1

Араб мамлакатларида Рамазон ойидаги ўзига хос анъаналар

ҲИДОЯТ САРИ 04.06.2018, 16:39
Араб мамлакатларида Рамазон ойидаги ўзига хос анъаналар

Бутун дунё мусулмонлари учун муборак Рамазон ойи хузурбахш анъаналарга тўлиб тошган. Ҳаттоки улардан айримлари бизларга ноъмалум ҳам бўлиши мумкин.

Ўзининг кўп асрлик тарихи давомида исломий анъаналар у ёки бу халқнинг маҳаллий одатлари билан қоришиб кетганки, бунинг оқибатида бу ойни нишонлаш ҳар бир юртда ўзига хос алоҳида тарзга айланган. Келинг, мусулмон ўлкаларда бу муборак ойда қандай ўзига хос одатлар борлиги ҳақида танишиб чиқамиз.

Рамазон ойини кутиб олиш


Рамазон кириб келиши билан мусулмонлар бир-бирларини «Рамазон муборак!» деб табриклайдилар. Бу Рамазон ойининг биринчи кунларида энг кўп тарқалган табрик сўз бўлиб, «Рамазон ойи сизга барокотли бўлсин!» деган маънони билдиради. Шунингдек, «Хайрли Рамазон!» деб гапириш ҳам қабул қилинган.

Оғиз очиш


Ифторлик – оғиз очиш вақти бўлиб, қуёш ботиши билан киради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳадисларига кўра оғизни сув ва хурмо билан очиш суннат ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу ойда Рамазон ойининг рамзларидан фақатгина ярим ойни эмас, балки хурмо расмлари туширилган табрик (почта) қоғозларини ҳам кўришингиз мумкин.

Каъбани ушлаш


Кўплаб мусулмонлар учун ҳаётлари давомида бир мартагина бўлса-да Каъбага тегиниш орзу ҳисобланади. Бунинг учун Маккага бориш ва зиёрат ибодатини бажариш лозим. Рамазон ойида кўпроқ умра зиёрати амалга оширилади, чунки солиҳ амаллар учун бу ойда бериладиган ажрлар қолган пайтларга нисбатан мўлроқдир. Ҳаттоки, гарчи ўрнини босмаса-да, бу муқаддас ойда қилинган (умра) зиёратига мукофот (миқдори) ҳажнинг савобига тенглаштирилади.

«Фонус» чироқлари


Порловчи чироқларнинг ёниб туриши Рамазоннинг энг ёрқин лаҳзалардан бири бўлиб, буни бутун Қоҳира бўйлаб кузатсангиз бўлади. Малумотларга кўра, бундай анъана фотимий халифалардан бўлган Ал-Муиз йўлларини ёритиш билан боғлиқ. 969 йилда халифа Қоҳирада ойни кузатиш учун Муқоттим тоғига чиққанида халқ унинг йўлини шундай ёритиб борган.

«ас-Синия» ўйини


Ироқнинг Киркук шахрида «ас-Синия» кўнгил очар халқ томошаси бўлиб, арабчадан таржима қилганда «қути, тарнов» деган маънони англатади. Бу ўйин бутун Рамазон давомида ифторлик тугаши билан эркаклар иштирокида ўйналади. Моҳиятига кўра ўйин кўпчиликка таниш. Патнис устида жойлашган ва тўнтарилиб қўйилган мис косачалар остига яшириб қўйилган ўйин суякчаларини топа олиш керак.

Замбаракдан ўқ узиш


Қадимда бутун Яқин Шарқда тонг отиши ва кун ботишини билдириш учун замбараклардан ўқ узишган. Бу орқали рўзадорлар оғиз очишини билиб олганлар. Авваллари баланд овоз чиқарувчи ёки узоқ масофадаги одамларга хабар бериш учун бошқа жиҳозлар бўлмаган, шунинг учун мана шундай ноодатий замонга мос усуллардан фойдаланишган. Албатта (бугун) ўқ отишлар аввалгидай зарур эмас, унинг устига бу фақат Яқин Шарқ одатларидан бўлиб, ҳозирда аҳолини хабардор қилиш учун фақатгина рамзий ишора сифатида ишлатилиб келинади.

«Хаг ал-Ляйла»


БАА да аҳолини Рамазон келганидан хабардор этиш учун ўзига хос анъана бор.

Болалар кечки пайт яқин кўчаларни айланиб, қўшни хонадон эшиклари тақиллатиб, «Атуна хаг ал-лайла» деб чақиришади. Таржима қилинганда «оқшом учун бизга ширинликлар беринг» деганидир.

Бошқа мамлакатларда бу анъананинг номи бошқача бўлиши ҳам мумкин. Масалан, Қатарда «Гарангао» деб аташади ва ойнинг биринчи эмас, балки 14-кечасида бажаришади. Бу атама «бир пайтда бир неча кишининг тақиллатишидан келадиган товуш» маъносини билдирувчи «гара» (Форс кўрфазидаги Халиж араб шевасидан) деган сўздан олинган. Бундай қизиқарли одат Рамазон ойида рўза тутган болаларни рағбатлантириш учун одат бўлиб қолган.

Тонгги дўмбира овозлари


«Месахарати» одати, ёки сахарликка тонг отишидан олдинги чақирув бўлиб, Мисрда тарқалган. Дўмбирачи шахар кўчалари бўйлаб дўмбира зарблари остида қўшиқ куйлаб, инсонларни рўза тутиш учун тонгги таомланиш – сахарликка чақиришган. Бу анъана Форз кўрфазининг кўпгина мамлакатларида ҳозирги кунгача ҳам давом этиб келмоқда.

Ширинликлар улашиш


Рамазон – бу янги ширин нарсалар таътиб кўриш ойи. Мусулмонлар ўзларининг севимли ширинликлари билан бўлишадилар, чунки ширинликлар хурсандчилик кунларни янада ёқимлироқ қилади деб ҳисоблашади. Фақат бунга қаттиқ жон куйдириб, ўзингизни уринтириб қўймаслигингиз керак.

Ийд ал-Фитрни байрам қилиш


Бутун ислом дунёсида Рамазоннинг якунланиши асосий байрамлардан бири ҳисобланади. Ийд ал-Фитр – оғиз очиш байрами бўлиб, рўза ойи тугаганини билдиради. Бу кунда мусулмонлар уйларини безатадилар, энг яхши (чиройли) кийимларини киядилар, бир-бирлариникига меҳмонга бориб, ҳадялар улашади.

Ихтиёржон Пўлатов тайёрлади
"info.islom.uz"дан олинди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1