— Бир неча ой аввал элга тўй бериб, ўғлимни уйлантирдим. Эшикма-эшик юравериб кавушимнинг таги тешилганида ўғлимнинг ҳамкасби яхши қиз борлигини айтиб қолди. Совчиликка бордик, ёшлар биринчи учрашувдаёқ бир-бирларига маъқул келишди. Ўртада ишончли одам тургани сабаб кўпам суриштирмай фотиҳани тезлаштирдик. Келинни туширгач тенгқурларим қатори етти қават кўрпачада ўтириб роҳатланарман, деб ўйлагандим. Чучварани хом санаган кўринаман. Биринчи куниёқ келинимни олдимга олиб “Энди менинг қизимсиз, эркалигингизни ота уйингизга ташлаб келинг, бу ёғи ҳаёт, яхши гап ҳам, аразу гина ҳам ўтиши мумкин. Уйдаги гап уйда қолсин. Нимани тушунмасангиз ўзимдан сўрайверинг” дегандим. Лекин қизи тушмагур жуда ўжар, ўз билганидан қолмайдиган чиқди. Қўйган ҳар бир қадамини онасига етказиб туради. Чақимчилик қилиб, ҳаммамизни тескари қилиб қўйди. Айтавериб, тилим оғригач, охири қаттиқроқ гапиришимга тўғри келди. Дарров онасини чақириб, кетаманга тушиб қолди. Қудам эса қизини уришиб-уришиб ташлаб кетди. У ёқда эркак қудамиз ҳам қўнғироқ қилиб, айб қизида эканини айтаяпти. Лекин келин ўзини босишни истамайди. Хуллас, қанчалик аччиғим чиқса ҳам болаларни ажратолмайман. Бу бебош келинни қандай тарбия қилай? Маслаҳатингизга муҳтожман.
Жамила, 54 ёш, Наманган вилояти
Тўти Юсупова: — Эзгу ниятлар билан бировнинг эрка қизини қиз қилиб олибсиз-да. Ҳа, баъзи ёшлар ғўр, шартаки, ўжар бўлишади. Ўзимиз ҳам вақтидаулардек эдик. Оғир-босиқ қайноналаримиз бизга сабр қилишган. Фарзандли бўлиб, яхши-ёмонни кўриб, аста-секинлик билан ҳовуримиздан тушганмиз. Ҳаётнинг ўзи яхши муаллим, кўп қайғурманг. Агар билсангиз, бошқаларнинг келини ҳам шунақа. Ёш-да, биз катталарга ёқмаган бир қилиғи ортиқча. Начора, қайнонажон бўлиб етти қават кўрпачада ўтириш, савлат тўкиб юриш учун ҳам келинпошшаларнинг феълига, ноз-фироқ қилишларига чидашимиз керак. Бу дунёда қай бир иш, қай бир вазифа осон, дейсиз? Ҳартугул, ота-онаси қизининг феълини билишаркан, шукр қилинг, баъзи бировлар “Қизимда айб йўқ, қизим оппоқ” деб оёқ тираб туриб олади. Яхши, инсофли инсонларнинг фарзанди экан, ундан ёмонлик чиқмайди. Маслаҳатимиз, келин билан гап талашманг. Ахир у болангиз тенги бола. Сиздай фикрлаши учун, сизнинг ёшингизга қадар яшаши, болали бўлиб, уни минг бир азобда улғайтириши керак. Келинни яхши кўришга ҳаракат қилинг. Энг осон тарбия йўли шу.
Мираббос Мирзааҳмедов: — Икки ойлик келинчак билан шунча муаммо юзага келгани бироз тушунарсиз. Тўғри, ҳар бир аёл фарзандига нисбатан айтилган сўзларни кўнглига жуда яқин олади. Қолаверса, икки ой ёшлар бир-бирини ўрганиши учун жуда оз фурсат. Буннинг учун камида 1–1,5 йил талаб этилади. Шундай экан уларнинг ўзлари бир қарорга келиб олишлари учун имкон яратишни, босим ўтказмасликни тавсия қиламан. Турли чекловлар ва айтганингизни қилдириш билан уни тарбия қилолмайсиз. Келин ҳар бир қадамини онасига етказиб турса, демак бу можароларда қудангизнинг ҳам маълум миқдор ҳиссаси бор. Балки у киши билан гаплашиб, мулоқотни чеклашни келишиб оларсизлар.
Оилангизга тинчлик хотиржамлик тилайман!