Пойтахтимизда яшовчи ўрта ёшли фуқароларнинг мол мулкига ниқобланган шахслар ҳужум қилди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида лавҳа берилди.
Босқинчилар жабрланувчиларнинг яшаш уйига томдан ошиш йўли орқали ғайриқонуний равишда кириб, уларга нисбатан зўрлик ишлатиб, оёқ қўл ва оғзини скотчбилан ёпиштириб боғлайди. Сўнгра аёллар сумкаси ичидан 9.525 АҚШ доллари, 4.401.000 сўмлик тўрт дона аёллар тилла узуклари, 70.000 сўмлик 2 дона аёллар ҳамёни ва 2.500.000 сўм пулларини, жами 81.104.551 сўмлик мулкни олиб, воқеа жойидан қочишган.
Орадан кўп ўтмай, жиноятчилар қўлга олинган. Ушбу жиноятни Олмалиқ шаҳридаги жазони ўташ муассасасидан қочиб кетган тўрт нафар маҳбус содир этганликда айбланиб судланди. Улар муқаддам қасддан одам ўлдириш, босқинчилик ва оғир жиноятлар содир этишган.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди ҳукми билан улар ўта хавфли рецидевистлар деб топилди ва уларга 15 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, жазони махсус тартибли колонияларда ўташи белгиланди.