Тошкент вилояти Янгийўл туманида истиқомат қилувчи фуқаро Д.Ю.нинг хонадонидан гиёҳвандлик моддаси топилди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотида қайд этилишича, Янгийўл тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан жорий йил 9 ноябрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида гумондор Д.Ю.нинг хонадони ўрганилган. Фуқаро хонадонини текшириш жараёнида ҳовлидаги хандақ ичидан “Чокотелло“ ва “Нескафе Нан 1“ қутилари топилиб, кўздан кечирилганида, ушбу қутилар ичида 350 граммдан ортиқ “марихуана“ гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланган.
Фуқаро Д.Ю. мазкур ҳолатга изоҳ берар экан, “марихуана“ гиёҳвандлик моддасини ўзи истеъмол қилиши учун сақлаб келаётганини маълум қилган.
Ҳозирда туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаро Д.Ю. га нисбатан жиноят иши қўзғатилган.






