1

Ўн долларликнинг ҳикояси

МУТОЛАА 27.05.2018, 22:42
Ўн долларликнинг ҳикояси

Пуллар ҳам гапиради. Балки, сиз, эски ўн доллар қоғоз пулнинг овози базўр эшитилар, деб ўйларсиз? Хўш, жуда соз. Агар лозим топсангиз, каминанинг таржимаи ҳолини бу қулоғингиз билан эшитиб, у қулоғингиздан чиқариб юборишингиз мумкин. Агар кўчада мегафон орқали ёғилаётган Жон Д. чек дафтарчасининг оҳанрабодек наъраси қулоғингизга чалинган бўлса, ютуқ сизники. Фақат шуни унутмангки, баъзида оддий чақа ҳам киссага ўз-ўзидан тушавермайди. Кейинги сафар баққоллик дўкони сотувчисига кумуш чоракталикни узатишдан аввал бу "хонимча"нинг пешанасига нима деб ёзилганини ўқиб кўринг. Аччиқ пичинг, тўғрими?

Мен — 1901-йили чиқарилган ўн долларлик қоғоз пулман. Мен кабиларни қайсидир танишингизнинг қўлида кўрган бўлишингиз керак. Олд томонимда беш ёки олти миллион америкаликлар томонидан буйвол деб аталувчи америка бизони тасвирланган. Икки ёнимда капитан Люис ҳамда капитан Клеркларнинг бошлари манаман деб турибди. Орқа тарафимнинг ўртасида Озодлик ҳайкалигами, Церерагами ёки Мексин Эллиотгами нарҳим осилиб турибди. Мен ҳақимда маълумот олиш учун қайта тузатилган низомнинг 3.588- параграфига мурожаат қилишингиз мумкин. Агар мени майдаламоқчи бўлсангиз, Сэм тоға пештахтага сиз учун тўлиқ ўнта муллажирингни ташлайди - албатта, улар кумушми, олтинми, мисми ёки темирми, бунисини билмайман.

Ҳикоямни бироз айқаш-уйқаш гапириб беряпман, мен авф этгайсиз. Авф этасизми? Ташаккур, кечиришингизни билардим. Хатто номсиз оддий купюра ҳам ана шундай хушомадгўйлик қилади, кўнгилни олишга тиришади, тўғрими? Биласизми, биз исқирт пуллар ўз нутқимизга жило бериш имкониятларидан батамом маҳрум этилганмиз. Туғилганимдан буён мени узоқ муддат сақлаб юрган бирон кимсага дуч келмадим. Уларнинг барчаси мени қўлларида ушлаганча энг яқин озиқ-овқат пештахталарига югуришарди.

Олти ёшимда ғоятда назоқатли муносабатларга дуч келдим. Қарз сифатида ўз вақтида қайтарилардим, худди жасадни сўнгги йўлга кузатиб қўювчилардек. Эҳ-ҳе, нималарга хизмат қилмадим! Шундай бўлса-да бир куни ўз нодонлигимни кўрсатиб қўйдим. Яна кимнинг олдида денг? Эски, дабдаласи чиққан исқирт беш долларликнинг олдида. Биз қассобнинг қаппайган, бадбўй ҳамёнида учрашган эдик.

- Ҳой, сен хиндулар сардорининг кизи, - дедим мен, - оҳ-воҳингни бас қил. Ҳали ҳам тушуниб етмадингми, сени аллақачон муомаладан чиқариб қайта босиш лозим эди. Аҳволингни қара, ўзинг 1899-йили чиқарилгансан-у, яна нималарга ўхшаб қолибсан.

- Бизонман деб тинимсиз вайсайверасанми? - жавоб қайтарди беш долларлик. - Магазинда ҳаво ҳарорати 85дан пастга тушмаган пайтлари кун бўйи пайпоқ ичида ўтирганингда, сени ҳам дабдаланг чиқарди.

- Бундай ҳамён ҳақида эшитмаган эканман, - дедим. - Ким сени у ерга солиб қўйди?

- Сотувчи хотин.

- Нима дегани - сотувчи хотин? - қизиқиб сўрадим.

