Юрий Сергеевич Гагарин (1934-1968) коионотга илк бор парвоз қилиб, инсоният тарихида мисли кўрилмаган қаҳрамонликка қўл урди. Гагариннинг бу қадами мислсиз кашфиётлар учун йўл очиб берди.
У 1961 йил 12 апрель куни Москва вақти билан соат 09:07 да “Восток” космик кемасида “Бойқўнғир” аэродромидан фазога парвоз қилади. 1 соату 48 дақиқа давомида Ер орбитасини айланиб чиқади. Бу инсоният тарихидаги буюк ғалаба эди.
“Сеҳрланиб қолгандекман!”
Юрий Гагарин парвоз пайтидаги ҳиссиётларини борт магнитофонига ёзиб қолдиради. Мана айнан ўша лаҳзаларда Гагариннинг тилидан янграган сўзлар:
“...Мен Ер устидаги булутларни кўряпман. Улар жуда кичкина, паға-паға. Ана уларнинг соялари! Бу чиндан гўзаллик. Бениҳоя гўзал! Диққат! Уфқни кўряпман. Мана Ер. О, нақадар ажойиб! Ана, Ернинг юза қисмини эгаллаган камалакнинг бир учи Ерга томон инган. Буни таърифлаб беролмайман. Жуда ҳам гўзал. Мен худди туш кўраётганга ўхшайман. Кўзларимга ишонолмайман. Худди сеҳрланиб қолгандекман!”
Кейинчалик унинг бу ҳайратомуз хитобларини жуда кўп Ғарб газеталари кўчириб босишди.
“Биз осмон эшикларини очсак...”
Маълумки, инсоният минг йиллардан бери кўкка парвоз қилиб, чексиз коинот сирларини кашф этишга интилиб келади. Ана шу орзулар замирида турли афсона ва ривоятлар, мифлар, ривоятлар шаклланган. Гагарин бу афсонани ҳақиқатга айлантирди.
Дарҳақиқат, бундан бир неча аср илгари инсоннинг коинотни забт этиши шунчалик ушалмас орзу эди, холос. Аммо Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган Қуръони каримда коинот билан боғлиқ жуда кўп оятлар нозил қилинган, аммо уларнинг сир-синоати ҳали бани-башарга маълум эмасди.
Жумладан, Қуръони каримнинг “Ҳижр” сураси 14-15-оятлари замиридаги мазмун-моҳият ҳам:
“Ва биз уларга осмондан бир эшик очсак, улар (у ердан) кўтарилишда давом этсалар ҳам “бизнинг кўзларимиз боғланди, (яъни ҳайратда қолдик) биз балки сеҳрланган қавмдирмиз”, дейишади”.
“Илгари Аллоҳга ишонган эдилар”
Яқинда Бирлашган Араб Амирликларида яшовчи олим ва журналист, профессор Аднан Шариф бир мақола ёзди. Унда Қуръони каримдаги ушбу оят ва Гагариннинг парвозидаги ҳолат бир-бирига қиёсланган. Аднан Шарифнинг ёзишича, ХХ асрнинг энг буюк кашфиётларидан бири – Гагариннинг парвози ва унинг коинотдаги ҳиссий ҳолати айнан ушбу оятларда 14 аср илгари ўз аксини топган эди.
Профессорнинг ёзишича, “Ҳижр” сурасида “улар Аллоҳга ишонмаслар, ҳолбуки илгари ишонар эдилар” мазмунидаги оят ҳам келган. Гагарин мансуб бўлган жамиятда атеистик мафкура ҳукмронлик қилгани, Совет тузуми қарор топмасидан илгари унинг ҳудудидаги давлатларда ислом ва насронийликка изчил амал қилингани, масжид ва черковлар фаолият кўрсатгани ҳам тарихдан яхши маълум.
Гагарин ҳам Совет давлатида туғилиб ўсди. У тиш-тирноғига қадар коммунист эди ва умрининг охирига қадар ўз камол топган давлат мафкурасига садоқат билан хизмат қилди.
“Қайтарувчи осмонга қасам...”
Бу ҳодиса икки карра Совет Иттифоқи Қаҳрамони учувчи-космонавт Павел Попович (1930-2009)га ҳикоя қилинганда, у ҳам ниҳоятда ажабланган, оятлардаги аниқликдан ҳайратини яширмаганди:
“Яратганнинг каломидаги “...биз осмондан бир эшик очсак”, дейилгани жуда қизиқ. Чунки, олимлар айнан шу, “осмондан бир эшик”ни топиш учун жуда катта ҳисоб-китобларни амалга оширишган. Аслида кўпчилик осмон очиқ, унинг истаган нуқтасидан коинотга парвоз қилиш мумкин, деб ўйлашади. Аммо барча космик кемалар битта “эшик”дан самога кўтарилади ва ўша ердан қайтиб тушади. Секундига 11 километр тезликда парвоз қилаётган кема агар ўша “эшик”дан ўтмаса, ё ёниб кетади, ё коинотга қайтади”.
Қуръони каримнинг “Ториқ” сураси 11-оятида “...қайтарувчи осмонга қасам” жумлалари келтирилади. Бу ўринда коинотда келаётган альфа, бетта ва гамма нурланишлари озон қатламига урилиб ортга қайтиши, радио ва уяли алоқа сигналларнинг яна ерга қайтиши ҳам назарда тутилган бўлса, ажаб эмас.
Умуман олганда, Қуръони карим чиндан-да Аллоҳнинг буюк мўъжизаси эканлиги вақт ўтгани сари тобора кўпроқ ўз исботини топаётир.
Рустам Жабборов