АсосийJamiyat

“Халқаро бахшичилик санъати фестивали”нинг ғолиби 7000 АҚШ доллари олади

'“Халқаро бахшичилик санъати фестивали”нинг  ғолиби 7000 АҚШ доллари олади'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 22 ноябр куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Унда Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тартиби ва уни 2019 йилда ташкиллаштириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Қарорда қайд этилишича, фестиваль ҳар икки йилда бир марта, 5-10 апрель кунлари Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида ўтказилади. Фестивални ўтказишнинг аниқ санаси ва муддати Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита томонидан белгиланади.

Фестиваль доирасида бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, бахши-шоир, оқин ва жировлар ижодининг шарқ маданияти ва санъатидаги ўрни ҳамда аҳамиятини янада ошириш ва бошқа масалаларга оид илмий-амалий конференция, хорижий ва Ўзбекистон бахшичилик санъати усталарининг якка концертлари, бахши-шоир, оқин ва жировлар ҳамда фольклор жамоаларининг Халқаро кўрик танлови, сайиллар. мамлакатимизнинг дунёга машҳур шахслари ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида замонавий усулда саҳналаштирилган дастур намойишлари, бахшичилик санъати тарихига оид кўргазма, ўзбек, форс, араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилган илмий-тадқиқот асарлари ҳамда илмий-маърифий адабиётлар намойиши ўтказилади.

Кўрик-танловда чиқиш учун фонограммалардан фойдаланишга рухсат этилмайди, лекин таркиби 5 нафар мусиқачидан кўп бўлмаган 1 та чолғу ансамбли жўр бўлиши мумкин, дейилади қарорда.

Халкаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишлари иккита йўналиш бўйича баҳоланади:

Достон ижрочилиги йўналиши;

Чолғу ижрочилиги йўналиши.

Кўрик-танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:

“Гран-при” - 7 000 АҚШ доллари;

I- ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2x5 000 - 10 000 АҚШ доллари;

II- ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича )2хЗ 500 -7 000 АҚШ доллари;

III- ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2x2 500 - 5 000 АҚШ доллари;

Халқаро ҳайъат қарорига мувофиқ лойиқ номзод топилмаганда “Гран-при” берилмайди.

Кўрик-танловда совриндор (лауреат) бўлган иштирокчилар кейинги йилларда ўтказиладиган ушбу кўрик-танловда бошқа иштирок этолмайди, фахрий меҳмон сифатида фестивалга таклиф этилиши мумкин. Кўрик-танловда қатнашиб, ўрин эгалламаган иштирокчи кўрик-танловда қайта қатнашиш ҳуқуқига эга.

Ташкилотчи, ижодий уюшмалар, жамғармалар ва бошқа ташкилотларнинг мустақил равишда ҳайъат аъзолари ва мухлислар эътирофига сазовор бўлган иштирокчилар “Энг ёш бахшичилик санъати иштирокчиси”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу ижрочиси” каби номинациялар ва бошқа номинациялар бўйича махсус диплом ва 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланадилар.

Фестивалнинг хар бир қатнашчисига “Халқаро бахшичилик санъати фестивали”нинг фаол иштирокчиси сертификати берилади.

    Бошқа янгиликлар