Ўлкамизга ойларнинг сарвари, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Китоби Қуръони карим нозил бўлган ой, моҳи шарифи Рамазон ташриф буюрди. Барчамиз ушбу орзиқиб кутилган муборак айёмга эсон-омон етганимиз учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналаримиз бўлсин! Бу ой Қуръон, тақво, барака, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойидир. Шу боис бутун дунё мусулмонлари бу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.
Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзаси ҳақида Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада “Эй, инсонлар” деб эмас, балки “Эй, имон келтирганлар” деб хитоб қилди. Бу шаклдаги хитобда уламоларимиз “Эй, менга имон келтириб, мени яхши кўрган бандаларим! Сизларга рўза тутишни фарз қилдим” деган маъно борлигини айтадилар.
Пок қалб билан қарши олинг
Рамазон ойида ҳар бир киши қалбини поклаши, ўзаро хусумат ва гиналарни йўқотиш, қўни-қўшнилар ва қавму қариндошлар орасида ёрдамга муҳтожларга мурувват кўрсатиш, қариндошларга силаи раҳм қилиш, беморларни зиёрат қилиш, етимлар бошини силаш, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахсларни (ногиронларни) ҳолидан хабар олиш каби савобли ишларга шошилиши ва бировнинг дилига озор етказиш, ҳаққига тажовуз қилиш каби барча гуноҳ ишлардан ўзини тийиши лозим бўлади.
Рўза ва Қуръон қиёмат куни ўз соҳибини шафоат қилади
Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: рўза: “Эй, Роббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Қуръон: “Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Бас, иккови ҳам шафоати қабул қилинади” (Имом Аҳмад ривояти).
Имом Насаий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди ва мен унинг қиёмини сизлар учун суннат қилдим. Кимики имон ва ишонч билан савоб умидида рўза тутса ва кечалари қиёмда турса, онадан туғилган кунидагидек гуноҳлардан пок ҳолда чиқади” (Имом Насоий ривояти).
Ушбу ҳадисда Рамазондек буюк фазилатларга бой ойда фақат рўза тутибгина кифояланмасдан, балки кечалари қоим бўлиб, Аллоҳнинг буюк ваъдаларига сазовор бўлишликка тарғиб қилинмоқда.
Райён эшигининг калити
Рўза ибодати — Жаннатдаги Райён эшигининг калитидир. Жаннатга киришнинг ўзи катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус тайёрлаб қўйилган эшикдан кириш яна бир ўзгача бахт ва шарафдир. Бу эшикдан эса фақат рўзадор бўлганлар кира оладилар. Бу ҳақда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Жаннатда бир эшик бор, у Райён деб аталади. Қиёмат кунида ундан фақат рўзадорларгина кирадилар, улардан ўзга бирор киши ҳам (ўша эшикдан) улар билан бирга кирмайди. “Рўзадорлар қани?” дейилади. Улар ундан (ўша эшикдан) кирадилар, уларнинг охиргиси кириб бўлганда (эшик) беркитилади. Бошқа ҳеч ким ундан кирмайди” (Имом Муслим ривоят қилган).
Ифторликлар ҳам ижтимоий алоқаларни кучайтиришда, мусулмонларнинг ўзаро бир-бирлари билан борди-келди қилишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу боис динимизда бу ишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳақда Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким бир рўзадорни ифторлантирса, унга ўшанинг ажрича ажр берилади, лекин рўзадорнинг ажридан бирор нарса камаймайди” (Имом Термизий ривояти).
Истиғфор ойи
Бу муборак ойда фаришталар рўзадорлар учун Аллоҳдан мағфират талаб қилишади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Умматимга Рамазонда беш хислат берилди, улар олдинги бирор умматга берилмаган: рўзадорнинг оғзини ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкдан хушбўйдир; уларга фаришталар мағфират талаб қилишади; Аллоҳ ҳар куни жаннатни безаб, солиҳ бандаларим устиларидан меҳнат ва азиятлар улоқтирилиб, сенинг олдингга келишларига оз қолди, дейди; унда бебош шайтонлар кишанланади, натижада улар ундан бошқа пайтларда эришадиган нарсаларига эриша олмай қолишади; охирги кечада рўзадорлар мағфират қилинади” (Имом Аҳмад ривояти).
Рўзанинг фойдалари
- Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади. Аллоҳ таоло Бақара сурасиниг 183-оятида шундай деди: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”, деб марҳамат қилади.
- Рўзадор шайтонга қарши курашади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Сафийя розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда: “Шайтон инсоннинг қон томирида юради. Очлик билан унинг йўлларини торайтиринглар”, деганлар.
- Рўза инсон шаҳватини синдиради. Ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй йигитлар жамоаси, сизлардан ким уйланишга қодир бўлса уйлансин. Зеро у кўзни тўсувчироқ ва фаржни сақловчироқ. Ким унга қодир бўлмаса рўза тутсин. Чунки рўза унинг учун бичилишдир”, дедилар. (Манбаси керак?)
- Рўзадорнинг қалби покланади. Рўза тутган инсон кун давомида Аллоҳ таолонинг назоратида турганини ҳис қилиб яшайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш киши қалбини мусаффо қилади.
- Рўза тутган кишиларнинг гуноҳлари мағфират қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар. (Муттафақун алайҳ).
- Рўза тутган киши фаришталарнинг сифатига киради. Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатлардир.
- Рўзадорнинг сабр-бардоши ортади. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун кўнгил хоҳлаган нарсалардан ўзини тийган киши керагича сабр-бардошга эга бўлади.
- Рўза раҳм-шафқат сифатини шакллантиради ва мустаҳкамлайди. Рўза туттан киши ўз ихтёри ила оч қолиб, чанқаб, турли кўнгил хоҳишларидан, лаззатли нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан бирга, муҳтожликдан оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бева-бечора, камбағал фуқароларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлади.
- Рўза соғликни тиклайди. Рўза нафақат соғликни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги илмий исботини топган даво усулидир. Ҳозирги кунда кенг тарқалган беморликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртларнинг тиббиёт мутахассислари ихтиёрий очлик йўли билан даволамоқдалар.
Мазкур илмий тадқиқотлар натижасида рўза ҳозирги энг кўп тарқалган дардларга даво экани, киши доим соғ юрай деса, ҳар йили 28-30 кун ихтиёрий оч қолиши зарурлиги таъкидланган. Рўзага оид ушбу ҳақиқатлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Рўза тутинглар, саломат бўласизлар” (Имом Табароний ривояти), деб айтган ҳадиси шарифларининг илмий тасдиғидир.
Аллоҳ таоло Рамазон ойини барчаларингизга муборак айлаб, бу ойдан онадан янги туғулгандек гуноҳлардан фориғ бўлиб чиқишларимизни насиб айласин.
Мусилмонлар идораси фатво бўлими ходими Ғуломиддин Холбоев