1

Дастрўмол

МУТОЛАА 28.06.2018, 07:38
Дастрўмол

Токио император университетининг ҳуқуқшунослик факультети профессори Хасэгава Киндзо айвондаги тўқима курсида ўтириб, Стриндбергнинг “Драматургия”сини ўқирди.

Профессорнинг ихтисослиги мустамлакачилик сиёсатини ўрганиш бўла туриб, “Драматургия”ни ўқиётгани ўқувчига бироз эриш туюлиши мумкин. Бироқ нафақат олим, балки педагог ҳам бўлмиш профессор вақт топиб, албатта, мутахассислиги бўйича зарур бўлмаган, лекин қайсидир маънода ҳозирги замон талабалари ўй-фикрлари ва ҳис-туйғуларига яқин китобларни варақлаб турарди. Ҳаққи рост, айнан мана шу сабаб у яқиндагина Оскар Уайльднинг “De profundis”[1] ва “Ўйлар”ини ­– профессорнинг ўзи қўшимча вазифа сифатида директорлик қиладиган бир институтнинг талабалари томонидан мутолаа қилинаётган китобларни ўқиб кўришга олганди. Илло, профессорнинг бундай одати бор экан, айни дамда замонавий оврўпа драмаси ва оврўпа актёрлари ҳақидаги китобни хатм қилаётганидан ажабланмаса ҳам бўлади. Гап шундаки, профессорнинг Ибсен, Стриндберг ёки Метерлинк ҳақида танқидий мақолалар ёзадиган ва ҳатто шу драматурглардан ўрнак олиб драмалар ёзишни бутун ҳаётининг мазмунига айлантирмоқчи бўлган ишқибоз талабалари-да бор эди.

Қизиқроқ бобни тугатгач, профессор ҳар сафар сариқ холст муқовали китобни тиззасига қўйиб, хаёли қочиб шифтда осилиб турган фонарь-гифуга[2] қарарди. Қизиқ, профессор китобни ёпиши биланоқ Стриндберг хаёлидан кўтариларди-қўярди ва унинг ўрнини мана шу фонарни бирга сотиб олган хотини эгалларди. Профессор илмий хизмат сафари вақтида Америкада уйланди, табиийки, хотини америкалик эди. Шундай бўлса-да, хотини Япония ва японларга бўлган меҳр борасида профессордан қолишмасди. Чунончи, япон бадиий саноатининг нафис буюмларини ёқтирарди. Шунинг учун айвонда осилиб турган фонарь-гифу фақатгина профессорнинг дидидан эмас, қолаверса, хотинининг бутун бошли япон буюмларига бўлган мубталолигидан дарак берарди.

Ҳар сафар китобни тиззасига қўяркан, профессор хотини, фонарь-гифу, шу фонарда акс этмиш япон маданияти ҳақида ўй сурарди. Профессор сўнгги ўн беш йил ичида япон маданияти моддийлик жабҳасида сезиларлигина юксалганига астойдил ишонарди. Маънавий жиҳатдан эса... шу сўзнинг ўзига муносиб ҳеч вақо топилмайди. Устига устак, маълум маънода инқироз сезилди. Замона мутафаккири виждони амрига кўра, бу инқирозни бартараф этиш учун нима қилмоқ керак? Профессор бусидодан[3] ўзга йўл йўқ, деган хулосага келди. Бусидога асло орол халқининг тор доирадаги панд-насиҳати деб қарамаслик керак. Аксинча, бу таълимотда Амриқо ва Оврўпа мамлакатларининг насронийлик руҳига яқин жиҳатлар мавжуд. Башарти, замонавий Япониянинг маънавий оқими бусидога асосланганда, биргина Япониянинг руҳоний маданиятига ҳисса қўшилмаган бўлармиди. Бу Оврўпа ва Амриқо халқлари билан япон халқининг ҳамжиҳатлик руҳини юмшатиб, ўз навбатида, халқаро тинчлик ишига мувофиқ бўларди. Профессор аллақачон, таъбир жоиз бўлса, Машриқ ва Мағриб ўртасида кўприк ролини бажаришни ўз гарданига олмоқчи эди. Шунинг учун рафиқаси, фонарь-гифу ва мана шу фонарда акс этмиш япон маданияти унинг онгида бир бутундай тасаввур ҳосил қилганди.

