1

Ички ишлар органи ходимлари ўлимига сабаб бўлган шахсларга жиноят иши қўзғатилди

ЖИНОЯТ 23.11.2018, 10:02
Ички ишлар органи ходимлари ўлимига сабаб бўлган шахсларга жиноят иши қўзғатилди

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, Андижон вилояти Избоскан туман ички ишлар бўлими тезкор вакиллари С.Я. ва И.Х. хизмат вазифасини ўтаётган вақтда бир гуруҳ бўлиб кетаётган фуқаролар шахсини аниқлаш мақсадида уларни тўхтатишади.

З.Т., С.Н., Ф.Ю., Э.Э., А.С., Х.М. ва А.Ж. исмли шахслар ҳуқуқ посбонларининг қонуний талабига бўйсунишни истамайди.

Ички ишлар ходимларига фаол қаршилик кўрсатган А.Ж. телефон орқали укаси С.Ж. ва жияни З.Қ.ни воқеа жойига чақирган. Улар биргаликда ички ишлар ходими С.Я.ни уриб, тан жароҳати етказишган, И.Х.ни эса қўл ва оёқлари билан уриб, қасддан ўлдиришган.

С.Я. олган тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Андижон вилояти прокуратураси томонидан А.Ж., С.Ж. ва З.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “г”, “л”, “п” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бўлинмаси 1-сонли ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили Ж.М. хизмат юзасидан бириктирилган “Дамас” русумли 75/029 VSF давлат рақамли хизмат автомашинасини маст ҳолда бошқараётиб, “Боғишамол” маҳалласи Алишер Навоий кўчасида хизмат вазифасини ўтаётган йўл-патруль хизмати катта инспектори П.Ч.ни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

П.Ч. олган тан жароҳатлари натижасида Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё вилояти филиалида вафот этган.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, П.Ч.нинг ўлимига бош мия ёпиқ жароҳати, кўплаб суяк синиши жароҳатлари, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар прокуратураси томонидан Ж.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1