. Табибларнинг даволашга уринишларидан натижа бўлмабди.

Бир куни саройга нуроний қария ташриф буюриб, малика дардини даволаш сирини билишини айтибди. Сарой аҳли ундан ёрдам беришини, маликани тузатишини сўрашибди. Шунда қария беморнинг қўлига тол новдаларидан тўқилган, усти мато билан ёпилган сават тутқазиб: “Саватни ол, ундаги нарсага ғамхўрлик қил, Худо хоҳласа, тузаласан”, дебди.

Малика шошиб матони кўтарибди, сават ичидаги нарсани кўриб ҳайратдан қотиб қолибди: унда касалликдан жуда заифлашган, зўрға нафас олаётган чақалоқ бор экан. Маликанинг қалбида раҳм-шафқат уйғонибди, танасидаги оғриқни енгиб чақалоқни қўлига олибди-да, аста-секин тебрата бошлабди.

Ойлар ўтаверибди, малика болага парвона бўлибди: уни овқатлантирибди, эркалаб-суйибди, ўйнатибди. Болага меҳри тушгач, дардларини унутиб, тунлари ухламай уни парваришлабди.

Кун, ойлар ўтибди. Бола кулибди, бир куни юриб кетибди. Қувонганидан уни даст кўтариб олган малика жуда енгил ҳаракат қилар, унга ҳеч қандай оғриқ азоб бермас экан. Бола билан ўтган йиллар мобайнида малика аста-секин соғайиб борган экан.

Ҳаётнинг қоидаси асли шу – бировга меҳр бериб, меҳр топасан, бахт улашиб, саодатга эришасан!

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1