Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «ГEН Узбекистан» ҳамкорлигида «Ёшлар ижод саройи» да Иккинчи глобал тадбиркорлик ҳафталигининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда қатор вазирлик, ташкилот идоралар вакиллари, юқори тажрибали тадбиркорлар ва фаол ёшлар қатнашди. Ҳафталик тадбирлар доирасида хорижий мутахассислар ўртасида бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқиш устидаги машғулотлар, маҳорат дарслари, онлайн очиқ мулоқотлар бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида хусусий бизнес ҳамда давлат органлари вакиллари томонидан ёш тадбиркорларга Ўзбекистонда тадбиркорлик экотизимини йўлга қўйиш, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ҳамда халқаро бизнес бўйича тажриба алмашинуви майдонини яратиш хусусида фикр-мулоҳазалар юритилди. Хорижлик илғор тадбиркорлар ўзаро фикр алмашиш мобайнида ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, ёш тадбиркорларга керакли таклиф ва тавсияларни берган ҳолда ўз фаолиятларидаги муваффақият сирларини очишди.
«Хорижий мамлакатларда экотизимларни ривожлантириш бўйича тажриба» мавзусига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. «Экосистем тадбиркорликнинг йўлбошчиси» мавзусидаги мажлисда Хи Лиу Хитой мамлакати иқтисодиёти ривожланиш йўли ҳақида сўз юритди.
—Ҳафталик давомида 50 дан ортиқ тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. 30 дан ортиқ мамлакатлардан дунё миқёсида юқори натижаларга эришган малакали тадбиркорлар, халқаро бизнес мактабларининг ўқитувчилари иштирокида давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказилмоқда. Тадбирлар давлат идоралари ва ҳукумат вакиллари билан мулоқот, Ўзбекистонда тадбиркорлик бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳадаги муҳим масалалар, давлат бошқарув органларининг тадбиркорликни ривожлантиришдаги аҳамияти билан узвий боғланди.Ҳафталикда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшлар, соҳада фаолият юритаётган идора ва ташкилотлар, 100 дан ортиқ хорижий инвесторлар ҳамда етакчи бизнес вакиллари томонидан Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларида учрашувлар, маҳорат дарслари ташкил этилади. Бу галги ҳафталикда иштирокчилар кенг қамраб олинди. Унда Хитой ва Исроил делегацияси ҳам қатнашяпти, —дейди “Ёшлар – келажагимиз“ жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Илёс Раҳимов. — «Тадбиркорлик давлат равнақи ва миллат бойлигининг асоси» шиори остидаги ҳафталикда Олий таълим муассасаларига ҳам ташрифлар уюштирилиб, талабалар билан суҳбатлар ташкил этилди.Бу эса мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш билан биргаликда, ёшларни ўз шахсий бизнесини ташкил этишда рағбатлантириш учун хизмат қилади.
Глобал тадбиркорлик ҳафталиги ҳар йили дунё бўйлаб 160 та мамлакатда ўтказилиб, маҳаллий тадбиркорлик экотизимини яратиш ва ривожлантиришга кўмак бериш бўйича фаолият олиб боради. Бу галги ҳафталик давомида муваффақиятга эришган тажрибали тадбиркорлар билан ёш тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатлари шакллантирилиб, уларни янги ғояларга илҳомлантириш ва ёшлар орасида бизнес юритиш маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимизда тадбиркорлик экотизимини, бизнесни ривожлантиришда қўл келадиган дунёдаги илғор тажриба ва замонавий воситалар билан ёшларни таништириш ҳамда Ўзбекистонда тадбиркорликни янада ривожлантиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилиб, улар амалиётга татбиқ этилди.
—Глобал тадбиркорлик ҳафталиги Ўзбекистон миллий тадбиркорлик экотизими яратиш, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, чет эл тадбиркорларини мамлакатимизда яратилган ишбилармонлик муҳити билан яқиндан таништириш, тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш учун муҳим катализаторга айланиб бормоқда, — дейди Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази директори ўринбосари Санжар Ҳожиматов.
Ўтган йилда илк маротаба ўтказилган Глобал тадбиркорлик ҳафталиги тадбирларида 10 мингдан ортиқ иштирокчилар, 150 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар иштирок этганди. Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар эътироф этилиб 2018-йилнинг 15-19-апрел кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган Глобал тадбиркорлик конгрессида 170 та мамлакатлар ичидан Ўзбекистон «Йил кашфиёти» сифатида эътироф этилди.
Ҳафталикда АҚШ, Россия, Исроил, Грузия, Эстония, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатлар экспертлари томонидан махсус бизнес машғулотлари, тақдимотлар, маҳорат дарслари, Б2Б учрашувлари ташкил этилмоқда. Бизнес учрашувлар ва келишувлар, тадбиркорлик экотизимини ривожлантиришга қаратилган йиғилишлар орқали инновация ва стартаплар, молия ва инвестициялар, ижтимоий тадбиркорлик, бизнес маданияти бўйича халқаро тажрибалар алмашилди.
Шахноза Нуруллаева






