1

Таниқли тележурналист Бобур Комилов вафот этди

ЖАМИЯТ 12.11.2018, 14:38
Таниқли тележурналист Бобур Комилов вафот этди

«Давр» информацион дастури орқали танилган тележурналист, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот котиби Бобур Комилов узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этди. Бу ҳақда журналист Шоҳира Ҳамро Facebook’даги саҳифаси орқали маълум қилди.

«Замонавий ўзбек журналистикасида оғир йўқотиш. Ҳозир эшитган хабаримга ишонгим келмайди. Лекин жим туриб ҳам бўлмайди. БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот котиби, таниқли ҳалқаро тоифадаги журналист Бобур Комилов узоқ давом этган хасталикдан сўнг бугун вафот этди. Бу ҳақда ҳозиргина менга "Тўйлар муборак" журналининг бош муҳаррири, Бобурнинг яқин дўстларидан бири Дилдора Зайнутдинова хабар берди.

Биз Бобурни Тошкентда, "PROlogue" халқаро кинофестивали кутаётган эдик. Дилдора орқали Бобур билан боғланиб, кинофестиваль тадбирларида инглиз тилида бошловчилик қилишга таклиф қилган эдик.

Бобур орзулари бир дунё йигит эди. Ўзига хос йўли, ўз овозига эга журналист энди орамизда йўқ. Худо раҳмат қилсин!", - деб ёзди Шоҳира Ҳамро.

Маълум бўлишича, Бобур Комилов даволаниш учун Туркияга кетган эди.

Шунингдек, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳам телеграм каналида журналистни ёдга олган:

"Болалигимдаги хотираларнинг бир қисмида нутқи равон, ўз ишининг устаси бўлган, ақлли журналист сифатида Бобур аканинг сиймоси ҳам ўчмас бўлиб ўрин олган.

Кейинчалик Бобур ака билан кўп тадбирларда учрашдик, айрим жабҳаларда ҳамкорлик қилдик. Бобур ака жуда камтарин, ҳушчақчақ ва самимий инсон эди. Дунёқараши кенглиги учун улар билан суҳбатлашиш шунчаки одамга завқ бағишларди. Соатлаб турли лойиҳалар, ғоялар ҳақида гаплашиш мумкин эди.

Бобур ака илмга чанқоқ эди, шу сабабли интеллектуал лойиҳаларни, илмни доим қўллаб-қувватларди. Жуда яхши эслайман, бундан бир неча йиллар олдин Бобур ака билан ҳамкорликда БМТ ташкил этилган сана арафасида Тошкентдаги талабалар ўртасида "Заковат" турнири ташкил қилгандик. Ўшанда ҳам турнирни савияли ташкил этиш учун Бобур ака роса жонбозлик кўрсатгандилар.

Минг афсуски, шундай инсон бугун орамизда йўқ.

Лекин нима ҳам дердик, ўлим ҳақ, ҳар биримизнинг бошимизда бор савдо. Илоҳим, Бобур Комиловнинг жойлари жаннатдан бўлсин, яхши амаллари ўзи билан бирга бўлсин".

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1