1

Янги йил дастурхонига пишириқлар рецепти (фото)

СУҒДИЁНА 29.12.2018, 10:53
Янги йил дастурхонига пишириқлар рецепти (фото)

Бананли пирог

Турмуш ўртоғингизга ёқади!

Зарур масаллиқлар: 200 гр ун, 100 гр шакар, 1 чой қошиқ хамирюмшатгич, бир дона тухум, 80 гр сариёғ, бир чимдим туз; ичига солишга: 3-4 та банан, 3 дона тухум, 3 ош қошиқ шакар, 2 ош қошиқ какао, 180 гр кокос қириндиси.

Тайёрланиши: 1. Эритилган сариёғни шакар билан кўпиртиринг.

2. Туз ва тухум қўшинг.

3. Унга хамирюмшатгични аралаштириб, масаллиқларга қўшинг-да, хамир қоринг.

4. Хамирни ўртача қалинликда ёйиб, пишириқ қоғози солинган қолипга жойланг. Пирог коржи 180 даража қиздирилган газ печига 10 дақиқага қўйилади.

5. 3 дона тухумни шакар билан кўпиртириб, кокос қириндисини қўшинг.

6. Корж юзасига какао сепинг-да, банан бўлакларини териб чиқинг. Сўнг яна какао сепилади.

7. Охирида кокосли аралашмани қуйинг. Пирог 20-30 дақиқага газ печига қўйилади.

Тайёрланиш вақти 20 дақиқа

8 кишилик


Мевали «Птифур»

Байрам дастурхонида севиб ейилади

Зарур масаллиқлар: 2 та бисквит коржи, 200 гр қаймоқ, 1 ст қанд упаси, 100 гр мармелад, 100 гр.дан маймунжон, қулупнай, апельсин ва олча жеми; безак учун: мандарин, музлатилган маймунжон, олча ва қулупнай.

Тайёрланиши: 1. 6 дона тухумдан иккита бисквит коржини тайёрлаб олинг (6 тухум + 1 ст шакар + 1 ст ун). Коржларни қолипсиз, газ печи патнисида пиширганингиз маъқул.

2. 200 гр қаймоққа 1 ст қанд упасини аралаштириб, миксер ёрдамида енгил кўпиртиринг.

3. Думалоқ, учбурчак ва тўртбурчак қолиплар ёрдамида бисквит коржини бўлакларга бўлинг.

4. Учбурчак шаклдаги коржларга қулупнайли, думалоғига олчали, тўртбурчагига маймунжонли ва апельсин жемларини суртиб чиқинг (расмга қаранг).

5. Сўнг коржлар устига крем суртинг ва мева бўлаклари билан безатинг.

Тайёрланиш вақти 45 дақиқа

10 кишилик


«Янги йил» торти!

Бусиз байрам байрам эмас!

Зарур масаллиқлар. Хамирига: 2 ст.дан қанд упаси ва ун, 5 ош қошиқ какао,2 дона тухум, 0,5 ст ўсимлик ёғи,1 ст сут, 1 чой қошиқ сирка, 1,5 чой қошиқ истеъмол содаси, бир чимдим туз, 1 ст қайноқ сув. Кремига: 500 гр қаймоқ, 120 гр шакар, 100 гр музлатилган олча (ёки унинг мураббоси); безак учун: 2 та киви, 1 та анор.

Тайёрланиши: 1. Тухумни миксер ёрдамида кўпиртиринг. Туз, қанд упаси ва сут қўшинг.

2. Ўсимлик ёғи ва какаони солиб, аралаштиринг.

3. Истеъмол содасини сирка билан бирлаштириб, масаллиқларга қўшинг. Ун солиб аралаштиринг. Охирида қайноқ сув қуйилади.

4. Хамирни пишириқ қолипига жойлаб, қиздирилган газ печига қўйинг. Корж ўрта µароратда 40-45 дақиқада тайёр бўлади.

5. Қаймоққа шакарни аралаштириб, миксер ёрдамида крем тайёрланг.