Мутолаада давом этиб, ўй-фикрлари Стриндбергдан узоқлашганини пайқаган эса-да, бундай қониқиш ҳиссини профессор биринчи марта туйиши эмасди. У қайғуриб бош чайқади-да, майда ҳарфлар билан битилган сатрларга қунт билан сарсор солди. Энди ўқимоқчи бўлган хатбошида қуйидагилар ёзилган эди:

“...Актёр энг оддий туйғуни ифодаламоқ учун қулай услубни топиб, шу тарзда муваффақиятга эришса, вақти ё бевақт, тез-тез шу услубга мурожаат қилаверади, негаки бу ҳам қулай, ҳам муваффақият келтиради. Бу саҳна услуби дейилади...”

Профессор аслида ҳамиша санъатга, чунончи, саҳна санъатига бутунлай бефарқ эди. Ҳатто шу йилгача у япон театрига тушмаганди. Бир сафар талабаси ёзган ҳикояда Байко исмига кўзи тушиб қолди. Бу исм ўз ақл-заковатига маҳлиё профессорга ҳеч нарсани англатмасди. Хонаси келганда ҳикоя муаллифи бўлмиш талабасини чақириб, сўради:

– Айтинг-чи, Байко ким ўзи?

– Байко? Байко – Маруноутидаги Тэйкоку театри актёри. Ҳозир у “Тайкоки” пьесасининг ўнинчи пардасида Мисао ролини ўйнамоқда, – деб мулойим жавоб берганди ўшанда арзон хакамадаги[4] талаба...

...Профессор шу жойида мутолаани тўхтатишига тўғри келди. Оқсоч уйга меҳмон келганини айтиб, унинг ўй-хаёлларини тўзғитиб юборди. Кун қанчалик узун бўлмасин, бу одамлар профессорни ҳолдан тойдирмагунча қўйишмайди, шекилли...

Китобни бир четга суриб, оқсоч берган ташриф қоғозига кўз ташлади. Фил суяги рангидаги картонга майда қилиб: “Нисияма Токуко” деб ёзилганди. Бу аёлни илгарилари учратмаган экан. Профессорнинг таниш-билишлари кўп эди, курсидан тураётиб, барча танишларини бир-бир эслади. Алҳол, бу аёлни эслолмади. Профессор ташриф қоғозини хатчўп сифатида китобга қистирди-да, китобни курсига қўйди ва эгнидаги шойи кимонони тўғрилаб-нетиб, тағин фонарь-гифуга кўз қирини ташлаб қўйди. Афтидан, ҳамма ҳам бундай вазиятларда кутишга маҳкум меҳмондан кўра куттиришга мажбур хонадон соҳибига оғир бўлган ҳолатга тушгандир-ов. Шундай экан, ўз обрў-эътибори йўлида куйиб-пишадиган профессордан таъна қилмаса ҳам бўлади. Нега десангиз, чақирилмаган меҳмондан бошқа одам бўлганда ҳам ҳамиша шундай йўл тутилган.

Бирмунча вақт ўтказиб, профессор қабулхонанинг эшигини очди. Ичкарилаган заҳоти эшик тутқичини қўйиб юборди, ўша ондаёқ қирқ ёшларни қоралаган аёл ўрнидан туриб профессорга пешвоз чиқди. Меҳмоннинг эгнида нафармон-кулранг тусдаги енгилроқ кимоно, шундай нафиски, профессор ҳатто баҳо беролмай қолди. Майда-чуйдаларга кўп ҳам эътибор бермайдиган профессор аёлнинг сочлари “маругамэ” усулида ўрилганини дарров пайқади. Аёл кулчаюз, японларга хос равишда териси қаҳрабо тусда эди, кўринишидан зиёли хонимга ўхшайди. Биринчи марта нигоҳи тушгандаёқ профессорга аёлнинг юзи иссиқ кўринди.

– Хасэгава, – дея профессор илтифот-ла таъзим қилди: агар меҳмон билан аввал учрашган бўлса, бу исм унга кўп нарсани англатар деб ўйлади.

– Мен Нисияма Конъитиронинг онасиман, – деди жавобан аёл ва у ҳам таъзим бажо келтирди.