- Хўжайининг учун олтин даврлар келмагунча буни билолмайсан.

Шу пайт орқамдан Жорж Вашингтоннинг боши тасвирланган икки долларлик овоз берди.

- Оббо, сен-е, бойвучча! Сени мен каби пахта ҳамёнга тикиб қўйишганда кўрардик аҳволингни. Кун бўйи фабрика чанг-тўзонини ютганингда нима деб сайрардинг?

Бу суҳбат Ню-Йоркка келганимнинг эртаси куни бўлиб ўтди. Мени Бруклин банкининг Пенсилваниядаги филиалларидан бири ўзимга ўхшаш ўнталиклар боғламида бу ёққа юборишганди. Ўшандан бери беш ва икки долларлик суҳбатдошларим ўтириб чиққан ҳамёнлар билан яқиндан таниша олмадим. Мени фақат ипак ҳамёнларда тутиб юришарди.

Менинг омадим чопганди. Бир жойда узоқ туриб қолмасдим. Баъзида бир кунда йигирма марталаб қўлдан-қўлга ўтардим. Менга ҳар бир битимнинг асл моҳияти таниш эди; хўжайинларимнинг ҳар бир хурсандчилиги учун жон куйдирардим. Шанба кунлари пештахта устида сирпанчиқ учардим. Ўн долларликларни доим шунақа қийнашади. Бир ёки икки долларликларни эса икки буклаб секингина барменга узатишади. Аста-секин ҳаммага ёқа бошладим. Баъзида вискига бўкиб қолардим, мартини, манхэттен устимга тўкилавериб кўринмай қолардим. Бир куни кўча бўйлаб аравада кетаётган пул тарқатувчи комбинезонининг чўнтагидаги семиз яғири чиққан пуллар дастасига мени қўшиб қўйди. Модомики, универмаг хўжайини - бўлажак хожам - кунига саккиз цент ишлатиб, итларга мўлжалланган гўшт ва пиёзга қаноат қилар экан, мен, тамом бўлдим, деб ўйладим. Бироқ кейинроқ мен қутулиб қолдим - пул тарқатувчи аравасини чорраҳага жуда яқин жойда тўхтатиб хатога йўл қўйганди. Мени қутқариб қолган полисмендан ҳозиргача миннатдорман. У мени Бауэр яқинидаги тамаки пештахтасида майдалади. Қўшни хонада қимор ўйналаётганди. Ўша кеча омади юришган полиция участкаси бошлиғи мени ёруғликка олиб чиқди. Кундузи у Бродвейдаги ресторанда менинг ҳисобимдан овқатланди. Мен қадрдон шаҳримга яна қайтиб келганимдан бениҳоя хурсанд эдим.

Бродвейда мендек ўнталикнинг бош қашишга вақти бўлмасди. Қайсидир бир куни мени нафақа деб аташди. Бир талай ўн центликлар ётган замш ҳамёнга солиб қўйишди. Бу ўн центлик чақалар Осинингдаги қайноқ ёз мавсумини қандай ўтказганликлари ҳақида оғиз кўпиртириб валдирашарди. Хўжайиннинг қизлари уларни бирин-кетин музқаймоққа сарфлашганди.

Ифлос пуллар ҳақида илк бор ҳушсурат йигит - аллақандай Ван мени бир неча дугоналаримни бир ҳовуч фишкага алмаштирганда эшитгандим.

Ярим тунга яқин ҳозиргина устама пулга эга бўлган дўмбоқ юзли, қисиқ кўз, қўпол ва барваста йигит менга қўшиб бир қанча банкнотларни рулон қилиб ўради.

- Ҳисобимга беш юзни ёзиб қўй, - деди у банкометга , - ҳаммасидан кўз қулоқ бўлиб тур, Чарли. Водийни ой ёруғида бир айланиб келай. Агар бизникилардан бирортаси қовун тушириб қўйса, ёдингда бўлсин, тепада сейфнинг ишида ҳажвий журналга ўралган олтмиш минг долларим ётибди. Яна бировга оғзингдан гуллаб юрма. Ҳозирча хайр.

