1

“Avtotest 2.0” электрон ўқув қўлланмаси тақдимоти ўтказилди

HI-TECH 13.12.2014, 12:31
“Avtotest 2.0” электрон ўқув қўлланмаси тақдимоти ўтказилди

Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида “Avtotest 2.0”электрон ўқув қўлланмаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Халқаро миқёсда татбиқ этилаётган ушбу мультимедия маҳсулотининг ишлаб чиқарувчилари унинг яратилиш тарихи, инновацион ғоя ва ахборот иқтисодиёти келажаги ҳақида сўз юритдилар. Эстрадамиз вакиллари  DJ Piligrim ва Лола ушбу учрашувга  махсус меҳмон сифатида таклиф этилдилар. Улар тадбирда транспорт воситасини хавфсиз бошқариш ва йўлларда рўй берадиган бахтсиз ходисалар сонини қисқартиришни тарғиб этувчи "эзгу ният элчиси" сифатида иштирок этди.

Роппа-роса икки йил илгари,  2012 йил 12 декабрда лойиҳанинг биринчи версияси иш бошлаган эди. Айни пайтда Ўзбекистондаги барча автомактаблар ушбу дастурдан муваффақиятли фойдаланмоқда. Халқаро фойдаланувчилар 2014 йилнинг 12 декабридан бошлаб “AvtoTest 2.0”дастуридан турли тилларда фойдаланиш икониятига эга бўлди. “AvtoTest 2.0”электрон ўқув қўлланмасининг мазкур янги версияси 276 соатлик ўқув дастури асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ўзида 2000 дан ортиқ 3D форматдаги видео-тренингларни қамраб олган.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилотининг 2013 йилдаги статистик маълумотларига кўра, ҳар йили автоҳалокатларда 1 миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлади, 50 миллиондан ортиғи турли тан жароҳатлари олади. Уларнинг қарийб ярмини пиёдалар, велосипед ва мотоцикл ҳайдовчилари ташкил этади. 15 ёшдан 29 ёшгача бўлган кишиларнинг ўлимига сабаб бўлаётган ҳолатлар ичида йўл-транспорт ҳодисалари  биринчи ўринда туради.

Шунга кўра, йўлларда хавфсизликни таъминлаш масаласи катта аҳамиятга эга. Бироқ, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб беради, деб айтиш қийин.“AvtoTest”электрон ўқув қўлланмаси йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишни сифат жиҳатидан яхшилаш ва йўллардаги бахтсиз ходисалар сонини қисқартиришда катта ўрин тутади.

Дастурнинг инновацион жиҳати шундаки, у орқали анимациялар ёрдамида осон интерактив таълим олиш мумкин. Бундан ташқари, яқин кунларда дастурдан уйда, сафар вақтида ноутбук ёки планшет ёрдамида фойдаланиш имконияти яратилади ҳамда уяли алоқа телефонлари учун ҳам махсус иловани яратиш кўзда тутилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1