1

Жиноят кўчасидаги ўсмирнинг юзи қора, келажаги завол бўлади

ЖИНОЯТ 14.08.2018, 16:43
Жиноят кўчасидаги ўсмирнинг юзи қора, келажаги завол бўлади

Тун ярмида Адолат холанинг уйқуси қочди. Бемаҳал келишга одатланган невараси Сардорбекни, четга ишлаш учун кетган ўғли ва келинини ўйлаб, кўнгли ўксиди...

Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолат

Ўғлини кўрмаганига ҳам 8 йил бўлибди. Ўшанда Сардорбек 9 ёшда эди. "Бечора болам, қўй шу сарсонгарчиликни. Ке, ўғлингга оталик қилсанг, менинг у ёғимдан бу ёғим яқин бўлса..." Шу пайт ичкаридан гурсиллаган овоз эшитилди. Сардорбек гиламда бежо тўлғаниб ётарди...

Оиладаги нотинч муҳит ва назоратсизлик фарзанд бебошлигига сабаб бўлади. Шу боис мамлакатимизда ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида таълим муассасаларида фан, спорт ва касб-ҳунар тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия ишлаб турибди. Ота-она, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигида ҳар бир фарзанд тарбиясига эътибор қаратилмоқда.

Аммо... Вояга етмаганлар, ёшлар ўртасида жиноятлар содир этилмоқда. Улар кимлар, деган саволга тегишли соҳа ходимлари жавоб беради.

– Вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятлар асосан нотинч, тез-тез оилавий жанжал бўлиб турадиган, ота-онаси ичкиликка ружу қўйган ёки ажрашган, шунингдек, хорижга ишлаш учун кетган оилалар фарзандлари томонидан содир этилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи ўринбосари Шерзод Раҳимов – Шу боис Бош прокуратура ва Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси билан ҳамкорликда назоратсизлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, носоғлом оилаларда тарбияланаётган вояга етмаганлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилиб, ҳудудларда тўлиқ ижрога қаратилган.

Маълумотларга кўра, вояга етмаганлар ўртасида жорий йилнинг 6 ойида 362 жиноят содир этилган. Улар орасида ўғирлик, талончилик, босқинчилик ва безорилик каби жиноятлар кўп аниқланган.

4343 нафар тарбияси оғир вояга етмаганлар ички ишлар идоралари томонидан профилактик ҳисобга олинган бўлиб, уларга таълим муассасалари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан мураббийлар бириктирилиб, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли тўгаракларга жалб этилди.

Бу даврда хулқи ижобий томонга ўзгармаган 508 нафар ўғил-қиз ихтисослаштирилган ёпиқ турдаги таълим муассасаларига жойлаштирилди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида рўйхатга олинганларнинг 3807 нафари профилактик ҳисобдан чиқарилди.

...Сардорбекнинг ота-онаси бирга яшамасди. Шундан сўнг ота ҳам, она ҳам боласини ташлаб хорижга кетди. Оқибатда у қари бувисининг қўлида қолди. Сардорбек 1-синфга ўқишга борганда ота-онаси ёнида эди. У жуда иқтидорли ўқувчи сифатида тилга тушди. Спорт тўгаракларига мунтазам қатнаша бошлади. Дастлабки йилдаёқ фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Оилада мувозанат бузилгач, болага алоҳида эътибор қаратилмади. Аввалига отасини кейин онасини соғина-соғина зериккан аламзада бола энди кўчадан нажот қидира бошлади. Топган дўстлари билан бирга ўз уйидан пул ўғирлади. Секин-аста, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолди.

Халқимизда “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган мақол бор. Хўш, ёшларнинг, айниқса, ўсмирларнинг жиноят кўчасига киришига нима сабаб бўлмоқда? Наҳотки, маҳалла, мактаб, қўни-қўшни кўз олдида ўсиб келаётган боладаги ўзгаришларни сезмаса. Зотан, тарбияси ноқис бола оиласига, маҳаллага, жамиятга ҳеч қандай наф келтирмайди.

– Мазкур салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий комиссия аъзоларидан иборат тузилган ишчи гуруҳлар томонидан назоратсиз ва қаровсиз аҳволда юрган ёшлар аниқлаб борилади, – дейди Ш.Раҳимов. – Уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбатлар ўтказилгандан сўнг ҳам фарзандларига таълим-тарбия бериш чорасини кўрмаган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик ва бошқа таъсир чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан шуғулланувчи барча органлар томонидан ҳамкорликдаги ишлар тўғри йўлга қўйилганлиги натижасида, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятларда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг сезиларли даражада камайишига эришилди.

...Сардорбек Тошкент шаҳар наркология диспансерида кўзини очди. Ёнида бувиси йиғлаб ўтирарди. Унинг меҳрибон бувисига меҳри ийиди...

Гулноза Бобоева, ЎзА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1