Халқимизда «Фолга ишонма, сувга суянма», деган нақл бор. Биласиз, фолбинга ишониш, азайимхонларга бориш, «иссиқ-совуқ», сеҳр-жоду қилдириш энг катта гуноҳ ҳисобланади. Аммо шундай бўлса-да, бугун бу гуноҳдан тийила олмаётганлар ҳам йўқ эмас...
Мутахассис — Абу ЮСУФ, исломшунос.
ФОЛБИН КИМ?
Фолбин — қўл, китоб, майда тошлар, ойна, қарта ва бошқа нарсаларга қараб, киши билишга қизиққан нарса ё ҳодисаларни гўё олдиндан «айтиб берувчи», «башорат» қилувчи одам. Ёлғон гап-сўзлар, хатти-ҳаракатлар қилиб, одамларни алдаб кун кечирадиган фолбин, азайимхон, ромчи, кинначи, «иссиқ-совуқ» қилувчиларга ишонмаслик, уларга алданиб қолмаслик зарур. Мунажжимлар ҳам худди шу тоифага киради. Юлдузлар ё бирор нарсага қараб келажакни айтиш ҳам гуноҳ. Бундан тийилишимиз лозим.
Мўмин-мусулмон киши Аллоҳнинг тақдирига ишонади. Унга таваккал қилади. Бошига мушкулот тушдими, унга сабр қилади. Аллоҳнинг синови эканини тушуниб етиб, келажак учун фақат унинг ЎЗидан яхшилик сўрайди. Тушкунликка тушганда, бирор муаммога дуч келганда фолбин, мунажжимларга бормайди. Шунингдек, уларнинг гапига ҳам, сўзига ҳам ишонмайди.
Яна фолнинг бошқа турлари ҳам бор. Масалан, кўча ёки бозорларда тўтиқуш кўтариб «Гадаю», деб юрадиганлар, қаҳвага қараб, қарта билан фол очадиганларни учратиб қоламиз. Қандайлигидан қатъи назар, ҳаммаси гуноҳи кабира ҳисобланади. Айтиш ҳам, уларга ишониш ҳам ҳаром.
ИШОНСАНГИЗ ҲАМ, БОРСАНГИЗ ҲАМ ГУНОҲ!
Киши имони мустаҳкам бўлмагач, турли бидъат ва хурофот, сафсаталарга ишонади. Натижада, катта гуноҳга қўл уради. Одамлар, айниқса, аёллар фолбинларга турли мақсадларда боришади, уларнинг кўпчилиги келажакни билишга қизиқади. Аммо ақл билан ўйлаб кўрмайдики, ишониб борган фолбини ҳам ўзи каби оддий одам. Барча муаммоларига шу фолбин ечим топиб, ҳал қилиб беришига ишонади. Қизига совчи келмаётган оналар, эридан шубҳаланаётган аёллар, келини билан келишолмай қолган қайноналар, бир-бири билан уришиб қолган қўшнилар, ўқишга киролмаган абитуриентлар, савдоси юришмаган тадбиркорлар, хуллас, фолбинларга мурожаат этувчилар кўп.
Бугунги кунда “Фалончи фолбинга бориб, фойда топибди, мушкули осон бўлибди”, деган турли миш-миш, шов-шувларга гувоҳ бўляпмиз. Фолбин ва азайимхонларга эътиқод қилиб, ишониб борганлар билмайдики, ўша фолбиннинг ўз қизи турмуши бўлмай, эри билан ажрашган, ўғли ёки яқинларининг ишлари юришмайди. Агар қўлидан келса, қизини бахтли, ўғлини юқори лавозим эгаси қилиб қўймасмиди?!
ИСЛОМДА НИМА ДЕЙИЛГАН?
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким юлдузлардан илм иқтибос қилган бўлса, сеҳрдан бир шўъба иқтибос қилган бўлади. У зиёда бўлса, бу ҳам зиёда бўлади, дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Ушбу ривоятда ғайб илмини, бировларнинг тақдирини, келажакда бўладиган ишларни юлдузларга қараб билишни даъво қиладиган мунажжимлар ҳақида сўз кетмоқда. Фол очишнинг бу тури ҳам борлиги ҳаммага маълум. Сеҳр эса Ислом шариатида ҳаром қилинган. Шунингдек, мунажжимлик ҳам ҳаром бўлади. Мусулмон одам бу ишни қилиши, ўша ишни қилувчига ишониши мутлақо мумкин эмас.
Яна бир ривоят бор:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аррофга келиб, ундан бирор нарса ҳақида сўраса, унинг намози қирқ кечагача қабул бўлмас», дедилар. Муслим ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Аҳмаднинг лафзида:
«Ким аррофга ёки коҳинга келиб, унинг айтганини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди», дейилган.
Ҳақиқий мўмин учун қирқ кунлик эмас, бир маҳал намознинг қабул бўлмай қолиши улкан мусибатдир. Бу мусибат фақатгина фолбинга бориб, ундан бир нарса ҳақида сўрашнинг жазоси ҳисобланади. Ким фолбинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, ишонса, куфрга кирган бўлар экан. Аллоҳнинг Ўзи асрасин.
Яна Ҳадисда фол очириш, сеҳргарлик, «иссиқ-совуқ» қилиш, бировнинг бахтини очиш, мунажжимлик буларнинг ҳаммаси жинларнинг шериклари, оғайниларидир, дейилган. Шунинг учун фолбинга борсангиз сиз жинга борган, жиннинг оғайниларига мурожаат қилган ҳисобланасиз. Умуман, мусулмон киши бундан тийилиши керак. Ҳеч нарсадан шумланиш, иккиланиш керакмас. Аллоҳнинг каломи — Қуръонни ўқиш, тўғриликни, яхшиликни Аллоҳдан сўраш керак, холос.
Миркамол ЎРОҚОВ ёзиб олди.