1

Маош олиб, солиқ тўламаётганлар...

ИҚТИСОДИЁТ 07.05.2018, 11:23
Маош олиб, солиқ тўламаётганлар...

Ҳамма турмушини фаровон, рўзғорини тўкис қилиш ҳаракатида. Иқтидори ва имкониятидан самарали фойдаланиб, икки ёки ундан ортиқ жойда ишлашни уддалайдиганлар орамизда кўп. Ёки машинаси ва уйини ижарага бериб қўйишаётганлар ҳам бисёр. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва реал даромадларини ошириш учун яратилган шарт-шароитлардан самарали фойдаланаётганлар қаддини урсин! Топган даромадини эркин тасарруф этишга ҳақли.

Жисмоний шахслар зиммасига олинган даромадларидан белгиланган тартибда солиқлар тўлаш мажбурияти юклатилган. Солиқ Кодексининг 189-моддасига асосан, ҳар бир фуқаро ўзининг асосий иш жойидан ташқари, яъни мулкий, моддий наф тарзидаги ёки бошқа манбалардан қўшимча даромад олса, бу ҳақда доимий яшаш жойидаги солиқ хизмати органига жами йиллик даромадлари тўғрисида ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай декларация тақдим этади. Агарда жисмоний шахслар томонидан жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этишдан бўйин товлаш, уни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда атайин нотўғри маълумотлар кўрсатиш – Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 174-моддаси 3-қисмига мувофиқ, энг кам иш ҳақининг бир баравидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Кўпчилик бурчини сидқидилдан бажариб келмоқда. Бироқ “оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним” деганларидай, фақат ўз манфаатини ўйлайдиганлар бор. Ачинарлиси, “чиқимга тоби йўқлар”нинг аксарияти бюджет ташкилотларида ишлашади. Ҳолбуки, улар давлат томонидан тайинланган маошни олади-ю, аммо қўшимча топаётган даромадидан солиқ тўлашни пайсалга солади.

Асака туманидаги 16-кўзи ожизлар махсус мактабида ишловчи Давлат Акбаров 2 миллион 525 минг сўмдан зиёд маблағни тўламасдан келмоқда. Декларация асосида ҳисобланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ўз вақтида тўланмаган тақдирда, Солиқ кодексининг 120-моддасига мувофиқ тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади. Давлат Акбаров қонунчилик доирасида иш тутганида 2 миллион 339 минг сўм тўлар эди. Пеня ҳисобланиши натижасида юқорида кўрсатилган суммани тўлашга мажбур.

Қўрғонтепа тумани тиббиёт коллежида меҳнат қилувчи Икромжон Избосаров ҳам “Қўшимча даромадимни ким билиб юрибди?”, дея декларация асосида тўланиши лозим бўлган маблағни ёдидан чиқариб юборган. Унинг давлат олдидаги қарзи 1 ярим миллиондан ошиб кетган.

Афсуски, қўшимча манбалардан даромад топиб, солиқларни вақтида тўламай келаётганлар кўп. Вилоят соғлиқни сақлаш тизимида 500 нафарни ташкил этади. Улар орасида икки жойда меҳнат қилаётганлар, мол-мулкини ижарага бериб даромад топаётганлар бор. Улар ижарадагилардан келишилган миқдордаги пулни ойма-ой санаб олишни унутмайдилару, аммо мажбуриятни бажаришга келганда “ёдидан чиқариб” юборадилар. Вилоят болалар тиббиёт маркази шифокори Адҳамжон Мамажонов. У ўзига қарашли автомобилни ўтган йилнинг январь ойида ижарага бериб, даромад топишни бошлаб юборган. Мол-мулкни ижарага беришдан даромад топаётганлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тақдим этилган дастлабки декларация асосида ҳар ойда даромад олинган ойдан кейинги ойнинг бешинчи кунигача тўлашлари белгилаб қўйилган. Бироқ Адҳамжон Мамажонов тартибга риоя қилмади ва қарзи 1 миллион 890 минг сўмдан ошиб кетди.

— Маълумотлар базамизда 2701 нафар фуқаронинг декларация асосида солиқ солинадиган даромадларидан 470 миллион сўмдан зиёд даромад солиғини бугунга қадар тўламасдан келаётганлиги аниқланди, - дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Беҳзод Ғофуров. — Улар ишлаётган корхона ва ташкилотларга огоҳлантириш хати юборилган. Фуқаролар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлашлари лозим. Акс ҳолда, мажбурий ундириш чоралари қўлланилади.

“Ўша пулни тўлайманда, ҳеч қаёққа қочиб кетганим йўқ”, дея иддао қилаётганлардан бу маблағ ундирилади. Конституциямизнинг 51-моддасида “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимни тўлашга мажбурдирлар” деб қайд этиб қўйилган. Сиз, биз тўлаётган солиқлар аввало ўзимизга маош бўлиб қайтади, қолаверса, иқтисодиётни юксалтирувчи корхоналар ишга туширилиб, яна қанчадан-қанча одамнинг иш билан бандлиги таъминланиши мумкин.

Дилмурод ПАРПИЕВ,

Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси

жамоатчилик билан алоқалар

ва ҳуқуқий ахборот бўлими бош мутахассиси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1