Мен иккита йигирматаликнинг ўртасига тушиб қолгандим. Улардан бири менга шундай деди:

- Эй, сен, кампиршо, омадинг бор экан. Бази бир қизиқарли нарсаларни кўрасан. Бугун Қария Жек бутун бир "Бифштекс"ни киймалаб ташламоқчи.

- Тушунтириброқ гапиринглар, - дедим. - Бу жуда ҳам қизиқ туюляпти, бироқ мени пазандачиликка унчалик уқувим йўқ.

- Авф этасизлар, - жавоб берди йигирматалик. - Қария Жек - мана шу қиморхонанинг хўжайини. Бугун у орқа-олдини ўйламай жанжал чиқаради: гап шундаки, у черковга эллик минг эҳсон қилмоқчи эди, лекин уни рад этишди, чунки бу пуллар ҳаром эмиш.

- Черков деганларинг нимаси? - сўрадим.

- Э, э, ўнталик билан гаплашаётганимни унутибман, - деди йигирматалик. - Қаердан ҳам буни билардинг! Сиз ўнталиклар черков учун кўплик қиласизлар, бозор учун жуда ҳам майдасизлар. Черков - бу шундай катта уйки, у ерда пьеротозалагич ва салфетканинг донаси йигирма доллардан сотилади.

Бу хонимлар билан гап сотиб ўтиргим келмади. Сукут олтинга тенг. Қолаверса, ялтираётганларнинг ҳаммаси ҳам олтин эмас-ку.

Лекин Қария Жек ҳақиқатдан ҳам тилла йигит эди. Саҳийлик қилиш вақти келганда у официантни полисменнинг ортидан югуришга мажбур қилмасди.

Аста-секин, Жек сувсиз саҳрода барча чанқоқлар учун тошдан сув чиқаряпти, деган миш-миш тарқалди ва темир муштли, силовсин терисини ёпинган азматлар изимизга тушишди. Ҳаёт эмас, нақ Жунглининг Учинчи Китоби - фақат муқова етишмаяпти. Қария Жекнинг пуллари эскирган бўлсада унинг ҳисоби дақиқа сайин кўпаярди. Дастлаб унинг атрофига ошналари йиғилди; кейин салом-алик қилиб юрадиган дўстлари қўшилди; кейин душманларидан кимдир тинчлик трубкасини тутатди; охирида у кўплаб балиқчи аёл ва раққосаларга сувинерлар сотиб олди, оқибатда метрдотеллар телефонга югуришиб, полициядан тартиб ўрнатиш учун бирортасини жўнатишларини ўтиниб сўрашди.

Ниҳоят, биз мен жуда кўп бўлган кафега кириб келдик. Оқ фартук ва курткадаги юкчилар иттифоқи остонада бизларга кўзи тушгач, бу футбол жамоасининг энг катта "мушти йўғони" буйруқ берди ва уларнинг барчаси ҳимоя ниқобларини кийишди. Аммо Қария Жек бу кеча мебел ва ойна фабрикаси хизматини "такдирлаш" ниятида эмасди. У жим ўтириб маъюсгина "Сайр" қўшиғини хиргойи қиларди. Черков унинг ҳайр-эҳсонини қабул этмагани иззат нафсига тегиб кетганди.

Шундай бўлсада айш-ишрат давом этарди.

Қария Жек ҳаммага яна биттадан стаканда "шайтоннинг суви"дан буйуртириб, қўшнимни тўлов сифатида бериб юборди. Мен бир даста "хоним"ларнинг устига чиқиб қолдим. Жек боғламни столга қўйиб, қовоқхона хўжайнига узатди.

- Майк, - деди у. - Бу пуллардан яхши одамлар воз кечишди. Олинг, иблис ҳаққи, тоғарангиз учун. Айтишдики, бу пуллар ҳаром эмиш.

- Хўп, оламан, - деди Майк. - Уларни черков бозорида роҳибнинг қизи ҳадя этган бўса учун тўланган банкнотларга қўшиб қўяман. Пулларни роҳибнинг қизига, янаги ташрифигача, атаб уй қуришга сарфлаймиз.