Нисияма Конъитирони профессор танирди. У Ибсен ва Стриндберг ҳақида мақолалар ёзган талабаларидан бири эди. Агар профессор адашмаса, у олмон ҳуқуқшунослигини ўрганар, университетга киргач эса, мафкура масалалари билан шуғулланиб, профессорнинг ҳузурига ташриф буюриб турарди. Баҳорда қорин пардасининг яллиғланиши билан оғриб қолиб, университет касалхонасига ётганди; профессор икки марта уни кўргани борганди. Бекорга бу аёлнинг юзи таниш туюлмаган экан. Бароққош, хушчақчақ йигит ва манави хоним икки томчи сувдай бир-бирларига ўхшар экан.

– Э, ҳа, Нисияма-кун[5]... Шунақа денг! – Профессор бош ирғаб аёлни чоғроқ стол ортидаги стулга манзират қилди: – Марҳамат.

Кутилмаган ташрифи учун узр сўраб ва илтифот учун миннатдорлик билдириб, аёл кўрсатилган стулга ўтирди. Шу аснода енгидан нимадир оқ нарсани чиқарди, дастрўмол бўлса керак. Профессор столда ётган корейслар елпиғичидан фойдаланишни таклиф қилиб, аёлнинг рўпарасига чўкди.

– Уйингиз чиройли экан.

Аёл камоли диққат-ла хонани кўздан кечирди.

– Ў, йўғ-е, шунчаки кенгроқ, холос.

Бундай мақтовларга ўрганган профессор оқсоч келтирган совуқ чойни меҳмон томон суриб қўйди ва дарҳол суҳбат мавзусини аёлнинг ўғлига бурди.

– Нисияма-кун яхши бўлиб қолдими? Аҳволи тузукми?

– Й-йўқ...

Аёл қўлларини тиззасига сипогина қовуштириб, бир дақиқа жимиб қолди, кейин эса ўша-ўша хотиржам оҳангда:

– Аслини олганда, ўғлим туфайли келдим. У билан фалокат юз берди. У сиздан кўп борада қарздор эди... – деди.

Профессор меҳмон уялганидан чой ичмаяпти, деб ўйлаб, қўярда-қўймай чой қуйиб бергандан кўра ўзи намуна кўрсатишга қарор қилди; пиёлани энди пешонасидан ўпмоқчи бўлганда аёлнинг гаплари профессорни тонг қолдирди. Чойни ичсинми ё йўқми? Бу фикр уни йигитчанинг ўлими ҳақидаги фикрга боғлиқ бўлмаган равишда ташвишга солганди. Лекин пиёлани лаби устида олам тугагунча ушлаб туравермайди-ку! Профессор бор журъатини тўплаб бир ҳўплашда пиёлани яримлатди, қовоғини сал-пал уйди ва бўғиқ овозда:

– Ие, шундайми! Яхши иш бўлмапти, ­– деди.

– ...Ўғлим касалхонада ётганда, сиз ҳақингизда кўп гапирарди. Шунинг учун, гарчи сиз ўта банд бўлишингизга қарамай, ўғлимнинг вафоти ҳақида айтишга ва сизга миннатдорлик билдиришга ботиниб келавердим...

– Йўғ-е, қўйсангиз-чи...

Профессор пиёлани қўйиб, кўк мумлама елпиғични олди ва қаттиқ ачиниш билан ҳамдардлик билдирган бўлди:

– Шундай денг. Қандай бахтсизлик! Шундай ёшда-я, ҳали ҳаммаси одинда эди-я... Касалхонадан хат-хабар бўлмаганига соғайиб кетипти деб ўйлабман... Қачон қайтиш қилди?

– Кеча еттинчи кун эди.

– Касалхонада узилдими?

– Ҳа.

– Кутилмаганда-я!

– Қўлдан келган ҳамма чора кўрилди. Демак, тақдирга тан беришдан ўзга чора йўқ. Барибир ажал ўз ишини бажаргач, озиб-ёзиб бир келганимда ҳасратланишга тушдим. Афв этгайсиз.

Суҳбат асносида профессор бир ғалати ҳолатни пайқаб қолди: аёлнинг на юз-кўзида, на ўзини тутишида туққан ўғлининг ўлими акс этмади. Ақалли бир томчи кўзёш қилмади. Овози ҳам мулойим-хотиржам. Камига, лабларида нимтабассум. Агар аёлнинг сўзларини бир четга йиғиштириб қўйилса, ўртада кундалик майда-чуйдалар ҳақида суҳбат кетаётгандай эди. Ғалати, жуда ғалати.

