1

Қашқадарёда солиқдан қарздор шахсларнинг пластик карталари блокланди

ЖАМИЯТ 10.11.2018, 13:29
Қашқадарёда солиқдан қарздор шахсларнинг пластик карталари блокланди

Қашқадарё вилоятида аҳоли томонидан банк пластик карточкалари ишламай қолаётгани ҳақида баъзи эътирозлар билдирилмоқда. Фуқаролар тижорат банкларига мурожаат қилганда банк пластик карточкалари солиқ қарздорлиги мавжудлиги учун вақтинча қулфлаб қўйилаётгани маълум қилинган, деб ёзмоқда ЎзА.

Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шуъбаси бошлиғи Фирдавсий Жабборов мавзуга аниқлик киритди.

– Қашқадарё вилоятида 509 минг нафардан ортиқ солиқ тўловчи жисмоний шахслар мавжуд. Солиқларни ўз вақтида тўлаб, мажбуриятини бажараётган шахслар билан бирга ундан бўйин товлаётганларнинг борлиги ачинарли. Натижада давлат олдида қарздорлик вужудга келмоқда.

Масалан бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 152 минг нафардан ортиқ солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг 28 миллиард сўмга яқин солиқ қарздорлиги мавжуд.

Президентимизнинг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан жорий этилган янгилик мана шундай ҳолатларни олдини олишга хизмат қилади.

Эндиликда, юзага келган солиқ қарздорлигини жорий йилнинг 1 октябрдан бошлаб солиқ тўловчи-жисмоний шахсларнинг пластик карталарига хизмат кўрсатувчи банк ҳисобварақларидан ойига энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдоридан кўп бўлмаган суммада сўзсиз кесиб олиш ҳуқуқи берилган. Бу ҳақида фуқаролар огоҳлантирилган. Лекин, қарздорликни адо этиш масаласи ортга сурилган. Натижада, солиқ идоралари томонидан солиқлардан қарздорлиги бўлган жисмоний шахсларнинг банк пластик карточкаларида операцияларни вақтинча тўхтатиб туриш учун тижорат банкларига маълумотлар берилган. Солиқлардан қарздорлик тўлангандан сўнг банк пластик карточкалари яна очиб берилади.

Бу ўз навбатида қарздорликни, унга қўшимча ҳисобланадиган пеня суммаларининг ортиб кетмаслигига хизмат қилади.

Хулоса шуки, жорий этилаётган янгилик солиқ хизмати органи ходими иш самарадорлигини ошириш, маблағларни ўз вақтида давлат бюджетига туширишга ёрдам беради.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1