АсосийDunyo

10 йил олдин цунами оқибатида бедарак йўқолган қиз топилди

10 йил аввал цунами индонезиялик қизчани олиб кетган эди. Қизчанинг оиласи бағрига қайтиши учун 10 йил керак бўлди, дея ёзади Jakarta Globe нашри.

“Турмуш ўртоғим ва мен жуда ҳам бахтлимиз. Ўн йилдан сўнг қизимизни қайтариб бергани учун худога шукур айтаман”,-дейди қизнинг онаси Жамалия.

Дунёдаги энг кучли – магнитуда бўйича 9,2 балли зилзила оқибатида Суматра оролларида баландлиги 20 метрни ташкил қилган цунами пайдо бўлган. Бу офатдан қочиш ниятида Септи Рангути оиласи хавфсиз жойга отланишади. Жамалия катта ўғли билан, отаси эса икки кичик фарзанд, шу қаторда 4 ёшли Раудхатул Жанна билан бўлишган. “Сув келган пайт, эрим Раудхатул ва унинг акаси Орифни катта ёғочли доскага ўтказиб қўйди”,-дейди Жамалия.

Сув тарқалгач, ота-она бир ой давомида болаларни излашди. Аммо, натижа бўлмагандан сўнг улар қўшни Шимолий Суматра провинциясига кўчиб ўтишди.  Болалар эса узоқдаги Баньяк архипелагидаги ороллардан бирига бориб қолишган. У ерда Раудхатулни балиқчи асраб олган ва унга Венни исмини берган. Қизнинг сўзларига кўра, унинг акаси ҳам омон қолган ва уни бошқа оила асраб олган.

10 йил ўтиб, Ачех қишлоғига келган ака Раудхатулга эътибори тушади. Қиз бошқа оила даврасида катта бўлганини эшитган ака, онасини чақиради. 

“Мен уни кўрганимда юрагим тез ура бошлади. Ўша заҳоти мен йўқолган қизимни топганимга ишондим. Мен уни, у мени қучоқлаб олди. Кўз ёшларимизни ушлаб туролмадик”,-дейди Жамалия.

  Қизни асраб олган оила ундан Рамазон ойи якунланишигача қолишни сўраган, шу туфайли у икки кун аввал ота-онасининг бағрига қайтди. Энди Жамалия ва унинг оиласи Баньяк оролларига йўл олишмоқда. “Биз яқин кунларда Орифни топиш учун у ерга йўл оламиз. Кўнглим уни омонлигини ва у ўша ердалигини айтмоқда”,-дейди она.

    Бошқа янгиликлар