...Бундан анча йиллар илгари, профессор Берлинда таҳсил олиб юрган пайтлари ҳозирги кайзернинг отаси Вильгельм I қазо қилди. Профессор бу хабарни ўзининг ҳар доимги севимли қаҳвахонасида ўтирганида эшитди, эшитганда ҳам оддий хабарни тинглагандай биронта туки қилт этмай эшитди. Асосини қўлтиғига қистириб пансионатига қайтди ва эшикни очиши биланоқ пансионат бекасининг икки боласи – жигарранг кофтадаги ўн икки яшар қиз ва калта, кўк иштондаги тўққиз ёшли болакай унинг бўйнига осилиб ҳўнграб йиғлашга тушишди. Гап нимадалигини тушунмаган болажон профессор уларнинг оч малласоч бошларини силаб юпата бошлади ва: “Нима бўлди, қўзичоқларим?” деб сўради. Болалар эса ўпкаларини босишолмасди. Ниҳоят, ҳиқиллаганча зорланишди: “Император бобомиз ўлиб қолди!”

Профессор давлат раҳбарининг ўлимига ҳатто болалар ҳам аза тутганига ҳайрон қолди. Бу ҳолат профессорни ҳукмрон сулола ва халқ ўртасидаги муносабат устида бош қотиришга мажбур қилди. Бусидо тарафдори бўлмиш бу япон оврўпаликларнинг ҳис-туйғуларини ифода этишда ўта таъсирчан эканликларини ҳеч ҳазм қилолмасди. Энди эса ўзи манави аёлнинг кўзёш тўкмаганига лолу ҳайрон бўлиб ўтирибди.

Алқисса, профессор биринчи кашфиёти ортидан иккинчисини ҳам очди.

Бу улар марҳум йигит ҳақидаги хотиралардан турмуш икир-чикирларига ўтиб, яна марҳумни хотирлашганда содир бўлди. Гап орасида профессорнинг қўлидаги елпиғич полга тушиб кетди. Вазият унчалик ҳам таранг бўлмаганига профессор елпиғични олишга эгилди. Елпиғич стол тагига, меҳмоннинг кимоно пана қилиб турган оқ табиси[6] ёнига тушган экан.

Профессор бехосдан бир сонияга аёлнинг тиззаларига кўз ташлади. Аёл тиззаларига қўлларини қўйиб олган, қўлида эса оқ дастрўмол. Албатта, буни кашфиёт деб бўлмайди. Аммо шу дам профессор аёлнинг қўллари дир-дир қалтираётганини пайқаб қолди. Аёл ич-ичидан тўлиб-тошиб келаётган азоб-уқубат бўронини босиш учун рўмолчани бармоқларига ўраб, шундай таранг тортардики, сал қолса, тамом... рўмолча иккига бўлиниб, аёл портлаб кетадигандек. Нозик бармоқларга ўралган ипак дастрўмол учлари гўё шамол эсишидан титраб кетмоқда. Аёл ташида кулиб турса-да, аслида бутун борлиғи билан зор-зор бўзларди.

Профессор елпиғични олиб, қаддини ростлаганда, унинг юзида янги ифода пайдо бўлганди: бу чеҳрада энди фавқулодда мураккаб, кўриши керак бўлмаган нарсага кўзи тушганда ҳосил бўладиган хижолатпазлик аралаш мамнунлик ҳисси акс этганди.

– Ҳатто болаларим бўлмаса-да, сизга қанчалик оғирлигини яхши тушунаман, – деди профессор паст, самимий овозда; худди кўзни қамаштирадиган сиймога қарагандек бошини зўр бериб орқага ташлади.

– Ташаккур. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам капанак кийган қайтади-ю, кафан кийган қайтмайди.

Аёл андак бошини эгди. Унинг осойишта юзи аввалгидай нимтабассумдан ял-ял ёнарди.

***

Орадан икки соат вақт ўтди. Профессор ваннага тушди, таомланди, сўнгра олчадан чўқинди ва яна айвондаги тўқима курсига ястаниб ўтириб олди.

