АсосийDunyo

Ҳиндистонликлар Махатма Ганди юбилейига нима совға қилишмоқчи

“Сваччх Бхарат!” – “Тоза Ҳиндистон!”. Бугун бу ҳинд сиёсатчи ва амалдорлари ўртасидаги энг машҳур шиордир. Газета саҳифалари бутун мамлакат бўйлаб кўчаларни супураётган вазир, мэр, бошлиқлар суратига тўла.

Бу кампанияга шу йилнинг баҳорида сайловларда ғолиб чиққан ва Ҳиндистонни яхши томонга ўзгартиришга ваъда берган янги бош вазир Нарендра Моди старт берди. Кўринишидан, бош вазир ташқи кўринишга эътибор қаратадиган кўринади. Октбярнинг бошида Моди янги Деҳли кўчаларини шахсан ўзи супурди ва фоторепортерларнинг аппаратлари “бош тозалаш” бошланганлигини эълон қилди.

Кампания мақсади – Ҳиндистонни 2019 йилнинг октябрига қадар, яъни ҳиндистонликлар миллат отаси Махатма Гандининг 150 йиллигини нишонлайдиган санагача тоза мамлакатга айлантиришдир. Модининг таклифига кўра, тозалаш қатнашчиси ўзи билан тўққиз кишини олиб келиши керак, ўз навбатида қолганлар ҳам тўққиз кишидан таклиф қилади.

Масалан, Модининг ўзи машҳур кишиларни таклиф қилди. Улар орасида энг бойлардан бири Анил Амбани, актриса Приянка Чопра, актер Солмон Хон ва машҳур йогачи Баба Рамдевлар бор. Уларнинг ҳаммаси, шунингдек бой магнатлар ҳам кўчаларда супурги билан пайдо бўлишди. Амбани ҳам ўзининг энг яқин дўстларини, яъни Амитабх Баччан ҳамда аёл-боксчи, жаҳон чемпиони Мэри Комни таклиф қилди.

Бу борада бошқа амалдорлар ҳам ортда қолаётгани йўқ. Кампания уч миллиондан ортиқ давлат мансабдорларини қамраб олди, шунингдек мактаб ва коллеж ўқувчилари, обрўли университетлар талабалари ҳам четда қолишмаяпти, дея маълум қилмоқда ОАВ. “Ҳар бир ҳиндистонлик бир йилда тозалаш ишларига 100 соатини ажратиши керак ва шунда биз 2019 йилгача тоза мамлакатни ярата оламиз. Бу Махатма Гандининг 150 йиллик юбилейига муносиб совға бўлади”, - дея ишонч билдирмоқда янги бош вазир.

    Бошқа янгиликлар