Шу йил 1 май куни www.minbar.uz веб-сайтида “Сопи ўзидан: ўзбек фаоллари рус тилига расмий мақом бермоқчи” хабари чиқди. Унда билдирилишича, бир гуруҳ ўзбек фаоллари Ўзбекистон қонунчилигига ўзгартириш киритиб, рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифи билан чиқишган (айнан расмий тил мақоми, давлат тили мақоми эмас! Кўпчилик манбаларда рус тилига давлат тили мақоми берилсин, дейилибди деб ёзишяпти, бу – хато).
Аммо “Minbar.uz”да кўрсатилганидек, фаоллар атиги уч нафар эмас, балки кўпчиликни ташкил этади. Таклиф муаллифлари ўзбек халқининг атоқли олимлари, фан, маданият, адабиёт ва санъат намоёндаларидир. Мен асл манба, яъни www.vesti.uz сайтида эълон қилинган “Русский язык нам не чужой” деб номланган манифестни синчиклаб ўқиб, ўрганиб чиқдик.
Баъзи масалаларда муаллифлар фикрини қўллаймиз. Биринчиси, рус тили – фан тили эканлиги (хоҳлаймизми, йўқми, исталган соҳада илмий изланиш олиб бормоқчи бўлган инсон рус тилини билмаса, олим бўла олмайди, у инглиз тилини мукаммал даражада билса-да, барибир тўлақонли илмий иш ёза олмайди, чунки қайси соҳа бўлишидан қатъий назар, жуда кўп илмий манбалар рус тилида. Бундан ташқари, минглаб Халқаро илмий конференцияларнинг ишчи тилларидан бири сифатида, албатта, рус тили қайд қилинади). Иккинчиси – рус тили МДҲ давлатлари аҳолиси учун ҳали ҳам ўзаро мулоқот тили эканлиги, яъни рус тилини билган одам МДҲнинг исталган ҳудудида таржимонсиз ҳаракат қила олиши, яшаши ва ишлаш мумкинлиги. Учинчиси – шу пайтгача ўзбек адабиёти ва санъати намуналарининг кўпчилиги асосан рус тили орқали жаҳонга машҳур бўлаётганлиги, чунки ўзбек тилидан бошқа тилларга тўғридан-тўғри таржима қилиш энди йўлга қўйиляпти. Тўртинчиси – рус тили БМТ, КХШТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа кўплаб халқаро ташкилотларнинг расмий тили эканлиги. Бешинчиси, Россия-Ўзбекистон муносабатларининг янги сифат босқичига кўтарилгани. Айниқса, олий таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг бошида шахсан Президентларнинг ўзлари турганлиги. Россиядан Ўзбекистон таълим тизимига жуда катта ҳажмдаги инвестицияларнинг киритилаётганлиги.
Яқинда Ўзбекистонда атом саноати ривожланишни бошлади, Лавров Ўзбекистонда АЭС қуриш учун жой ажратилганини маълум қилди, атом саноатини рус тилисиз қандай тасаввур қилиш мумкин? Бу соҳадаги кадрларни ўзбек тилида тайёрлаймизми? Ўзбекларда олдиндан умуман денотати ва тушунчаси бўлмаган соҳанинг терминологиясини рус тилидан эмас, қадимги туркий тилдан оламизми? Наҳотки, миллионлаб одамларнинг ҳаёт-мамоти, хавфсизлиги билан боғлиқ соҳага рус тилини билмайдиган, яъни шу соҳанинг ҳақиқий билимдони бўлмаган одамларни ишга қўямиз? Олтинчиси, фарзандларимизга биздан анчайин йироқ бўлган инглиз тилини зўр бериб ўргатиб ётибмиз, ҳатто баъзи болалар инглизча туш кўраётганликларини айтишмоқда, аммо яқин қўшнилар билан муносабатимиз ва келажагимиз билан боғлиқ муҳим соҳаларда ўта зарурий бўлган рус тилини болаларимизга нима учун ўргатмаслик керак?
Бу фикрларни ўзини ҳурмат қиладиган, ўзини дунёвий одам деб биладиган, рус тили орқали МДҲ давлатларида, умуман, дунёнинг кўплаб ҳудудларида эркин мулоқот қила олиш қобилиятига эга бўлган инсонлар қўллаб-қувватлайди, албатта. Аммо ўзбек зиёлиларининг рус тилини ўрганишга бўлган қизиқишни ошириш, унинг кундалик ҳаётимиздаги ролини тўғри баҳолашга йўналтирилган фикрларини маъқуллаган ҳолда уларнинг айрим фикрларига нисбатан қарши фикрларимни ҳам билдирмоқчиман.
Биринчидан, мурожаат муаллифларининг фикрича, рус тилига расмий тил мақомини бериш ва буни қонунчиликда мустаҳкамлаш вақти етган. Бу – нотўғри фикр. Биз шу кунгача бунинг аксини қилишга уриниб ётибмиз, ахир! Яъни, давлатнинг қонунчилик ва расмий иш юритишида, суд жараёнида, таълимда ўзбек тилининг мавқеи ва нуфузини оширишга интилиб, охирги 30 йил давомида турли соҳаларнинг терминологик луғатларини яратишга ҳаракат қиляпмиз-ку! Интернетда ўзбек тилининг қўлланиш доирасини кенгайтириш, уни бутун дунё глобал тармоғида муносиб ўрин эгаллаши учун тинмай меҳнат қилаётган пайтимизда бундай таклиф – абсурддан ўзга нарса эмас.
