​«Озсам, эрим қайтадими?»

СУҒДИЁНА 14.10.2018, 14:04
​«Озсам, эрим қайтадими?»

— Турмушга чиққанимга ўн йилдан ошди. Икки фарзанднинг онасиман. Оила қурмасимдан олдин қоматим рисоладагидек эди. Ҳозир эса кўзгуга қараб ўзимни таний олмайман. Ёшимнинг катта кўринаётгани, ортиқча вазн сабаб келиб чиқадиган ноқулайликлар ҳам ўз йўлига. Эрим хиёнат кўчасига кирган. Тўлишиб кетганим учун мендан кўнгли қолган. Ҳатто, буни бир неча бор тан олди. Мен аввалги ҳолатимга қайтсам, унинг ҳам муносабати олдингидек бўлишига ишонаман. Бироқ ҳеч озиш учун ҳаракат қила олмаяпман... На овқатдан, на ширинликдан ўзимни тия оламан. Машқ қилишга-ку ҳафсала йўқ. Назаримда, руҳшунос кўмагига муҳтожман.

Гулзода, 32 ёш

Уч-тўрт аёл йиғилган жойда, албатта, улардан биттаси тўлишиб кетаётганидан ёзғиради. Ҳатто, қомати ойдеккина бўлса-да. Ортиқча вазн соҳибалари-ку бу мавзуда узоқ дарду ҳол қилишлари мумкин. Албатта, ҳаммаси эмас. Баъзиларининг тўлачалиги парвойига ҳам келмайди, атрофдагилар ҳам уларнинг дўмбоқликларига эътибор қаратишмайди. Нега шундай? Руҳшунос Шаҳноза ХАЛИЛОВА билан семиришнинг психологик сабаблари ва озиш йўллари ҳақида суҳбатлашамиз.

Ҳаммасига депрессия сабаб?!

Ҳар бир организм ўзига хосдир. Семиришга сабаб бўлувчи факторлар ҳам турлича. Гормонал ўзгариш, гормонлар қабул қилиш, туғруқ, ёш улғайиши ва ҳоказолар. Камҳаракатлилик ва таомга бўлган носоғлом муносабатни психологик сабаб сифатида кўрсатишимиз мумкин.

Биласизми, семизлик дунё миқёсида кузатилаётган муаммо. Замон ривожланган, ҳаракатлар камайиб, қулайликлар кўпаймоқда. Кийим кечакларимизни кир машина ювяпти, хонимлар таомни «қайнар хумча»да пиширади, ярим тайёр овқатлар ҳар қадамда учрайди, кафе-ресторанларда овқатланишга одатланиб боряпмиз. Айниқса, Америка ва Европада яшовчилар орасида семизларнинг кўплиги бунга яққол мисол.

Нега бир хил таомланаётган, бир хил ҳаракатланаётган икки одамнинг бири семириб кетади-ю, иккинчисининг вазнида ўзгариш бўлмайди, деган савол нафақат сизни, олимларни ҳам ўйлантирган. Қайсидир тана семиришга мойил бўлади, қайсидири эса йўқ. Изланишларга кўра, генетик хотира ўз сўзини айтармиш. Ота-боболаримиз урушни, очарчиликни бошдан кечирган. Шунинг ҳисобига организмимиз ғамлашга одатланган. Худди айиқлар танасида ёғ йиғиб, қишлагани каби. Албатта, булар илмий исботини топмаган ғоялар.

Психологик факторларга қайтадиган бўлсак, стресс туфайли кимнингдир вазни ошса, кимдир чўпдек озиб кетади. Яна ўша индивидуаллик.

Ўзингизга маълум, депрессияга тушган кишининг кўнглига қил сиғмайди. Айниқса, аёлларда бу кўзга ташланади. Ясан-тусан қилишга хоҳиш йўқ, аксарияти чўзилиб ётсам, дейди. Аслида киши ҳаракатланганда ётгандан кўра камроқ энергия сарфлайди. Лекин буни кўпчилик билмайди. Қувват бўлсин, тезроқ тикланай деб, «кучли-кучли» таомланишга ўтади. Ошқозоности бези ҳаддан зиёд шира ишлаб чиқарганидан иштаҳа карнай бўлиб бораверади. Айниқса, ширинлик билан кайфиятни кўтараман деган ўйда сантиметрларга сантиметрлар қўшувчи ширин пишириқларни паққос туширганингизни билмай ҳам қоласиз.