Тунги соат бирда, юкчилар қовоқхонага янги келганлар оқимидан ажралиб туриш учун тўпланишганда, кутилмаганда эшикдан қандайдир аёл шошиб кириб келди ва Қария Жекнинг столига яқинлашди. Сиз, шубҳасиз, бунақаларни учратгансиз - қора шолрўмол, таралмаган чигал соч, ситилган юбка, рангпар юз, қисқаси, гоҳ автомобилдан, гоҳ патрулдан хавфсираб, аланглаб юрадиган аёллардан бири. Хуллас, шу хотин чурқ этмай ёнимизга келиб тўхтади ва пулларга қаради.

Қария Жек ўрнидан туриб мени боғламдан ажратди-да таъзим билан аёлга узатди.

- Хоним, - деди актёрлардек, - мана, ифлос купюра. Мен қиморбозман. Бу пул бугун олийҳиммат оиладан чиққан бир ўсмирдан менга ўтди. Уни қандай қўлга киритган, билмайман. Агар бу пулни кабул қилсангиз, у сизники.

- Сэр , - деди аёл, - бу пуллар босмадан чиққандаёқ мен уларнинг мингтасини бир даста қилиб санаб тахлаганман. Мен ғазнахонада ишлаганман. Ғазнахонадаги бир хизматчи мени у ерга жойлаштириб қўйган. Ҳозир буларни ифлос, деяпсиз. Агар билсангиз эди… лекин мен хеч нарса айтмайман. Чин юракдан раҳмат сизга, сэр, ташаккур… миннатдорман.

Аёл мени қаерга олиб кетди, деб ўйлайсиз. Нон дўконига. Биргаликда чақчақлашиб майхўрлик қилган Қария Жекдан нон дўконига! Аёл дўконда мени турбина ғилдирагидек келадиган мазали рулетга алмашди. Аёлни шу ернинг ўзидаёқ назардан қочирдим, нонвойхонадан чиқаётган оппоқ чангга кўмилиб қолгандим. Ўйланиб қолдим: эртага мени қаердадир майдалашади- дорихонадамикин ёки қурилиш идорасидамикин? Бир хафтадан сўнг нонвой ҳув, ўша аёлга қайтим сифатида берган долларчалардан бирига дуч келдим.

- Салом, Е-35039669, - дедим. - Ўтган шанба мендан қайтим сифатида берилганларданмасмисиз?

- Худди шундай, - жавоб берди бу яккахон нотиқлик ҳамда оқсуякларга хослик ила.

- Кейин нималар бўлди? - сўрадим.

- Е-17051431ни ўша хотин сут ва бифштексга сарфлади, - жавоб берди юз центлик. - Мени эса квартира тўловини йиғувчи келмагунча ушлаб туришди. Хотиннинг уйи - ҳақиқий овлоқ жой, ичкарида бемор болакай ётарди. Болакайнинг нон билан пирогга ташланганини кўрсангиз эди. Афтидан, очдан ўлаёзганди. Кейин онахон ибодат қила бошлади. Сиз, ўнталиклар, бизнинг олдимизда кеккайманглар. Сизлар бир маротаба эшитган дуоларни биз ўн марталаб эшитамиз. У "кимки бева-бечораларга ҳайр-эҳсон қилса" деб дуо қиларди. Э, қўйинг, шу ҳаробазорлар ҳақида гаплашмайлик. Қашшоқлар компаниясида ўралашиш меъдамга тегди. Сизлар - ифлос пуллар муомалада бўладиган доирага кириш учун чандон йириклашишга жон берардим.

- Бас қил, - дедим. - Бунақалар йўқ. Мен ўша дуони охиригача биламан. "У Худо олдидаги фарзини бажаради", дейилади давомида. Энди эса белимга қараб ўқиб кўр-чи, нима деб ёзилган экан?

- "Барча давлат ва хусусий қарзларни тўлашда ўз қийматида қабул қилиниши шарт".

- Ҳа, ана. Етар. - дедим. - Ифлос пуллар тўғрисидаги сафсаталар жонимдан тўйдирди.


О.Генри, АҚШ адиби (1862–1910)

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси.


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1