Профессор нимқоронғуда оёғини чалиштириб оромкурсида ястанганча, фонарь-гифунинг қизил шокилаларига паришонхотир тикилиб қолганди. Қўлида яна-тағин Стриндберг, бироқ бир саҳифа ҳам ўқиёлмади. Зотан, профессорнинг ўй-хаёллари ҳамон Нисияма Токуко хонимнинг қаҳрамонона тийнати ила банд эди.

Кечлик пайтида профессор ҳаммасини миридан-сиригача хотинига айтиб берди. Меҳмоннинг хулқига тан бериб, уни япон аёлларининг бусидоси деб атади. Хонадон соҳибаси, Япония ва японларга меҳри баланд профессорнинг хотини эрининг ҳикоясини ички бир ачиниш билан тинглади. Профессор хотини берилиб тинглаганидан мамнун бўлди. Энди профессорнинг хаёлида аллатовур ўзгача тасаввур биттага кўпайди – рафиқаси, меҳмон хоним ва фонарь-гифу.

Профессор анчагача шундай бахтиёр ўйчанликда ўтирди. Иттифоқо, бир журналга мақола юбориши кераклиги ёдига тушиб қолди. Бу журналда “Замонавий ёшларга мактуб” рукни остида обрў-эътиборли кишиларнинг одоб-ахлоқ масалаларига оид қарашлари чоп этиларди. Бугунги воқеани қоғозга тушириб жўнатсинмикин?.. Шуларни ўйлаб, профессор бошини қашиди.

Бирдан қўлидаги китоб эсига тушиб ташриф қоғози қистирилган саҳифани очди. Шу дақиқада оқсоч кириб, фонарь-гифуни ёққанди, майда ҳарфларни ҳам ўқиса бўладиган ёруғлик тушди. Профессор ўқигиси келиб-келмай саҳифага кўз тикди. Стриндберг шундай деб ёзганди:

“Ёшлигимда Хайберг хонимнинг (адашмасам, у парижлик эди) дастрўмоли ҳақида кўп гапиришарди. Хонимнинг юзи кулиб, қўли дастрўмолни йиртарди. Бу иккиёқлама ўйин услуби деб аталарди. Эндиликда биз буни бемаъни услуб деймиз...”

Профессор китобни тиззасига қўйди. Нисияма Токуконинг ташриф қоғози турган саҳифа очиқ қолди. Лекин энди профессор меҳмон хонимни ўйламасди. На хотинини, на япон маданиятини. Хаёли ҳаловат топган ботинига путур етказган мубҳам ўйлар билан банд эди. Албатта, Стриндберг калака қилган саҳна услуби билан ахлоқ масалалари ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Лекин ўқилган мана шу жумлада ваннадан қушдай енгил бўлиб чиққан профессорнинг дилини хуфтон қиладиган яширин недир шама бор эди. Бусидо ва мазкур услуб...

Профессор домангир бўлиб бошини чайқади ва тепага, фонарь-гифунинг кузак ўт-ўланлари ёлқинланаётган ёрқин нурига тикилди.

Рюноскэ АКУТАГАВА, япон адиби (1892­–1927)

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси.



[1]“Тубсизликдан” (лот.).

[2]Фонарь-гифу – газета қоғози, картон ёки оддий қоғоз билан турли шаклларда ўралган электр чироқ. Кунчиқар мамлакат халқи бу чироқ орқали Қуёшга ишора қилишмоқчи бўлган. Дастлаб Япониянинг Гифу шаҳрида ишлаб чиқарилган (бу ва бундан кейинги изоҳлар таржимонники).

[3]Бусидо (яп. “жангчи йўли”) – самурайлар кодекси, чинакам жангчининг жамиятда, жангда ва ўзи билан ўзи ёлғиз қолганда хулқ-атвор меъёрлари, жуда қадим ўтмишга бориб тақалувчи жангчилар фалсафаси.

[4]Хакама – узун ва кенг анъанавий япон иштони.

[5]Японларда эркакларга ҳурмат маъносида исм-шарифга “-кун” қўшимчаси қўшилади. Кўпроқ расмий тусдаги “ўртоқ” маъносида келади.

[6]Таби ­– оёқнинг бошмалдоқ қисми айри, тўпиққача тортиладиган анаъанавий япон пайпоғи.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1