«Нега овқатдан ўзимни тия олмайман?»

«Тарозига чиқсам, кўнглим орқага тортиб кетса-да, севимли либосимга сиғмасам-да, ҳали эрим, ҳали онам «Кундан-кун тўлишяпсан» дея танқид қилишса-да, овқатдан ўзимни тия олмайман!» Таниш жумлами? Гап фақат қуюқ зиёфат дастурхонлари, кўз олдингизда «Мени е» дея чорлаб турган таому пишириқлар ёхуд бақувват овқатланишгаю десерт билан ўзингизни сийлашга ўрганиб қолганингиздами? Йўқ. Таомланишга нисбатан носоғлом муносабатнинг вужудга келишининг ҳам сабаблари талай. Айнан психологик томондан ёндашсак, овқат жаҳлни, юзага чиқарилмаган хоҳиш-истакларни босиш воситасига айланиб қолган бўлиши мумкин.

Турмуш ўртоғи ўзгасининг этагини тутиб кетган бир аёл билан суҳбатлашганимизда, у «Эрим семизсан», дея хўрлаган бўлса-да, овқат ейишдан ўзимни тўхта олмайман», дея сўз очганди. Меҳр-муҳаббатни ҳис қила олмаётган аёл ўзини ширин таомлар билан сийлашга ўтиши ҳам ҳеч гапмас. Албатта, бу онг остининг буйруғи билан юз берадиган жараёндир.

Семизлик шунчалар катта муаммоми?

Ҳар нарсада меъёр бўлгани яхши. Вазнда ҳам. Ортиқча килограммларнинг саломатликка таъсири хусусида шифокорлар кўп ва хўп гапиришган. Саҳифаларимизда ҳам ҳар икки хасталикнинг бири меъёридан ортиқ вазнга бориб тақалишини айтиб ўтганмиз.

Психологик томондан эса меъёр тушунчаси ҳар кимда ҳар хиллигини эътиборга олиш керак. Ким учундир салгина чиқиб қолган қорин ҳам катта ташвиш. Кимдир эса ўзини бошқалар «тўлача» дейдиган вазнда ҳам қушдек енгил ҳис қилади.

Хўш, нега аёллар кўпчилиги озиш дардига тушган? «Тўлишибсизми?» деган саволдан бағри дили хуфтон бўлиб кетади? Аёл кишининг танасида совуқдан ҳимояланиш учун ёғ қатлами қалинроқ қилиб яратилган. Шунга ҳам семиришга мойиллик эркакларга қараганда кучли. Эркак зоти учун бақувватгина бўлиш авторитет саналса, аёллар учун ортиқча вазн катта муаммо...

Чунки ташқи кўринишимиз билан ўзимизга эътибор тортамиз. Эркаклар мансаби, эришган ютуқлари билан тилга тушса, аёллар одатда ҳурлиқоликлари сабаб илк таърифга сазовар бўлишади.

Энг муҳими, ёқтирмаган ёки қулай бўлмаган либосида киши ўзини ноқулай ҳис қилгани каби ортиқча вазнли айрим аёлларнинг ҳаракатлари ҳам ишончсиз чиқади. Оқибатда ўзидан кўнгли тўлмайди, комплекслар пайдо бўлади, турмушидаги ҳар бир омадсизлик, кўнгилсизликни тарози палласини босиб турган килограмларга йўяди.

Қолаверса, моданинг изидан қувиш деярли ҳаммамизга хос. Қоматимиз стандартларга жавоб бермаётганидан хафа бўлиб кетамиз. Аммо шу ўринда бир ҳақиқатни унутмаслик лозим, мода ўзгарувчан. Классик рассомлар ижодига назар солсангиз, улар шоҳ асарларида тасвирланган гўзалларнинг бари дўмбоққина эканига гувоҳ бўласиз. Ҳатто, Мона Лиза ҳам нозиккина эмас! Бу «Ким қўҳлик, семиз кўҳлик», деб семиришда давом этаверинг дегани эмас. Ўзингизни жазолаб қийнамаслигингизни истаб мисол келтирдик, холос.

Психолог оздиради?!