Барака топгурлар, ахир бунинг тескариси учун курашишимиз, яъни ўзбек тилининг Давлат тили сифатида БАРЧА СОҲАЛАРДА қўлланишига эришиш, том маънодаги ўзбек тилида иш юритиш тизимини яратиш устида туну кун тинмай изланишимиз шарт ва зарур эмасми? Ахир бунга давлат миқёсида аҳамият бериляпти-ку, бу борада махсус “Йўл харитаси” қабул қилинганлигини улар билмас эканми? Ахир “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилишини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Кенгашининг “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Тошкент шаҳрида ижро этилишини ўрганиш натижалари тўғрисида” 2018 йил 15 ноябрдаги КҚ-456-III сон қарори асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов томонидан 2018 йил 24 декабрда тасдиқланган “Йўл харитаси” мавжуд. Унда белгиланган чора-тадбирлардан ҳаммани хабардор қилиш, уларнинг ижроси учун фақат тор доирадаги мутахассислар эмас, балки бутун ўзбекистонликлар масъул эканликларини англатиб қўйиш зарур! Балки шунда юқоридагидек абсурд таклифлар билдирилмас эдими?
Иккинчидан, муаллифлар кирилл ёзувининг кенг имкониятлари ҳақида гапириб, лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосига ўтиш хато бўлганлиги ва бунинг оқибатида кўпчилик саводсиз бўлиб қолганлигини таъкидлайди. Бу фикрга асло ҳам қўшилиб бўлмайди, зеро бугунги ҳаётнинг шиддати ва замон талаби бунинг аксини исботлаб турибди. Давлат ва ҳукумат миқёсида бу борада ҳам муҳим ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, Бош Вазир ва давлат маслаҳатчиси томонидан 2018 йил 15 майда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси” тасдиқланган. Ишонч билан айтиш мумкинки, кирилл ёзуви асосидаги ўзбек тили алифбоси - ўтмиш. Келажагимиз фақат лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси билан боғлиқ.
Учинчидан, муаллифлар билдирган фикр ва таклифлар ҳар бир оилага, ҳар бир шахсга индивидуал тарзда тааллуқли бўлиб, юқорида таъкидлаганимиздек, рус тилини ўрганиш фойдали ва зарур, аммо унга республика миқёсида расмий тил мақомини бериб, бу ҳақда тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш – йўл қўйиб бўлмайдиган хатодир. Бу ҳолат ўзбек тилининг ривожига салбий таъсир кўрсатади, уни нуфузига путур етказиб, унинг тараққиётини яна неча йиллар ортга суриб юборишга сабаб бўлади.
Тўртинчидан, 2019 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 7 боб, 29 моддадан иборат “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, у мутахассисларнинг муҳокамасига тақдим этилган эди. Хусусан, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Бош Вазир томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 1-банди, яъни “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги лойиҳасини тайёрлаш юзасидан махсус ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ ўз фаолияти давомида соҳа мутахассислари, жамият аъзолари томонидан билдирилган мулоҳазалар тўла ўрганиб чиқди ва уларни инобатга олган ҳолда “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этди. Жумладан, ушбу лойиҳада 1995 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-, 7-, 8-, 10-, 13-, 16-, 18-, 19-, 20-, 21-, 22-, 24- моддаларига ўзгартириш зарурлиги далилланган. Таъкидлаш зарурки, университет томонидан ишлаб чиқилган Қонуннинг янги таҳрири ҳуқуқий соҳада ва миллий қонунчиликда амалга оширилаётган ислоҳотларни ўзида тўлиқ акс эттириш ҳамда “Давлат тили ҳақида”ги Қонунга тўғридан-тўғри амал қилиш, унинг ижросини сўзсиз таъминлаш, шу кунгача давлат ва жамиятда кўзга ташланган кўплаб муаммоларга ечим топишга йўналтирилганлиги билан ажралиб туради.
Мурожаат муаллифлари ичида юристлар бор, улар бу ҳақда атайин билиб туриб таклифлар билдирган бўлиши мумкин. Худо кўрсатмасин, бу янги таҳрирдаги Қонунга рус тилига расмий тил мақоми берилиши ҳақидаги модда киритилса борми, ўзбек тилининг шундоқ ҳам ўта нозик мавқеи бутунлай йўқ бўлади. Бу хатони келажак авлодлар сира кечирмайди! Шунинг учун жамоатчилик бирлашган ҳолда “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги лойиҳасига бу модданинг киритилишига йўл қўймаслигимиз шарт ва зарур.
Иномжон Азимов,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат
ўзбек тили ва адабиёти университети проректори,
филология фанлари номзоди,
Лайло Раупова, филология фанлари доктори
Саодат Муҳамедова, филология фанлари доктори
ЎзА