6. Коржни уч қисмга ажратинг. Ҳар бирининг орасига крем суртиб, олча донларини териб чиқинг.

7. Торт устига қуюқ қилиб крем суртилади. Ва парракланган киви ва анор доналари билан безатилади. Ширинлик дастурхонга тортиқ этилгунига қадар музлатгичда тургани маъқул.

Тайёрланиш вақти 1 соат

8 кишилик


«Туррон»

Мазаси оғзингизда қолади!

Зарур масаллиқлар:100 гр.дан бодом, писта, фундук, 150 гр суюқ асал, 100 гр шакар, бир дона тухум оқи, 50 гр қанд упаси.

Тайёрланиши: 1. Бодом ва фундук мағзини 10-15 дақиқага иссиқ сувга солиб қўйинг. Сўнг газ печида қуритиб оласиз.

2. Асални ўрта оловда эритинг. Қайнаб чиққач, шакар қўшинг. Қиём қуйилгунига қадар аралаштириб туринг.

3. Тухум оқини миксер ёрдамида кўпиртиринг. Қанд упасини қўшинг.

4. Кўпиртирилган тухумга оз – оздан асалли қиёмни қўшиб, миксер ёрдамида кўпиртирасиз.

5. Пишириқ қоғози солинган қолипга ёнғоқларни қўйинг (пишириқ қоғози устига ўсимлик ёғи ёки сариёғ суртилади).

6. Ёнғоқлар устидан тухумли аралашмани солинг-да, юзасини текисланг. Ширинлик устини пишириқ қоғози билан ёпиб, 3-4 соатга музлатгичга қўйинг.

7. Тайёр бўлгач, исталган кўринишда кесинг-да, дастурхонга тортиқ этинг.

Тайёрланиш вақти 4 соат

8 кишилик


Лимонли пирожний

Фақат янги рецептлар!

Зарур масаллиқлар. Хамирига: 3 дона тухум, 100 гр шакар, 70 гр ун, 1 ош қошиқ картошка крахмали; лимонли курд учун: 2 дона тухум, 60 мл лимон шарбати, 80 гр шакар, 1 ош қошиқ лимон цедраси; мусс учун: 200 мл қаймоқ, бир дона тухум, 100 гр шакар, 150 мл сут, 1 чой қошиқ желатин, 3 ош қошиқ лимон шарбати, 2 ош қошиқ картошка крахмали.

Тайёрланиши: 1. Тухум сариғини шакар билан кўпиртиринг. Оқини алоµида кўпиртирасиз.

2. Унни картошка крахмали билан бирлаштиринг.

3. Тухум сариғига унли аралашмани қўшинг. Сўнг тухум оқи солинади.

4. Бисквит хамирини пишириқ қолипи солинган патнисга солинг-да, юзасини текисланг. Корж қиздирилган газ печида 8-10 дақиқада пишади.

5. Лимонли курд тайёрлаймиз: лимон шарбати, цедраси ва шакарни алоµида идишда аралаштириб, оловга қўйинг. Тухумни алоµида кўпиртиринг. Лимон қиёми қайнаб чиққач, кўпиртирилган тухумни қўшиб, қуйилгунигача аралаштириб туринг.

6. Лимонли курдни сузгичдан ўтказиб олинг.

7. Мусс тайёрлаш учун лимон шарбатига желатинни аралаштиринг. Алоµида идишда картошка крахмали, 50 гр шакар ва тухумни аралаштиринг.

8. Сўнг илиқ сут ва желатинни қўшиб, қуйилгунигача қайнатинг.

9. Қаймоқни шакар билан кўпиртиринг ва лимонли мусс қўшинг.

10. Бисквит коржини узунасига уч қисмга бўлинг. Ҳар бирининг орасига крем суртинг.

11. Ширинликнинг устки қисмига лимонли курд суртилади (расмга қаранг).

Тайёрланиш вақти 1 соат

8 кишилик


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1