Ялпи мажлисда сенаторлар ишни “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошлади.
Таъкидланганидек, мамлакат тарихида илк бор хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни кафолатлаш билан боғлиқ муносабатлар тўғридан-тўғри таъсир қиладиган ягона Қонун билан тартибга солинмоқда.
Сенаторлар томонидан ушбу Қонуннинг қабул қилиниши гендер бағрикенглик ва тенгликни қонунчилик даражасида таъминлашга хизмат қилишини таъкидланди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг, сенаторлар “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Мажлисда таъкидланганидек, жорий йилнинг ўзида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан бир қанча зўравонлик ҳолатлари қайд этилди. Айрим аёллар содир этилган жиноятлар натижасида жабрланган. Янги Қонун бундай муаммоларнинг олдини олишга, хотин-қизларни маиший ҳаётда, ишда, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда жабр-зулмдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга, Қонунда ҳимоя ордерини бериш ва унинг муддатини узайтириш, тазйиқ қурбонларига нисбатан ҳимоя ордери, ҳимоя ордери мазмуни, шунингдек, ҳимоя ордерида назарда тутиладиган чекловлар назарда тутилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Қонунийлик, хавфсизлик, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, атроф муҳитни ҳимоя қилиш устуворлиги, атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солувчи органлар фаолияти мустақиллиги, очиқлик ва ошкоралик, халқаро мажбуриятларни бажариш ихтиёрийлиги каби атом энергиясидан фойдаланишнинг асосий тушунчалари Қонунда мустаҳкамланмоқда, принциплари белгиланиб, атом энергиясидан фойдаланиш объектлари – ядровий қурилмалар, сақлаш пунктлари, ядровий материаллар, ядровий ёқилғи, ядровий реакторларнинг иссиқлик ажратувчи тўпламлари, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи, радиоактив чиқиндилар назарда тутилмоқда.
Сўзга чиққанлар Қонун атом энергиясини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ва стратегик йўналишни ишлаб чиқиш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиш билан ишни давом эттирдилар.
Қонуннинг мақсади она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлашдан иборат.
Ушбу ҳужжат Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун манфаатдор вазирликлар ва идоралар, илмий доиралар ҳамдафуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди, уларнинг таклиф ва тавсиялари эътиборга олинди. Қонун ҳар томонлама ўрганиб чиқилиб, уни тамомила қайта кўриб чиқиш зарур деган хулосага келинди. Хусусан, сўзга чиққанлар таъкидлаб ўтганларидек, мазкур Қонундаги айрим нормалар унинг номи ва мақсадларига мос келмайди, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг санитария ҳолати, сифати ва хавфсизлиги талабларига риоя қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш механизмлари ўз аксини топмаган, қолаверса бошқа қонунлардаги нормалар мазкур Қонунда такрорланган.
Шундан келиб чиққан ҳолда Олий Мажлис Сенати мазкур Қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ялпи мажлисда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чорагидаги ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи ҳам тингланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати йигирма биринчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.