Психолог билан ишлаш давомида вазн ташлаганлар йўқ эмас. Бироқ психолог сиз учун югурмайди, олдингиздан таомни тортиб олмайди. У билан бирга озиш йўлидаги тўсиқлардан халос бўласиз. Дейлик, вазн ташлашингиз кераклигини биласиз, бир неча бор фитнес залига ёзилдингиз, парҳез тутдингиз, аммо кўпга бормай ҳаракатдан тўхтаб қолдингиз. Демак, олдингизда тўсиқ бор.

  • Айрим касалликларга чалинганда шифокорлар беморларга бироз вазн тўплашни тавсия қилишади. Хасталик чекингач ҳам «Агар озсам, яна касал бўлиб қоламан», деган хавотир туфайли меъёридан ортиқ вазндан халос бўлишга уринишмайди.
  • Оғир касалликка чалинган кишиларнинг жудаям озиб кетганини кўришган ва қўрқув пайдо бўлган.
  • Озғинлик бахтсизлик, бечоралик, кун кўрмаганликни англатади деган онг остидаги фикр ҳам озиш йўлида тўғаноқ бўлади.
  • Нега семириб кетяпти? Асл сабабни англашмайди.
  • Танадаги босимлар, қайсидир қисмларида қисилишлар сабаб тўлиқ жисмоний ҳаракат қила олишмайди. Бу оғриқ, қисилишлар қўйиб юборганда ёғлардан халос бўлиш кузатилади. Психологлар кўпинча шу муаммо билан ишлашади.

Ҳаракатни бошлаймиз!

  • Аввало, танангизни борича қабул қилинг. Унутманг, уни қабул қилмасангиз, чиройли қоматга ўрнини бўшатиб бермайди.
  • Озишнинг баҳосини оширманг. «Озсам, ҳаётим ўзгаради/эрим қайтиб келади!». Тўғри, булар озишга бўлган иштиёқни уйғотади. Аммо кўзлаган натижага етказиши даргумон. Яхшиси, «Мен соғлом бўлишим учун бироз вазн ташлашим керак», деган дастурни жойланг онг остига.
  • Ўзингизни жазоламанг. Ҳаётингиздаги бирор кўнгилсизлик, йўқотиш ёки омадсизлик семиз-ориқлигингиз билан боғламанг. Аввало инсоннинг қалби, феъли, ҳаётга қараши чиройли бўлиши даркор. Қолаверса, «Тўлишиб кетганим учун эрим хиёнат қиляпти» каби айбловлар билан ўзингизни жазолашга тушиб кетасиз. Аёвсиз парҳез, оғир машқлар — танангизни чарчатади. Ичингиздаги «болача» бундай жазога, «Семизман» деган хўрликка чидолмайди. Охири бор-эй деб, барига қўл силтайди, тағин ортиқча вазн тўплай бошлайсиз.
  • Кам-камдан ҳаракатни бошланг. Югурмоқчимисиз, масофани ҳар куни оз-оздан оширинг. Ҳаракатсиз ортиқча вазн билан хайрлаша олмайсиз. Ҳатто, сеҳрли коктейлларни ичиб ҳам!
  • Овқатга бўлган муносабатни суъний равишда ўзгартирманг. Шу муносабатнинг илдизига етиб боринг: овқатга қўл чўзиш истаги остида очлик ётибдими ёки ўзингизни нимадандир чалғитмоқчимисиз?
  • Ҳазми енгил, лекин қувват берадиган таомлардан енг.
  • Ҳар кўзгуга қараганда «Нақадар семизман» деган фикрни онг остига мустаҳкамлаб бориш ўрнига ҳаракат қилаётганингизда енгил тортаётганингизни, озаётганингизни ҳис қилинг. Ўзингизни «Баракалла!» дея рағбатлантиришни унутманг.
  • Озғин пайтларингиздаги суратларга ёки сиз ҳавас қиладиган қоматга армон билан эмас, бу кўринишга эришиш мумкинлиги ҳақидаги ишонч билан қаранг. Шунда танангиз комфорт ҳолатидан чиқиб бошқа бир комфорт ҳолатга ўта бошлайди.
  • Озиш учун ҳаракатларни комплекс олиб боринг. Муаммонгизни англаш, тўсиқлар, босимлардан халос бўлиш, машқлар ва тўғри таомланиш бари биргаликда амалга оширилганда, албатта, натижа кўрсатади.

МУХЛИСА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1